Линклар

Афғонистонда сайловда берилган овозлар саналмоқда


Афғонистон Сайлов комиссияси шанба куни бўлиб ўтган парламент сайловида берилган овозларни санашни бошлади.

Жараённи кузатаётган Озодлик мухбирига кўра, овозларни тўлиқ санаш учун бир неча кун кетиши мумкин. Айни пайтда сайловда овозларни сохталаштиришга уринишлар бўлгани ҳақидаги аризаларни текширишга ҳам кўп вақт талаб этилиши мумкинлиги айтилмоқда.

Аммо, Афғонистон Сайлов комиссиясининг шикоятлар билан ишлаш бўлими раҳбари Сайёд Мурод Шарифий бу масалада некбин эканини айтмоқда.

- Шу пайтгача қабул қилинган аризалар — барчаси жам қилинган тақдирда ҳам — сайловнинг ҳаққонийлигига путур етказади, деб ўйламайман. Аммо, шундай бўлса-да, бу ҳақда ҳали аниқ бир гап айтишга эрта, деди Афғонистон Сайлов коммисияси расмийси.

БМТ, НАТО ва Европа Иттифоқи расмийлари Толибларнинг таҳдидларига қарамай, мамлакатда ўтказилган парламент сайловларини олқишлади.

Афғонистон Ички ишлар вазирлиги ҳозирга қадар аниқлаган маълумотларга кўра, шанба куни мамлакат бўйлаб амалга оширилган ҳужумлар чоғида камида 11 фуқаро ва 3 полициячи қурбон бўлган. 33 жойда бомба портлаган, 63 марта ракета ҳужуми уюштирилган.

Аммо, сайловчиларнинг сайловдаги иштирокига оид расмий рақамлар ҳали эълон қилингани йўқ. Расмий рақамлар овозларни санаб бўлгандан сўнг ойдинлашиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG