Линклар

Эркин микрофон - Шоирлар сиғинган ўшал юрт қани?

  • Садриддин Ашур

Шавкат Раҳмон ўз шеърларини ўзбек халқининг оғир аҳволга тушиб қолишини билиб ёзгандай туюлади, дейди суҳбатдошларимиз.

Шавкат Раҳмон ўз шеърларини ўзбек халқининг оғир аҳволга тушиб қолишини билиб ёзгандай туюлади, дейди суҳбатдошларимиз.

"Эркин микрофон"га қўнғироқ қилган суҳбатдошларимизнинг ҳукумат пахта "плани"ни тўлдириш учун ўзбекистонликларни не куйларга солаётгани, бир қўли йўқ одамнинг ногиронлик имтиёзлардан маҳрум қилингани ҳақидаги ҳикоялари суҳбатдошларимиздан бири шоир Шавкат Раҳмондан келтирган сатрни ёдга солади.


“Бола пахтага чиқмагани учун отага жазо”


Паркент тумани ҳокимияти болалар пахтага чиқмагани учун ота-оналарга антиқа жазо усулини қўллашяпти, дейди ўз исмини айтишни истамаган паркентлик суҳбатдошимиз:

- Тошкент вилояти, Паркент тумани қишлоқларида коллеждан пахтага бормаганларнинг уйларига милиция, электрчилар, газчилар келиб, уйидаги гази ва светини узиб кетди. Болалари пахтага бормагани учун газини, светини узиб ташлади. Неут қишлоғида Қодиров Тоҳир, Умаров Рустам, Аралбоев Шукурнинг уйида свети билан газини қирқиб ташлади, дейди Паркентдан қўнғироқ қилган суҳбатдош.


“Одамдай яшаш учун имкон қолмади”

дейди Қашқадарё вилоятининг Қарши туманидаги Ниёзмудин қишлоғидан қўнғироқ қилган Саломатхон Обидова:

- Менинг турмуш ўртоғим вафот этганига тўрт йил бўлган. Кам таъминланган оила ҳисобида тураман. Иш қидирдим, лекин топа олмадим. Ўзим ҳеч қаерда ишламайман. Боқувчисини йўқотганлик нафақаси билан кун кўраман. Бугун келиб уйимиздаги светни ўчириб кетган. Иш қидириб бирор жойга мурожаат қилсангиз, иш ҳам бизнес йўлига ўтиб кетган. Мана "Термопласт", деган корхона бор. У ëққа ишга кираман десам, 2 миллион сўм сўраб ўтирибди. Болницага санитаркаликка, фаррошликка ишга кираман десам, 300-400 минг сўраяпти. Мурувват уйига ишга кираман деасм, 800 минг сўрайди. Қандай қилиб ишга кириш керак?

Ўтган йил фарзандимнинг биттасини даволатаман, деб миллион сўмлаб қарз бўлиб кетган эдим. Қарзимни узиб бўлай деганимда, мана 300 минг сўмча қарзим қолган эди, светга пул тўлай олмасам, солиққа пул тўлай олмасам, маҳалласи қарамаса, бошқаси қарамаса, моддий ëрдамни ҳам уруш-жанжал билан ўтказсам, болаларнинг нафақаси ҳам уруш-жанжал билан. Ҳаммаси порахўрликка ўтиб кетган. Болаларнинг нафақасини оламан десангиз ҳам фалон минг сўм сўрайди. Ҳамма нарса пора, пул. Пулнинг уйи куйсин. Нима қилиш керак бизларга ўхшаганларда яшашга иложи бўлмаса? Ўлдирсин, отиб ташласин. Нима керак бунақа ҳаëт?

У ëққа, бу ëққа чиқиб, унисининг ўтини ўриб, бунисининг ишини қилиб, кунимни кўриб юрган эдим оладиган пулимни қарзга бериб. Мана энди совуқ тушиб келаяпти. Лойигача ўзим қилсам, бошқасигача ўзим қилсам, нима қилишим керак? Ҳозир ҳам икки марта телефон қилган экансизлар. Лой хандақда эдим. То қўлимни ювиб телефоннинг олдига келаман, дегунча телефон ўчиб қолди. Эсимни таниганимни биламан лой хандақдан чиқмайман. Бир жойга чиқиб ишлай десам, қандай ишхонага борсам, пул сўрайди. Пулни қаердан топиб бераман? Нима қилай, қаерга борай? Ўзимга, болаларимга ўт қўяйми ë жалабхона очайми? Ë одам савдоси билан шуғулланайми? Айтинглар нима қилай? Нима қилишим керак? Ҳеч иложи қолмади бу Ўзбекисонда яшашнинг, дейди Саломатхон Обидова.


“Кўрга ҳассадай...”

бўлиб кўриниб турган бўлса ҳам, бир қўлим ишламаслигини кўриб турган докторлар мени ногиронлик нафақасидан маҳрум қилишди, дейди Сурхондарё вилоятининг Шўрчи туманидан қўнғироқ қилган Фармон Дониёров:

- Мен олдин ногирон эдимда. Бир қўлим онадан туғилгандан ногирон. Ўзим 51га кираяпман. Пенсионер эдим. Пенсиямни райондан Муҳаммадиев, деган одам келиб қирқиб ташлади. Нима қилишимни билмаяпман.

Озодлик: Нима учун ишламайди бир қўлингиз?

- Аслида онадан туғма шундай. Мана тирноқлари йўқда. Мана келиб текширса ҳам шундай бўлиб чиқади. 20 йилдан бери ногиронлик пенсиясини олиб юрардим.

Озодлик: Ҳозир ногиронлик пенсиясини олмайсизми?

- Олмаяпманда. Нима қилишимни билмаяпман. Мен ўзим касалвандман. Дори-дармонни қаердан оламан? Шунга кимга арзимни айтишимни билмай ëтибман уйда.

Озодлик: Қўлингиз ногирон бўлса, ишламаëтган бўлса, ногиронликни кесиб ташлаган докторларга кўрсатмадингизми?

- Кўрсатдим. Уларнинг ҳам кўзи борку. Ҳайрон қолдим мен ҳам. Шу Муҳаммадиев 60-70га кирган чол. Остида Нексияси бор. Буни айтмаслигим керагу, менинг нима ишим бору, бўлмаса унга нима етишмаяпти? Менинг пенсиям керак бўлиб қолдими? Ҳайрон бўлаяпман мен. Қирқиб ташлади ўзидан ўзи.

Озодлик: Муҳаммадиевнинг вазифаси нима?

Муҳаммадиев бу ВТЭКнинг бошлиғи¸ дейди шўрчилик Фармон Дониëров.


“Ҳаётимиз хавф остида”

дейди бундан 75 йил илгари қурилган умумий ётоқхонада яшаётган ногиронлар номидан гапирган Раъно Ҳожиева. Бу ногиронлар Навоий вилоятининг Кармана туманидаги нураб бораётган уйда яшайдилар:

- Бизлар кўзи ожизлар ëтоқхонасида яшаймиз. Биз яшаëтган ëтоқхона 1930-1935 йилларда қурилган. Жуда ҳам хароба, нураб қолган, эски жойда. 2006 йили аввалги ҳокимимиз шу ерларни келиб кўриб, “Шунақа хароба жойда яшаëтган экансизлар, мен билмаган эканман. Ўзим ачиниб кетдим” деб бизларга уй беришга қарор чиқарган эдилар. Кейин шу билан ҳокимларимиз алмашиб кетдида, шу уйлар берилмай кетдида. Бу ерда саккизта хўжалик яшайди. 30 та одам борда.

Озодлик: Сизлар фарзандларинглар билан бирга яшайсизлар-а?

- Ҳа, ҳаммамиз бир уй, бир коридорда яшаймиз. Ҳаммамизнинг 2-4-5 тадан болаларимиз бор. Бир неча марта президент аппаратига хатлар ëздик. Расмга туширтириб, расмлари билан бирга юбордик. Умуман натижа бўлмади.

Озодлик: Овқатни қаерда пиширасизлар?

- Овқатни ҳам бир уй, бир коридоримизда пиширамиз. Ҳожатхонамиз ҳам умумий. Ҳиожатхонамиз неча марта йиқилди. Ўзимизнинг кўзи кўраëтганлар яна лой қўйиб нималар қилишди. Барибир бўлмайдида. Ювинадиган жой йўқ. Ювинишлар ҳам бир уй, бир коридорда. Яшаëтган жойимиз аварийний аҳволда. Кармана ҳокимлигининг ҳам, вилоят ҳокимлигининг ҳам хабари бор. Берамиз дейишади, лекин умуман натижа йўқда. Нажотимиз сизлардан эдида¸ дейди бундан 75 йил илгари қурилган умумий ётоқхонада яшаётган ногиронлар номидан гапирган Раъно Ҳожиева.


“Шавкат Раҳмонни ўқиб...”

Сирдарёлик тингловчимиз Озодлик радиосида эфирга кетган ўзбек шоири Шавкат Раҳмон ҳақидаги "Бахт сўзин айтаман элдан кейинроқ” эшиттиришни тинглаб, бир дунё таассурот олганини айтар экан, тингловчиларга шоирнинг дардли шеърларидан ўқиб беришни лозим топди:

- Мен ушбу фурсатдан фойдаланиб, улуғ ўзбек шоиримиз Шавкат Раҳмоннинг айрим ëзган шеърларидан сатрларни Озодлик тингловчиларига ўқиб бермоқчи эдим.

Наҳотки бирорта дилга етолмай,
Беҳуда сарфланиб қанча куч, чидам,
Келиб кетаверар ëруғ дунëга,
Келиб кетаверар мендай куйчилар.

Шавкат Раҳмон гўëки Андижон қирғинларини ва Қирғизистон жанубидаги ўзбекларнинг қатлиом қилинишини бундан кўп йиллар олдин кўриб, ëзгандай бўлади.

Эл қирилди туркий ўлкада,
Эр қолмади келди ажали,
Ким қонига ботди йўлкада,
Ким ғажилди намоз маҳали.

Аҳли муслим энди огоҳ бўл,
Қонхўр гала ҳали тирикдир,
Ўлар бўлсанг озодлардай ўл,
Қолар бўлсанг, энди бириккин.

Токи ëвуз тумғушин суқса,
Аждодларнинг азиз гўрига,
Жим турмасин қўй мижозли халқ,
Бас келолмай битта бўрига.

Шавкат Раҳмон бугунги ўзбек ҳаëтини, ўзбек халқининг оғир аҳволга тушиб қолганлигини гўëки шоирларга мурожаат қилиб шундай ëзади.

Шоирлар сиғинган ўшал юрт қани,
Эрким деб тутарсан бир парча тезак,
Денгизга қуйилмаса бирорта дарë,
Қуллар қамалида бижғиган диëр.

Бу йўлнинг сўнггида бир улкан фарëд,
Бир ўлим баҳайбат, битта ўлим бор.

Бу қандай ватанки Шоҳизиндалар,
Бир ғариб элининг орини сотса,
Шоирлар салтанат зиналарида,
Мансабу мартаба тиланиб ëтса.

Эй сиз адашганлар элнинг қонида,
Наҳотки самовий чечеклар сўнган,
Илож қолмадими жанг майдонида,
Оллоҳу Акбар деб ўлишдан.

****************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас.!
XS
SM
MD
LG