Линклар

Россия элчихонаси қирғиз миллатчилигидан хавотирда


Россия ҳукумати Қирғизистонда шовинизм тусини олган миллатчиликнинг урчиётганидан ташвиш билдирди.

Россия ҳукумати Қирғизистонда шовинизм тусини олган миллатчиликнинг урчиётганидан ташвиш билдирди.

Қирғизистондаги Россия элчихонаси мамлакатда миллатчилик авж олаётганидан ташвиш билдирди. Сўнгги пайтда сиёсий партия раҳбарлари томонидан ҳам миллатчилик руҳидаги чиқишлар кўпайиб бораётгани ачинарли ҳолат сифатида эътироф этилмоқда.


22 сентябр куни Россия Федерациясининг Қирғизистондаги элчихонаси сўнгги пайтларда айрим қирғиз сиёсатчиларининг оммавий чиқишларида миллатчилик руҳи кучаяётгани ҳамда Қирғизистондаги вазият бўйича ўзгача фикрга эга бўлган фуқароларга, жумладан, Александр Князев ва Нур Омаров каби сиёсатшуносларга босим ўтказилаётганидан ташвиш билдирди.

Мазкур баёнот Қирғизистондаги “Ата журт” партияси лидери Қамчибек Ташиевнинг “Фарғона.ру” агентлигига берган интервюсидан кейин пайдо бўлди.

Қамчибек Ташиев 16 сентябр куни берган интервюсида “Агарда рус, ўзбек ёки турклар қирғизлар билан тенг эканлигини айтса, давлат қулайди” деган гапни айтган эди.

Кейинчалик Қамчибек Ташиев унинг гаплари нотўғри талқин этилганини таъкидлаб, баёнот эълон қилди.

Бундан ташқари Қирғизистондаги оммавий ахборот воситаларида ҳам миллатчилик руҳи билан суғорилган мақолалар чоп этилиши давом этмоқда.

Ўшда чоп этилаётган “Ош шамы” ("Ош оқшоми") газетасининг 18 сентябрдаги сонининг биринчи бетида Ўш шаҳар кенгаши депутати Аваз Асановнинг "Ўзбеклар ўлдирди деб айтиш керак", деган иқтибоси келтирилган.

Бишкекда нашр этиладиган “Алиби” газетасининг 21 сентябр кунги сонида эса “Қора Ойбек Қодиржон учун нега ўзбек чолларини урган?” сарлавҳали мақола чоп этилган.

Бишкеклик сиёсатшунос Александр Князев қирғиз ҳукумати томонидан мамлакат жанубидаги зўравонликларни текшириш учун тузилган миллий комисия аъзоларидан бири эди. Шу йилнинг август ойида ушбу комисссиядан четлаштирилган Князев фикрича, Қирғизистонда миллатчилик миллий шовинизмнинг энг сўнгги – агрессив тусига кирмоқда.

- Менимча, бу Қирғизистон ва умуман миллатчиликнинг эгасига айланган қирғиз этносининг бугунги кундаги катта муаммоси. Қирғизистонда бир неча йилдан буён қийин ижтимоий-иқтисодий вазият ҳукм сурмоқда. Жамиятдаги мана шу муаммолар сиёсатчилар томонидан миллатчилик оқимига йўналтирилмоқда. Қирғиз сиёсий элитаси титул миллат тушунчасини сиёсатининг асосига олди. Бу вазият сақланиб қолмоқда ва қирғиз этноси вакилларини бу нотўғри йўл эканига ишонтириш қийин,- дейди Александр Князев.

Сиёсатшунос миллатчилик руҳи нафақат “Ата журт” партияси лидери Қамчибек Ташиев, балки Ўш шаҳар мэри Мелис Мирзақматов, бош вазир ўринбосари Азимбек Бекназаровларнинг ҳам чиқишларида яққол кўзга ташланиб турибди, дея қўшимча қилади.

Қирғизистон омбудсмени Турсунбек Акун сиёсий партия лидерларининг миллатчилик чиқишларини қоралади.

- Бу тўғри йўл эмас. Айрим сиёсатчилар популизмга берилиб шундай қилишмоқда. Шунинг учун мен Роза Ўтунбаева билан учрашганимда миллатчиликка йўл бермаслик кераклигини айтганман.Ўзимизнинг шахсий манфаатимиз учун мамлакатимизни қурбон қилмаслигимиз керак,- дейди Қирғизистон Омбудсмени Турсунбек Акун

Қирғизистонлик ҳуқуқшунос Нурбек Тоқтақунов фикрича, бугун Қирғизистонда миллатчилик ватанпарварлик ўрнини эгаллаган.

- Барчаси ватанпарвар бўлиб кетди. Бу тўполон ортида мулкни қайта тақсимлаш кетаяпти. Кимдир “ватанпарварлик”, “миллатчилик” дея ўз муаммосини ҳал қилиб олмоқда. Агарда шунчалар ватанпарвар бўлсалар, мамлакат мулки кимнинг қўлига ўтиб кетаётганини кетаётганини назорат қилмайдиларми?- дея савол қўяди қирғизистонлик ҳуқуқшунос Нурбек Тоқтақунов.

Қирғизистондаги миллатчилик Ўш қирғинидан сўнг кўзга ташлана бошлади. Ўш қирғини пайти шаҳардаги қирғиз номи ёзилган уйлар ва дўконлар талон-тарож қилинмаган эди. Ўзбекларга тегишли масканлар эса талон-тарож қилиниб, ёқиб юборилган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG