Линклар

Ўзбекистон раҳбари Ню Йоркка жўнаб кетди


Ўзбекистон Президент Ислом Каримов якшанба куни БМТнинг Мингйиллик ривожланиш масалаларига бағишланган саммитида қатнашиш учун Ню Йоркка жўнаб кетди. Кейинги 10 йилда биринчи марта БМТ Бош Ассамблеясида қатнашётган Каримов йўл-йўлакай Лондонда ҳам тўхтаб ўтди.

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг хабар қилишича, президент Каримов Лондонда “Британия-Ўзбекистон” жамияти раиси, Савдо ва саноат бўйича Ўзбекистон ва Британия кенгаши ҳамраиси Хартли Бут ва “Британия-Ўзбекистон” парламент гуруҳи раиси Жон Вейверли билан учрашган.

Ўзбекистон раҳбарининг 20 сентябр куни Ню Йоркда бошланадиган БМТ Бош Ассамблеясида нутқ сўзлаши кутилмоқда.

Мингйиллик ривожланиш масалаларига бағишланган йиғинда қашшоқлик, очлик, юқумли касалликлар ва бошқа хасталикларни камайтириш бўйича 2000 йилда БМТ Бош Ассамблеяси қабул қилган 2015 йилгача бўлган режалар қандай бажарилаётганига оид масалалар муҳокама қилинади.

ЎзА агентлигига кўра, Каримов Ню Йоркка БМТ Бош котиби Бан Ки Мун таклифига биноан жўнаб кетган.

Айрим кузатувчилар БМТ йиғини доирасида Ўзбекистон раҳбарини АҚШ президенти Барак Обама қабул қилиши мумкинлиги айтмоқда.
XS
SM
MD
LG