Линклар

Россия Полшага Закаевни экстрадиция қилиш ҳақида сўров жўнатди


Россия Бош прокуратураси Полшага чечен айирмачилари етакчиси Аҳмад Закаевни экстрадиция қилиш ҳақидаги сўров жўнатди.

Прокуратура матбуот вакили Марина Гридневага кўра, Закаев жиноятларини ҳеч бир шаклда оқлаб бўлмайди. Москва расмийлари Закаевни 90-йилларда Россия қўшинлари ва чечен қаршилик ҳаракати ўртасида давом этган урушда жиноятлар содир этганликда айблаб келади.

Ўтган ҳафта Закаев Варшава яқинида жойлашган Пултуск шаҳрида икки кунлик Жаҳон чеченлар форумида қатнашиш учун Полшага борганида ҳибсга олинган ва Варшава суди қарори билан озод этилган эди.

Суд ўз қарорини Закаевга Европа Иттифоқи давлатларидан бири унга сиёсий бошпана бергани билан изоҳлаган. Ўз навбатида Варшава суди агар Россия томони лозим бўлган далилларни тақдим этса, Закаевни экстрадиция қилиш масаласини кўриб чиқиши ҳақда билдирди.

Кеча Закаев Варшавадан Лондонга қайтиб кетди. Британия 2003 йилда Закаевга сиёсий бошпана берган ва ўшандан бери Закаев Британияда яшаб келмоқда.
XS
SM
MD
LG