Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:02

Йилда бир кун автомобилсиз


22 сентябр - дунё бўйлаб минглаб шаҳарларда ҳавонинг ифлосланишига қарши автомобиллардан ҳоли кун сифатида нишонланади. Кўпгина шаҳарларда бугун ҳайдовчилар "автомобилдан ҳоли кун" акциясидан кўзланган мақсадни яхши тушуниб, шахсий машиналаридан фойдаланмайди.


Жаҳоннинг минглаб шаҳарларида бугун автомобилсиз кун билан боғлиқ тадбирлар бўлиб ўтади. Ушбу кунда автомашина эгалари тўрт ғилдиракли "дўсти"ни уйда қолдириб, кўчага пиёда ёки велосипедда ҳаракатланадилар.

Бундан мақсад - бир кун бўлса-да ҳавонинг заҳарли газлар билан ортиқча ифлосланишига йўл қўймаслик.

Йилда бир кунни автомобилларсиз ўтказиш анъанаси дастлаб Францияда 1998 йилда бошланган. Ўша йили бир гуруҳ экология ҳимоячилари Париж кўчаларида пиёда ва велосипедларда юриш қилган эди.

Кейинчалик бу ғояни Австралия, Лотин Америкаси ва Осиёнинг кўпгина давлатлари аҳолиси қўллаб-қувватлади. Ҳозирда Франциянинг Париж, Бразилиянинг Рио де-Жанейро ва Япониянинг Йокохама шаҳарлари дунёдаги автомобилларга энг тиқилинч шаҳарлар ҳисобланади.

Август ойи бошланиши билан бундай шаҳарларда кекса ёшдагилар орасида ўлим ҳоллари кўпаяди. Мутахассислар эса атмосферанинг заҳарли газлар билан ифлосланишини бунга асосий омил сифатида кўришмоқда.

Аммо бундай аянчли аҳволга қарамай, одамзоднинг автомобилларга бўлган ишқи камаймаяпти.

Шу ўринда кўпчилик мутахассислар автомобил ўрнини келажакда экологик тоза транспорт воситаси бўлган велосипед эгаллай олади демоқда. Айрим давлатларда велосипед-такси хизмати жорий этилгани бу фикрни тасдиқлар ҳам.

Бироқ тезлик бобида ҳозирча автомобил одам учун энг қулай транспорт воситаси бўлиб қолмоқда.
XS
SM
MD
LG