Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:19

Тожикистоннинг Рашт водийсида яна отишма рўй берди


Ўтган ойда Душанбеда 25 маҳбус қочганидан бери Тожикистоннинг турли минтақаларида хавфсизлик чоралари кучайтирилган.
Ўтган ойда Душанбеда 25 маҳбус қочганидан бери Тожикистоннинг турли минтақаларида хавфсизлик чоралари кучайтирилган.

19 сентябр куни эрталаб Ғарм туманидаги Камароб довонида ҳукумат аскарлари номаълум гуруҳ томонидан ўққа тутилган. Бир неча соат давом этган отишма натижасида уч аскар ҳалок бўлган ва яна икки киши яраланиб, туман касалхонасига ётқизилган.


Тожикистон шарқидаги Ғарм туманининг Камарова довонида 19 сентябр эрталаб ўқ овозлари эшитилган.

Бу борада Ғарм туманидаги маҳаллий аҳоли Озодликнинг тожик хизматига хабар қилди.

Уларнинг айтишича, 19 сентябр эрталаб Камарова довонидаги Шулмак ва Шулеи қишлоқларида жойлашган ҳукумат ҳарбийларига “Урал” русумидаги юк машинасида келган номаълум қуролланган гуруҳ ҳужум уюштирган.

Бир неча соат давом этган отишма натижасида, дейди Ғармдаги норасмий манба, Тожикистон Мудофа вазирлигининг уч аскари ҳалок бўлган ва яна икки аскари оғир ҳолда туман касалхонасига ётқизилган.

- Ғарм туманига марказдан қўшимча кучлар юборилагнидан сўнг жанггарилар чекинди. Камаровага марказдан иккита ҳарбий вертолёт ва иккита танк юборилди. Ҳозир вертолётларнинг бири Камарова тепасида айланиб юрибди. Бошқа вертолёт эса ортга қайтарилди, дейди Ғарм туманидан телефон қилган аммо исми ошкор этилишини истамаган манба.

“Авесто” ахборот агентлиги Ғармдаги ишончли манбага таяниб, мудофа вазирлигининг ҳалок бўлган аскарлари сони 10 нафарга етганини маълум қилди.

Воқеа тафсилотларини ўрганиш мақсадида дастлаб Тожикистон Мудофа вазирлигига сим қоқдик.

Телефон гўшагини кўтарган матбуот хизмати бошлиғи Фариддун Маҳмадалиев бу хабарларни тасдиқлади, лекин тафсилотларини ошкор қилмади.

Тожикистон Ички ишлар вазирлигининг овози ёзиб олинмаслик шарти билан суҳбатлашган ходими Маҳмадулло Асадуллоев эса 19 сентябр куни эрталаб Рашт водийсида ҳукумат кучларига Миллий хавфсизлик қўмитасининг вақтинча сақлаш ҳибсхонасидан қочган маҳбуслар ҳужум қилганини билдирди.

Расмийга кўра, Рашт водийсида маҳбусларни тутиш амалиёти бошланганидан бери бу ҳудудда вазият тобора кескинлашаётир.

Шунингдек ички ишлар вазирлиги расмийси 19 сентябрга ўтар кечаси Файзобод туманининг Чанорҳо қишлоғида ҳам отишма бўлганини айтиб, тафсилотларни беришдан тийилди.

Айни дамда Душанбедан 75 километр жануб шарқда жойлашган Файзобод туманида ҳукумат куч ишлатар тизим ходимлари ўртасида ўзаро низо чиққани борасида хабарлар келмоқда.

Айтилишича, ўзаро низолар чоғида Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг уч ходими яраланиб, Файзобод туман касалхонасига ётқизилган.

Аммо Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитасидаги манба бу хабарни тасдиқламади.

Шу ўринда айтиб ўтсак, ортда қолган ҳафта давомида Тожикистон куч ишлатар идораларининг раҳбарлари кутилмаганда Рашт водийсига сафар қилган эди.

Расмий манбалар бу вазирларнинг ишчи сафари эканини ва улар ҳибсдан қочган маҳбусларни тутиш амалиётларини яқиндан кузатиш мақсадида у ёққа борганларини маълум қилган эди.

Аммо норасмий манбалар Тожикистон Мудофа ва Ички ишлар вазирлари Шерали Хайруллоев ва Абдураҳим Қаҳҳоров ҳамда Миллий хавфсизлик раиси муовини Мансуржон Умаров бошлиқ марказдан келган ҳукумат гуруҳи Рашт водийсидаги собиқ дала қўмондонлари Мирзохўжа Аҳмадов ва Шоҳ Искандаровлар билан учрашганини айтган эди.

Ҳафта бошида Тожикистон Ислом уйғониш партиясининг Рашт туманига сафар қилган масъули Саидумар Ҳусайн айтишича, ўзаро музокара чоғида расмийлар собиқ қўмондонлар билан учрашган ва Рашт водийсида яшириниб юрган Мулло Абдулло ва унинг гуруҳини тутишга кўмаклашишни сўраган. Ўз навбатида ҳукумат одамлари собиқ қўмондонлар хавфсизлиги тўла таъминланишини ваъда қилган, деган эди Ҳусайни жаноблари.

Шу ўринда эслатиб ўтсак, жорий йил август ойи охирларида Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг вақтинча сақлаш изоляторидан турли жиноятларда айбланиб, узоқ йилларга қамалган 25 маҳбус қочган эди.

Шу кунгача улардан 7 нафари Ваҳдат, Файзобод, Рудаки ва Абдураҳмони Жомий туманларида маҳаллий аҳоли ёрдами билан миллий хавфсизлик ходимлари томонидан қўлга олинган эди.

Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитаси ва Ички ишлар вазирлиги масъуллари қолган 18 нафар маҳбус Тожикистон шарқида, Рашт ва Тавилдара тоғларида яшириниб юргани ва уларга Ўзбекистон Исломий Ҳаракати фаолларидан бири Мулло Абдулло қўмондонлик қилаётганини тахмин қилмоқда.


Маълум бўлишича, бу гуруҳни тутиш мақсадида айни пайтда Рашт водийсига ҳукумат армиясининг жуда катта гуруҳи сафарбар қилинган.

- Бу ерга ҳар куни 200 тагача солдат киритилмоқда. Тоғлар, масжидлар тўлиб кетган. Ҳукумат одамлари ҳибсдан қочган маҳбуслар шу ерга яширинганини айтишмоқда. Лекин маҳбуслар орасида бирорта ғармлик, бизнинг биродарларимиз йўқ. Нега бу ёққа келишсин улар? Худо кўрсатмасин бирор низо чиқиб қолса, яна халққа жабр бўлади. Бу ҳукумат бизга қарши амалиётларини бошлаш учун бошқа баҳона топа олмаяпти, лекин биз бардошлимиз, дейди номи ошкор қилинмаслигини сўраган Ғарм туманидаги собиқ дала қўмондонларидан бири.


Мақолани эълон қилаётганимизда Тожикистон Ички ишлар вазирлигидаги манба Озодликка сим қоқиб, куннинг иккинчи ярмида вазирлик биносида Камаровадаги ҳодиса юзасидан куч ишлатар тизим раҳбарлари ва масъуллари иштирокида шошилинч йиғилиш бошланганини ва ҳозиргача давом этаётганини маълум қилди.

XS
SM
MD
LG