Линклар

Ўшни тозалаётган ўзбекларнинг кунлик маоши тортиб олинмоқда


Ўшни вароналарда тозалаш учун ўзбекларга берилаётган 300 сом пул ҳам тортиб олиняпти.

Ўшни вароналарда тозалаш учун ўзбекларга берилаётган 300 сом пул ҳам тортиб олиняпти.

Июн воқеаларидан кейин вайроналарга айланган Ўшнинг ўзбек маҳаллаларини тозалаётган ўзбекларга халқаро ташкилотлар кунига 300 сомдан пул тўламоқда. Бироқ улар бу пулни ишлатиб улгурмай, қирғиз аскарларига олдириб қўймоқда.


Ортиқча чанг кирмасин учун оғзини дока боғич билан тўсган, бошидан оёғигача чангга бурканган ўшлик ўзбеклар эрталабдан кечга қадар ёниб кетган уйларни ахлатлардан тозаламоқда. Улар куйиб битган уйларини тиклаб олишга умид қилмоқда.

Хавфсизлик мақсадида Озодлик билан исми сир тутилиши шарти билан гаплашган ўшлик йигитлар ҳарбий кийимдаги кишилар уларга тўланаётган 300 сомни тортиб олаётганини гапириб берди.

- Кўришди пул олганимизни. Кўриб, пойлаб турган экан. Маршруткадан тортиб олганидан кейин, қандай тушунса бўлади? Ҳарбий кийимдаги икки кишини жўнатиб, нарироқда машинада пойлаб ўтиришди. Чертиб қўйсангиз, битта тугмаси узилиб қолса нималар қилиб ташайди. Бўлмаса, биз пийпалаб ташлаймиз уларни. Ҳарбий-да у, қўрқамиз. Обориб тиқиб қўяди, тегиб қўйсангиз. Буларни каттасига айтдик, “чора кўрамиз”, дейишаяпти. Чораси ҳам бўлмаяпти-да, дейди ҳарбийларга пулини олдириб қўйган ўшликлардан бири.

Ўш вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи биринчи ўринбосари Марат Орозбаев “Озодлик” билан суҳбатда қирғиз ҳарбийлари ўзбекларнинг пуллари олиб қўйяётгани ҳақидаги хабарларни оддий миш-миш дея атади.

- Бу факт бўйича ҳеч ким, ҳеч қандай ариза билан мурожаат қилгани йўқ. Бундай миш-мишлар милиция ходимларини қоралаш учун тарқатилмоқда. Бундай ходисалар бизда қайд этилмаган, деди Ўш вилояти ички ишлар бошқармаси расмийси Орозбаев.

Бироқ Озодлик билан гаплашган ўшлик аёллардан бири қирғиз ҳарбийларининг ўзбек йигитларидан пулларини тортиб олаётганига шахсан гувоҳ бўлганини айтади. Ўшлик ўзбеклар суҳбатдошимизнинг маҳалласида ҳам вайронага айланган ховлиларни тозаламоқда.

- Улар соат 8дан 5гача ишлаяпти. Орасида 15 яшари ҳам бор, 60га киргани ҳам бор эркакларимизни. Кунлигини кунда олишади. “ACTED”дан 300 сом олади чангга буланиб. Кейин солдатлар дўппослаб туриб, пулини олиб, қувлашаяпти. Масалан, менинг ўзим гувоҳи бўлдим. Иккита солдат бола бизнинг уйимизни тозалаб чиққан болаларни ушлаб олган эди. Мен бақир-чақир қилиб олиб қолдим. Солдат болаларга “нима учун бундай қилдинг?” десам, “вазифамиз” деди. Ундан кейин кетди. Нариёқда хўжайинлари машинасини қўйиб қўяпти скверни чеккасига. Улар [солдатлар] пулни йиғиб келишаяпти. Кейин мана бу ерда лўлилар темир юклаган эди “Тико” га. Шоферидан пулни олиб элтиб бераяпти, дейди ҳарбийларнинг бедодликларига гувоҳ бўлган аёл.

“ACTED” - “Техник ҳамкорлик ва ривожланиш агентлиги” ўзбек маҳалларида инсонпарварлик ёрдамини тарқатиб келаётган халқаро ташкилотлардан биридир. “ACTED”нинг Ўшдаги ваколатхонаси мавзу хусусида берган саволларимиз изоҳламади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG