Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:44

Олмаотада ҳибсда қолаётган ўзбек қочқинлари адвокатлар билан учрашди


Олмаотада ҳибсда қолаётган ўзбекистонликлар адвокатлари билан учрашишга муваффақ бўлди, лекин уларнинг аёллари ҳамон эрлари тақдиридан хавотирда.
Олмаотада ҳибсда қолаётган ўзбекистонликлар адвокатлари билан учрашишга муваффақ бўлди, лекин уларнинг аёллари ҳамон эрлари тақдиридан хавотирда.

Европанинг бир нечта пойтахтида Олмаотада ҳибсда қолаётган ўзбек қочқинларини озод этиш талаби билан норозилик намойишлари ўтказилган бир пайтда Қозоғистон расмийлари ниҳоят ўзбек қочқинларига адвокатлари билан учрашишга рухсат берди. Айни пайтда қочқинлик мақомлари бекор қилинган ўзбекистонликларнинг судга шикоят қилишлари учун вақт камайиб бормқда.


Олмаотадаги Миллий хавфсизлик қўмитаси ва ички ишлар департаменти тергов ҳибсхонасида сақланаётган ўзбек қочқинлари адвокатлари билан учрашдилар. Бу ҳақда Озодликка Олмаотадаги Инсон ҳуқуқлари халқаро бюроси вакили Денис Живага маълум қилди.

- Адвокатлар ҳибсхоналарга киришга рухсат олди. Ҳибсхонада қочқинлар кўп бўлгани учун адвокатлар уларнинг ҳаммаси билан бирданига кўришолмайди. Шунинг учун улар қочқинлар билан бир чеккадан бирма-бир учрашиб, улардан ишонч қоғозларини олиб, судларга даъво аризаларини тайёрлай бошлайдилар,- дейди Денис Живага.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 9 июнидан 11 июнигача Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида ўтказилган “Мигрант” рейди чоғида 30дан зиёд ўзбек қочқини қўлга олиниб, шаҳар ҳибсхоналарига жойлаштирилган ва август ойи охирида бу қочқинларга Олмаота шаҳар миграция департаменти томонидан берилган бошпана изловчи шахс мақоми бекор қилинганди. Шундан сўнг, Ўзбекистон Бош прокуратураси ва Ички ишлар вазирлиги талаби билан ҳибсхонада ушлаб турилган ўзбек қочқинларига Олмаота миграция департаментининг мазкур қарори юзасидан шикоят қилиш учун бир ой мухлат берилган, бироқ шу кунгача уларнинг олдиларига адвокатлар киришига рухсат берилмаётганди.

Бу ҳолат Олмаота ҳибсхоналаридаги қочқинларнинг рафиқаларини қаттиқ ташвишга солди ва улар бу борада кўмак сўраб, халқаро ташкилотларга мурожаат қилдилар. Халқаро ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотларига куни кеча юборилган мурожаатномада улар 8 сентябр куни Қозоғистон расмийлари ҳибсхонадаги қочқинлардан бири - Хуршид Комилов Ўзбекистонга экстрадиция қилинганини, шунингдек, Қозоғистон Бош прокуратураси БМТ қочқинлар иши бўйича олий комиссарлиги Олмаота ваколатхонасининг ҳибсхонада қолган 29 кишига берилмиш қочқинлик мақомини бекор қилгани асосида уларни экстрадиция қилиш ҳақида қарор қабул қилганини ёзадилар ҳамда эрларининг олдига ҳалигача адвокатлар киритилмаганидан хавотир изҳор қиладилар.

Олмаота ҳибсхонасида сақланаётган ўзбек қочқинларидан бирининг аёли 16 сентябр куни турмуш ўртоғининг олдига адвокат киргани унга озгина бўлса-да, умид берганини айтади.

- Биз ҳозир адвокат кирганигаям хурсанд бўлдик тўғриси, - дер экан суҳбатдошимиз ҳибсхонага кирган адвокатлар ўз мижозларининг судга мурожаат қилиши учун керакли ҳужжатларни йиға бошлаганини қўшимча қилди.

Қозоғистон ҳибсхоналаридаги ўзбек қочқинлари ҳолидан хабар топган халқаро ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотлари бу борада тез кунлар ичида қозоқ расмийларига мурожаат билан чиқишларини айтмоқдалар.

Айни пайтда Қозоғистон ҳибсхоналаридаги қочқинларнинг яқинлари ва маҳаллий ҳуқуқ фаолларини бошқа бир хабар ташвишга солиб қўйди. У ҳам бўлса, яқин орада Олмаота шаҳар миграция департаменти ўз ваколатларини Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги қошидаги Миграция полициясига топшириши ҳақидаги хабардир. Бу борада ҳатто ҳукумат қарори тайёрланаётгани айтилмоқда.

Олмаотадаги Инсон ҳуқуқлари халқаро бюроси вакили Денис Живага фикрича, Қозоғистонда қочқинлик мақомини бериш ваколатининг жазо органи сифатида қаралувчи полицияга топширилиши ўзбек қочқинларида, хусусан, ҳибсхонадаги қочқинларда хавотир уйғотиши табиий.

Бироқ бу масала юзасидан изоҳ берган Олмаота шаҳар миграция департаменти директори Гулсара Олтинбекова ҳозирча бунақа ташвишга ўрин йўқлигини, миграция департаменти ҳозирча аввалги тартибда ишлаётганини айтади.

- Ишни топшириш бўйича ҳеч қанақа ҳужжат имзоланмагани учун ҳозирча аввалги тартибда ишлаб турибмиз, - деган Гулсара Олтинбекова бу масала октябр ойида ҳал бўлиши кутилаётганини қайд этди.
XS
SM
MD
LG