Линклар

Афғонистонда парламент сайловлари ўтмоқда


Афғон парламентидаги 249 ўрин учун икки ярим мингдан ортиқ номзод курашмоқда.

Афғон парламентидаги 249 ўрин учун икки ярим мингдан ортиқ номзод курашмоқда.

Толибон жангариларининг таҳдидлари қарамай Афғонистонда парламент сайловлари ўтмоқда. Афғонистонда овоз бериш бошланар экан Толибон жанггарилари парламент сайловининг ўтишига путур етказиш мақсадида пойтахт Кобул ва бошқа бир қанча шаҳарларни ракеталардан ўққа тутди.


Толибон энг кучли ўрнашиб олган Хост вилоятидаги сайлов участкаларидан бирида содир бўлган портлашдан овоз беришни кузатаётган икки афғонистонлик яраланди.

Мамлакат шарқидаги Жалалобод, шимолдаги Бадаҳшон ва Қундуз, ғарбдаги Хирот ҳамда жанубдаги Қандахор вилоятларида ҳам бир қанча сайлов участкалари ва ҳукумат бинолари Толибон ҳужумларига нишон бўлди.

Бу ҳужумлар мамлакат бўйлаб ўтказилаётган сайлов жараёнига нақадар халал бергани ҳозирча номаълум. Аммо, хавфсизлик чоралари энг кучли бўлган пойтахт Қобулдаги сайлов участкаларига фуқароларнинг келиши тўхтамаяпти.

Ўзини Сайид Аҳмад Жамол деб таништирган қобуллик сайловчи икки фарзанди билан Шаҳри Нав мавзесидаги сайлов усаткасига келиб овоз берди.

- Агар ҳукумат сайловчилар берган овозга қараб тузиладиган бўлса бир одамнинг овози ҳам кўп нарсани ҳал қилади, - дейди Сайид Аҳмад Жамол.

Аммо, овоз беришда муаммолар ҳам кузатиляпти. Айрим овоз берувчилар бармоғига суриладиган сиёҳлар тез ўчиб кетаётганидан шикоят қилади. "Овоз бериш учун келган эдим. Овоз бериб бўланимдан сўнг сиёҳ сурилган бармоғимни сувга ботирган эдим, сиёҳ ўчиб кетди. Буни фақат мен эмас, бошқалар ҳам айтяпти. Бундан ташқари сайлов участкаларида регистрация кардларини қайд этувчи мосламалар ҳам йўқ, улар буни қайчи ёрдамида қилишмоқда", - дейди Ториолой.

Сиёҳнинг тез ўчиб кетиши ва регистрация кардларни қайд қилиш механизмининг мукаммал эмаслиги сайловчиларнинг икки ва ундан ортиқ марта овоз бериши учун йўл очмоқда. Сайловларни кузатаётганлар Афғонистон бўйлаб минглаб бунақа холатларни қайд этган.

Аммо, бошқа сайловчилар сиёхдан шикоят қилишмайди.

Бу галги парламент сайловларида рекорд сондаги номзодлар иштирок этишмоқда. Афғонистондаги бугунги сайловдан олдин икки ярим мингдан ортиқ номзод парламент қуйи палатасидаги 249 ўрин учун ташвиқот кампаниясини олиб борди.

Бундан ташқари, уларнинг орасида ёшлар ва хотин-қизларнинг сони аввалгисига қараганда анча кўп. Икки ярим минг номзоднинг 386 нафари аёллардир.

Сайловчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун 115минг полиция кучлари ҳамда ҳарбий ҳизматчилар жалб этилган.

Афғонистонда 5800та сайлов участкаси бўлиб, уларнинг мингдан кўпи хавфсизлик важидан ёпиб қўйилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG