Линклар

logo-print

Ўш ва Жалолобод воқеалари бошланганига 100 кун бўлди

  • Сарвар Усмон

Қонли воқеаларни ўрганаётган комиссия раисииннг ўринбосари Бахтиёр Фаттоҳов Ўшда хавотирли кайфият сақланиб қолаётганини эътироф этди.

Қонли воқеаларни ўрганаётган комиссия раисииннг ўринбосари Бахтиёр Фаттоҳов Ўшда хавотирли кайфият сақланиб қолаётганини эътироф этди.

Қирғизистон жанубида юзлаб одамнинг ёстиғини қуритган, юз минглаб кишини қочқину кўчкинга айлантирган июн воқеалари бошланганига 100 кун бўлди. Озодлик Миллий комиссия раиси ўринбосари, Қирғизистон республикаси маҳаллий ўз-ўзини бошқариш ишлари бўйича миллий агентлик директори Бахтиёр Фаттоҳовдан бугунги вазият ҳақида сўради.


Озодлик:
Ўш воқеаларига 100 кун бўлди. Давлат комиссияси қанақа хулоса чиқарди? Менимча, 10 сентябрда хулосаси чиқиши керак эди. Агар чиққан бўлса, асосий тезислар нималардан иборат?

- Комиссиянинг хулосаси чиқмади. Ишини давом эттираяпти.

Озодлик: Ўзи аслида хулоса 10 сентябрда чиқиши керак эди-а?

- Жуда қисқа муддат берилган. 10 сентябрда чиқиши керак деган, лекин унга хулоса битгани йўқ. Комиссия ишлаяпти ҳозир.

Озодлик: Комиссия раиси Абдуғани Эркабоев ва бошқалар августдаëқ баъзи бир фикрларни айтишган эди. Сиз комиссия раисининг ўринбосари сифатида бирор нарса дея оласизми? Мана 100 кун ўтди шу воқеалардан бери.

- Биз комиссиянинг хулосаси чиққандан кейин айтамиз деб келишдик. У кишига “Бу сизнинг фикрингиз. Комссиянинг номидан фикр айтманг” дедик.

Озодлик: Охирги хулоса қачон чиқади?

- Фақат сабабини аниқлашмас бунинг. Кейин бу яна такрорланмаслиги учун жуда кўп ишлар олиб борилаяпти. Шунинг учун ҳозир “мана бу кунга битирамиз”, деган аниқ нимамиз йўқ. Лекин тезлаштирилаяпти. Ҳамма қўлидан келган ҳаракатини қилаяпти.

Озодлик: Сизнинг ўшликлигингизни кўпчилик билади. Ўшлик сифатида бугунги вазият ҳақида нима дея оласиз? Майли комиссия аъзоси сифатида гапирманг.

- Нима масала тўғрисида?

Озодлик: Умуман “вазият барқарорлашиб қолди” дейиш мумкинми?

- Биласиз, вазият аввалгига қараганда, энди осойишталик бошланди. Хавотир бор. Одамларнинг ичида ҳар қандай провокацион фикрлар бор. Бунга қарши иш кетаяпти. Мана Ҳайит кунлари ҳар хил шов-шув гаплар бўлди. Бунга қарши тушунтириш ишлари олиб борилаяпти.

Озодлик: Мана “одамларда хавотир бор”, дедингиз. 100 кун ўтса ҳам шу хавотир сақланиб қолаяпти. Бунинг сабаби нимада?

- Бунинг сабаби ҳар хил. Хавотирлиги бир марта чой ичаëтганда оғзингиз куйиб қолса, кейин пуфлаб чой ичасиз. Шунинг учун эҳтиëткорлик, ҳар хил ваҳима. Қандайдир бўлса ҳам ўзининг эҳтиëткорлик чоралари. Бунга қарши тушунтириш ишлари олиб борилди. Бордик, учрашдик, “хавотир олманглар”, деб айтдик. Менинг тушунишимча, озгина бўлса ҳам яхши шароит бошланаяпти.

Озодлик: Бахтиëр Авезович, мен ўшликлар билан гаплашаяпман. Ўшлик ўзбекларнинг қилган аризаларига ҳануз прокуратурадан ëки бошқа бир идорадан аниқ бир жавоб йўқ. “Сизларнинг аризаларингларни кўрдик. Мана бу одамни жавобгарликка тортдик”, деган жавоб йўқ уларнинг айтиши бўйича. Бунинг сабаби нимада деб ўйлайсиз?

- Бундай мурожаатлар бизга ҳам бўлаяпти. Правоохранителний органларга топширилган халқдан тушган аризалар вақтида қаралиб, шуларга жавоб берилмаганлик фактлари бор. Ҳозир шунинг устида ишлаяпмиз. Биласиз, Қирғизистонда фуқаролардан тушган аризаларни қарайдиган қонун бор. Шу қонун олдида ҳамма бир хил жавоб бериши керак. Шунинг учун кимнинг аризасига жавоб берилмаган бўлса, масалан, қайси органга қачон мурожаат қилганлигини берса, у органлардан сўраб олишга бизнинг қурбимиз етади.

Озодлик: Биз деганда давлат комиссиясини назарда тутаяпсизми?

- Ҳа. Нимага деганда бундай нарса бўйича бизга ҳам мурожаат қилишаяпти одамлар.

Озодлик: Уйсиз қолганлар қишгача бирорта томнинг тагига кирадими кирмайдими?

- Буни Бозорқўрғонга, Жалолободга, Ўшга бориб ўзим кўриб келдим. Тўрт кунмикан бўлди келганимга. Биз дирекциянинг раҳбарлиги билан ҳам учрашдик. Бу ерга нафақат давлатдан тушаëтган, мана "ACTED" деган халқаро ташкилот бор, шу ташкилот ҳам жуда катта ëрдам бераяпти. Ҳаракат кетаяпти. Энг асосий сабаблардан биттаси вақтида тезроқ ҳаракат қилмаганлиги. Кейин халқнинг ичида тушунтирув ишларининг яхши даражада олиб борилмаганлиги сабабли кўпчилик давлат бераëтган имтиëзлардан, кредитлардан вақтида фойдаланмаганлиги. 50 минг сўм оламанми, 200 минг сўм оламанми, нима сабабдан олсам бўлади, деган одамларда тушунмовчилик борлигидан энг керакли ëз даври ўтиб кетди. Бунга жавоб берадиган инсонлар бор. Ҳозирги кунда Ўшда ҳам тозалаш ишлари жуда тез кетаяпти. Асосий муаммо Ўш шаҳрида бор эди. Қорасув районида одамларга вақтида яхши тушунтирилди, Бозорқўрғонда, Жалолободда. У ерларда ишнинг бориши тезроқ кетаяпти Ўшга қараганда. Ўшда, мен кўриб келдим, катта тозалик ишлари бошланиб, энди қурилиш бошланади¸ дейди июн воқеаларини ўрганиш учун тузилган Қирғизистон миллий комиссияси раиси ўринбосари, Қирғизистон республикаси маҳаллий ўз-ўзини бошқариш ишлари бўйича миллий агентлик директори Бахтиёр Фаттоҳов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG