Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:56

Ўшликлар адолатни Европада топишга умидвор


Ўш қирғинидан уч ойдан ортиқ вақт ўтиб ўзлик ўзбекларнинг ўз ватанларида адолат қарор топишига умидлари қолмади.
Ўш қирғинидан уч ойдан ортиқ вақт ўтиб ўзлик ўзбекларнинг ўз ватанларида адолат қарор топишига умидлари қолмади.

Июн қирғинида жабрланган қирғизистонлик ўзбекларнинг маҳаллий ҳуқуқ-тартибот органларига қилган шикоят аризалари ҳануз эътиборсиз қолмоқда. Мана шундай шароитда ўзбекларнинг адолатни халқаро ташкилотлардан излашдан бошқа чораси қолмайди. Лекин адолатни мамлакат ташқарисидан ҳам топиш амри маҳолга ўхшайди.


Ўшлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Иззатулло Раҳматуллаевнинг айтишича, июн воқеалари давомида уйсиз қолган ўзбеклар кўрган зарарлари тўғрисида Молия полициясига мурожаат қилган эди.

- 100 фоиз деб айта олмайман. Қандайдир бир 80 фоиз жабрланган аҳоли Молия полициясига мурожаат қилган. Бироқ шу кунгача Молия полициясидан бирор-бир жавоб йўқ.

Озодлик: Жавоб бўлса, қанақа жавоб бўлиши керак эди Молия полициясидан?

- Молия полициясидан жавоб бўлса, ана шу ҳар битта конкретний ишни кўриб чиқиб, етказилган зарарни тўлаб бериш бўйича делолар судга ўтиб, суд қарори бўлиши керак эди. Бироқ¸ шу кунгача бирортаси йўқ.

Озодлик: Яқинлари ўлдирилганларчи? Улар кимга мурожаат қилаяптию уларнинг мурожаатларига қандай жавоб бўлаяпти?

- Яқинлари ўлдирилган бўйича мана шу кунгача бирорта жиноий иш очилганидан менинг хабарим йўқ, дейди ўшлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Иззатулло Раҳматуллаев.

Ўшлик миллати ўзбек бир адвокат эса жабр кўрган ўзбекнинг жиноятчига айлантирилаётгани тўғрисида айтиб берди.

- Ўша тўполон кунлари қирғизлар келиб, ўзбекларнинг уйига кириб, бор нарсасини ўғирлаб, юкларини машинага юклаб уйни ëққани кирганда ушлаб олишган иккита болани. Уйида сақлаб туриб, эртаси куни комендантуранинг одамларига “мана бунақа қилиб биз ушлаб олдик” деб берган. Ҳозир ушлаб олганларнинг устидан суд бўлаяпти. Гўë незаконний лешение свободи, заложник деган статяларни қўйиб, уже суд бошланган, дейди ўшлик миллати ўзбек бир адвокат.

Ўшнинг Фузулий кўчасида яшайдиган бир ўзбек оиласининг бошига тушган иш тўғрисида айтиб берди исмини айтмаслигимиз шарти билан гапирган адвокат.

Мана шундай шароитда (шароитнинг оғирлигини тушуниш учун эса, ҳеч йўқ жалолободлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Азимжон Асқаровнинг умрбод озодликдан маҳрум қилинганини эсланг) қирғизистонлик ўзбекларнинг адолатни четдан излашдан бошқа чораси қолмайди.

Халқаро ташкилотларга мурожаатлар эса, қирғиндан кейиноқ бошланган. Хабарларга қараганда, Германиядаги Инсон ҳуқуқлари халқаро жамияти куни кеча ўшлик ўзбеклардан тушган 1069 та аризани кўриб чиққан.

Қирғизистонлик ўзбекларнинг ариза ва шикоятларини ўрганиш билан қароргоҳи Парижда жойлашган Инсон ҳуқуқлари Марказий Осиё ассоциацияси ҳам шуғулланмоқда.

Ташкилот вакили Надежда Атаеванинг айтишича, Ўшдаги фаоллар ёрдамида жуда кўп маълумот йиғилган.

- Ўша фаоллар хизмати билан 3400 кишининг жабр кўргани тўғрисида маълумот тўплаганмиз, ихтиёримизда 2000 дан зиёд ариза ҳам борки, арздорлар ўз манфаатларини айнан бизнинг ташкилот ҳимоя қилишини сўраган, деди Надежда Атаева.

Хўш, ташкилот бу аризаларни нима қилади, уларни кўтариб қаерга боради?

Надежда Атаеванинг айтишича, тинч аҳолига қарши жиноят қилганликда гумон қилинган давлат амалдорлари устидан Европанинг Буюк Британия, Испания, Франция, Германия каби давлатларида арз қилиш мумкин. Бундай имконият шу давлатлар қонунларида назарда тутилган.

Фақат жиноятчини жазолаш йўлидаги бу имкониятнинг бир заиф жиҳати бор: жиноятчиликда гумон қилинган амалдор тилга олинган мамлакатлар ҳудудида қўлга олиниши керак.

Бормасачи ўша давлатларга?

Шу ўринда собиқ Югославия бўйича Халқаро суд ёдга тушади. Мана шундай судлов уюштириш иложсизми?

Бу саволга жавобан Надежда Атаева бундай деди:

- Бундай суд ҳақида агар у ёки бу мамлакат Халқаро Рим статутини имзолаган бўлсагина гап бўлиши мумкин. Қирғизистон эса, Рим статутини ратификация қилган эмас. Муаммо мана шундадир, дейди Надежда Атаева.

Лекин, деб давом этади Надежда Атаева, ноумид бўлмаслик керак.

- Вазият ҳар доим ҳам кутилмаганда ўзгариб қолади. Шунинг учун ҳам бепарво бўлмаслик, умидсизликка тушмаслик керак. Тинч аҳолига қарши амалга оширилган ва балки, амалга оширилаётган ҳар бир жиноятни ҳужжатлаштириб бориш лозим. Ишончим комилки, Қирғизистон жамиятининг ўзи жиноятчиларни муносиб жазолаш даражасига ўсиб етади. Бунинг учун мамлакатда фуқаролик жамияти шаклланишга улгурган. Қолаверса, қирғизистонлик ўзбеклар жамоасида ҳам сифат ўзгаришлари кузатилмоқдаки, жиноятчиларни жазолаш перспективаси йўқ эмас, дейди Надежда Атаева.
XS
SM
MD
LG