Линклар

Каримов Ўш қирғини юзасидан мустақил халқаро текширув ўтказилишини сўради

  • Замира Шукур

Ислом Каримов¸ Қирғизистон жанубидаги қирғин юзасидан мустақил тергов ўтказилмас экан¸ минтақада янги миллий низо чиқиш эҳтимоли сақланиб қолишини таъкидламоқда.

Ислом Каримов¸ Қирғизистон жанубидаги қирғин юзасидан мустақил тергов ўтказилмас экан¸ минтақада янги миллий низо чиқиш эҳтимоли сақланиб қолишини таъкидламоқда.

20 сенябр куни БМТ Бош Ассамблеясида нутқ сўзлаган Ўзбекистон президенти Ислом Каримов халқаро ҳамжамиятга Афғонистонда тинчлик ўрнатиш¸ Қирғизистонда янги миллий низо чиқиши олдини олиш ва Марказий Осиëни янги экологик фожеадан сақлаб қолиш формуласини тақдим этди.


Мустақил Ўзбекистон президенти сифатида ҳозиргача БМТ минбаридан туриб қилган чиқишларининг барида Ислом Каримов умумиятла халқаро ва минтақавий хавфсизлик муаммолари¸ хусусан эса¸ қўшни Афғонистонда тинчлик ўрнатиш масаласини ўз маърузасининг асосий негизи қилиб танлаб келмоқда.

20 сенябр кунги нутқ ҳам¸ анъанага кўра¸ яна Афғонистонда тинчлик ўрнатиш имконларига бағишланди ва Озодлик боғланган сиëсий таҳлилчилар¸ нутқнинг бу қисми ўзлари учун кутилган экани ва унда Каримовнинг ўтгандаги чиқишларидан бирор-бир тафовут кўрмаганларини таъкидлашди.

"Гарчи Каримовнинг Афғонистон борасидаги таклифи жўяли бўлса-да¸ Афғонистондаги бош-бошдоқликдан қандай чиқишни билолмай қолган Ғарб ҳукуматларининг унга қулоқ солишлари даргумон"¸ дейди Лондондаги Уруш ва тинчликни ёритиш институтининг Марказий Осиё бўйича таҳлилчиси Жон МакЛеод.

- Каримов нутқидан¸ у ўз таклифининг Афғонистондаги можарога тортилган давлатлар томонидан тушуниш билан қарши олинишига умидворлик очиқ сезилиб турибди. Афғонистоннинг муҳим қўшниси сифатида Ўзбекистон ҳукуматининг бу борадаги фикри инобатга олиниши лозим. Аммо ҳозирги хаос шароитида¸ Ўзбекистоннинг диққатга лойиқ таклифлари ҳам яна эътиборсиз қолади¸ деб ўйлайман¸ дейди британиялик таҳлилчи.

"Каримов нутқининг Афғонистонга оид қисми қанчалик кутилган бўлса¸ унинг Қирғизистон жанубида июн ойида рўй берган қонли миллий можаро хусусида кучли бир оҳангда гапириши¸ анчайин кутилмаган янгилик бўлди"¸ дейди ўзбекистонлик сиëсатшунос Камолиддин Раббимов.

- Менда Каримов Афғонистондаги ҳамкорликни Қирғизистондаги халқаро текширувга, халқаро терговга боғлагандек бир тасаввур бўлди. Яъни Ғарб давлатлари, БМТ, АҚШ га бир сигнал бергандек бўлдики, агар Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилмоқчи бўлсангиз, мана Қирғизистондаги муаммо масаласидан бизнинг шартимиз бу халқаро тергов ўтказилиши¸ деган фикр айтилди¸ назаримда¸ дейди ўзбекистонлик сиëсатшунос Камолиддин Раббимов.

“Тажрибали сиëсатчи сифатида Ислом Каримов¸ Қирғизистондаги миллий низо масаласини БМТ минбаридан туриб тилга олиш айнан ҳозирги шароитда жоизлигини ҳис қилди ва шу боис у бу масалада анчайин кескин оҳангда гапирди”¸ дейди Москвадаги МДҲ институтининг Марказий Осиë бўйича таҳлилчиси Андрей Грозин.

- Александр Галич ëзгани каби¸ бугун ҳавода нимадир бор. Қирғизистондаги жорий ҳукумат мамлакат жанубида юз берган зўравонликларни тўхтатишга мутлақ ҳозир эмаслигини намойиш қилди. Бу ерда миллий асосда амалга оширилган қирғин учун жорий қирғиз ҳукумати маъсулдир. Жорий ҳукумат бу қирғинни тўхтатиш учун ҳеч нарса қилмаганлик учун айбдордир.

Расмий Тошкентга эса¸ ўз қўшниларига уларнинг Оқасарой қай томонга бурилишига қарам эканларини кўрсатиб қўйиш муҳим. Шу боис¸ Каримовнинг Қирғизистондаги миллий низо юзасидан мустақил халқаро текширув ўтказишни талаб қилишини¸ қай маънодадир¸ халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотларига кўрсатилган мулозамат¸ деб талқин қилиш мумкин - зотан улар ҳам айни нарсани талаб қилишмоқда.

Аммо асосийси¸ БМТ минбаридан туриб Қирғизистондаги воқеалар юзасидан кескин фикр билдириш орқали Ислом Каримов¸ соф геостратегик мақсадни кўзламоқда ва минтақадаги ўз қўшнилари билан муносабатларига аниқлик киритмоқда¸ дейди Грозин.

“Ўзбекистон президенти¸ Қирғизистондаги юзлаб¸ балки минглаб ўзбеклар қирғин қилинган июн ойидаги зўравонликлар юзасидан мустақил халқаро текширув ўтказишни талаб қилишга мутлақ ҳақлидир”¸ дейди британиялик таҳлилчи Жон Маклеод.

- Ўзбекистон раҳбари сифатида асосан ўзбеклар нишонга олинган қирғин юзасидан халқаро текширув ўтказилишни талаб қилиш сиëсий жиҳатдан тўғри ëндашув ва бу Каримовнинг халқаро ҳамжамият билан бирдамлигини кўрсатади.

Аммо бошқа томондан¸ давлат раҳбарининг халқаро майдондаги сиëсатида изчиллик бўлиши лозим. 2005 йили Андижонда юз берган қирғин юзасидан мустақил халқаро текширув ўтказиш талабини Ўзбекистоннинг ички ишларига аралашув сифатида рад этган Каримовнинг¸ гарчи 100 фоиз ҳақли равишда бўлсин¸ бугун айни текширувни Қирғизистонда ўтказиш шарт¸ дейиши¸ юмшоқ қилиб айтганда¸ сиëсий ноизчиллик намунасидир¸ дейди Жон Маклеод Озодлик билан суҳбатда.

Ўзбекистон президенти БМТ да қилган нутқида¸ нафақат Бакиевни ҳукуматдан ағдарган қирғиз сиëсатчилари¸ балки бошқа қўшни Имомали Раҳмон томорқасига ҳам тош ташлаб қўйди. Сув шундоқ ҳам танқис бўлган Марказий Осиëда сувга нисбатан маъсулиятсиз ëндашув дунëда бутун бошли денгизнинг йўқ бўлишига олиб келган бўлса¸ бугун минтақадаги айрим ҳукуматларнинг минтақа дарëларини тўсиб¸ дунëдаги энг баланд тўғон қуриш иддаоси¸ унданда каттароқ экологик ҳалокатга сабаб бўлади¸ деди Ислом Каримов гарчи Тожикистон деган сўзни тилга олмаган бўлса-да.

“Бу маърузани мен умумиятла¸ Андижон қирғини ëддан кўтарилиб¸ Ғарб билан Ўзбекистон бир-бири билан ҳамкорликка муҳтожлигини англаб турган ҳозирги шароитда Ислом Каримовнинг халқаро ҳамжамият¸ аниқроғи Ғарбдан яна сиëсий қўллов олиш илинжида қилган ҳаракати дея талқин қиламан”¸ дейди россиялик таҳличи Андрей Грозин.

- Сиëсий мулозаматни четга суриб¸ гапнинг дангалини айтадиган бўлсак¸ БМТ йиғинига келадиган давлат раҳбарларининг ҳар бири¸ айниқса Марказий Осиë президентлари¸ Ню Йоркка ўз дардини айтиб йиғлашга келади. Кимдир¸ қирғиз ҳукумати мисолида кўраëтганимиз каби¸ очиқчасига тиланчилик қилади¸ кимдир эса¸ масалан Каримов¸ ўз дардини халқаро майдонда бозорбоп қиладиган ялтироқ қоғозга ўраб гапиради. Аммо ҳаммасининг асл мақсади¸ ўзи учун бошқалар¸ айниқса қудратли давлатлардан¸ сиëсий қўллов¸ керак бўлса¸ молиявий ëрдам олишдир¸ дейди Москвадаги МДҲ институтининг Марказий Осиë бўйича етакчи мутахассиси Андрей Грозин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG