Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:38

Афғон сайловларида қонунбузарликлар рўй бергани ҳақида хавотир бор


Афғонистон расмийлари шанба кунги парламент сайловида берилган овозларни санашни бошлади.
Афғонистон расмийлари шанба кунги парламент сайловида берилган овозларни санашни бошлади.

Афғонистон Сайлов комиссияси шанба куни бўлиб ўтган парламент сайловида берилган овозларни санашни бошлади. Овозларни тўлиқ санаб бўлиш ва қонунбузарлик тўғрисидаги шикоятларни кўриб чиқиш учун бир неча кун вақт кетиши мумкинлиги айтилмоқда.


Афғонистон Сайлов комиссияси расмийлари шанба куни бўлиб ўтган парламент сайловларида йиғилган овозларни санашни бошлади.

Сайлов ғолибларини аниқлаш ҳаракатлари бораётган бир кезда бу тадбирни бузишга уринган Толибларнинг ҳужумларига оид маълумотлар ҳам ойдинлашмоқда.

Афғонистон Ички ишлар вазирлигга кўра, ҳозирга қадар аниқлаган маълумотларга кўра, шанба куни мамлакат бўйлаб амалга оширилган ҳужумлар чоғида камида 11 фуқаро ва 3 полициячи қурбон бўлган. 33 жойда бомба портлаган, 63 марта ракета ҳужуми уюштирилган.

Шунингдек, сайлов комиссиясининг ўғирлаб кетилган уч ходимининг жасадлари топилди. Йигирмадан ортиқ ходим эса овоз бериш чоғидаги зўравонликлар пайтида жароҳатлангани хабар қилинди.

Айни айтда НАТО ҳарбийлари шанба куни тадбир чоғидаги қурбонлар сони бундан кўпроқ — 22 нафарни ташкил этгани, улар орасида хориж аскарлари ҳам борлигини айтмоқда.

Афғонистон расмийларига кўра, парламент сайлови чоғида кузатилган зўравонликлар сони ўтган йили бўлиб ўтган президентлик сайловидагига нисбатан озайган.

Аммо, шундай таҳдидлар остида сайловчиларнинг сайловдаги иштироки қандай бўлганига оид расмий рақамлар ҳали эълон қилингани йўқ. Рақамлар овозлар санаб бўлинганидан сўнг ойдинлашиши кутилмоқда.

Айни пайтда сайлов чоғида сохтакорликка йўл қўйилганига оид хавотирлар ҳам бор. Мамлакатда мустақил тарзда жамоат сўровлари ўтказиб борадиган "Озод ва эркин сайловлар" жамғармаси эълон қилган баёнотда сайлов сифати борасида жиддий хавотирлар билдирилган.

Ташкилот раҳбари Жондод Спингар баъзи вилоятларда сохта варақалар билан қутилар тўлдирилгани, бир кишининг бошқалар номидан овоз бергани ва балоғат ёшига етмаганларнинг овоз бергани қайд этилганини маълум қилди.

- Агар шу таҳлит қонунбузарликларга оид шикоятлар мавжуд механизмлар асосида қонуний йўл билан кўриб чиқилмаса, бу сайловнинг ҳаққонийлигига жиддий салбий таъсир кўрсатиши мумкин, деди Афғонистондаги Озод ва эркин сайловлар жамғармаси раҳбари.

Аммо Афғонистон Сайлов комиссиясининг шикоятлар билан ишлаш бўлими раҳбари Сайёд Мурод Шарифий бу масалада нисбатан некбинороқ фикрда эканини айтмоқда.

- Шу пайтгача қабул қилинган аризалар — барчаси жам қилинган тақдирда ҳам — сайловнинг ҳаққонийлигига путур етказади, деб ўйламайман. Аммо, шундай бўлса-да, бу ҳақда ҳали аниқ бир гап айтишга эрта, деди Афғонистон Сайлов коммисияси расмийси.

Ҳозирга қадар БМТ, НАТО ва Европа Иттифоқи расмийлари Толибларнинг таҳдидларига қарамай, мамлакатда режалаштирилган парламент сайловлари ўтказилганини олқишлади.

Жумладан, БМТ Бош котиби Бан Ки Мун афғонистонлик сайловчиларни "жасорати ва журъатли қарори" учун олқишлади.

XS
SM
MD
LG