Линклар

Россия ҳарбийлари Бишкекка серқатнов бўлиб қолди


Қирғизистоннинг Қант шаҳрида жойлашган Россия ҳарбий ҳаво базасидаги учоқларда машғулот ўтказилмоқда.

Қирғизистоннинг Қант шаҳрида жойлашган Россия ҳарбий ҳаво базасидаги учоқларда машғулот ўтказилмоқда.

Сентябр Қирғизистон ва Россия ҳарбийлари учун музокаралар ойи бўлди. Бир ҳафта олдин қирғиз ва рус ҳарбий раҳбарияти Қирғизистон қуролли кучларини замонавий қуроллар билан таъминлаш масаласида музокара қилган эди. 21-23 ва 25 сентябр кунлари эса ҳарбий соҳадаги ҳамкорликка оид музокаралар Бишкекка кўчади.


Қирғизистон Мудофаа вазирлиги матбуот хизматидан олинган маълумотда айтилишча, рус ва қирғиз ҳарбийлари асосан 1993 йилда имзоланган Россия ҳарбий объектлари борасидаги шартномани ўзгартириш тўғрисида музокара ўтказмоқда.

- Бундан ташқари Қирғизистон жанубига қурилиши назарда тутилаётган ҳарбий машғулотлар ўтказиш маркази масаласи ҳам муҳокама қилинаяпти. Сўзлашувлар кеча бошланган. 23 сентябр куни музокаралар юзасидан якуний протокол имзоланади,- деб билдиришди Қирғизистон Мудофаа вазирлиги матбуот хизматидан.

Қирғизистонда Россиянинг битта ҳарбий базаси ва бир нечта ҳарбий марказлари бор. Бу марказлардан бири Иссиқкўлдаги торпедаларни синовдан ўтказувчи полигондир.

Расмий маълумотларга кўра, Россия Қирғизистондаги ҳарбий объекталари учун йилига 4, 5 миллион доллар ижара ҳаққи тўлайди. 7 апрелдан сўнг ҳокимиятга келган Қирғизистон янги ҳукумати Кремлдан ижара ҳаққи миқдорини камида 4 баробарга кўпайтиришни талаб қилмоқда. Бундан ташқари расмий Бишкек Россия ижара ҳақини қирғиз армиясини замонавий қуроллар билан таъминлаш орқали тўлаши мумкинлигини ҳам билдирган.

Хавфсизлик масалалари бўйича таҳлилчилар фикрича, қирғиз ҳукуматининг ижара ҳақи ва қурол борасидаги талаблари Россия ҳарбий раҳбариятини Бишкекка серқатнов қилиб қўйган.

Таҳлилчи Ўрўзбек Мўлдалиевнинг айтишича, Россия томони Қирғизистонда парламент сайловлари ўтгунга қадар амалдаги ҳукумат билан шартномаларни имзолаб олишга ҳаракат қилади. Чунки бўлажак қирғиз парламенти 7 апрелдаги давлат тўнтаришидан сўнг Қирғизистонга ёрдам қўлини деярли чўзмаган, боз устига бу мамлакатга сотиладиган нефт маҳсулотлари учун бож ва солиқ тўловини оширган Россияга бундан ҳам қатъийроқ талабларни қўйиши мумкин.

- Россиянинг Қирғизистонга нисбатан менсимаслик муносабатига ҳаммамиз гувоҳмиз. Парламент сайлангач, депутатлар Россия базаларини ёпишни ёки ижара ҳақини янада оширилишини талаб қилиши мумкин,-деди Ўрўзбек Мўлдалиев.

Хавфсизлик масалалари бўйича таниқли тадқиқотчи Тўқтўғул Қақчикеев эса Қирғизистон айни пайтда Россия билан ҳарбий ҳамкорликка муҳтож экани ва бу йўналишда Бишкек расмийлари Кремлга қатъий талабларни қўя олмаслиги ҳақида гапиради. Унинг фикрича, амалдаги ҳукумат ҳам, парламент сайловларидан сўнг иқтидорга келадиган ҳукумат ҳам ҳарбий соҳада Россияга қарам бўлиб қолаверади.

- Ўзбекистон президенти Ислом Каримов БМТ саммитида “Ўш воқеаси ўзбек ёки қирғиз тарафидан эмас, Марказий Осиёдаги, жумладан, Фарғона водийсидаги вазиятни издан чиқаришдан манфаатдор бўлган кучлар томонидан уюштирилган”, деб яна бир бор таъкидлади. Мен бу гапда жон бор деб ҳисоблайман. Шунинг учун Қирғизистон хавфсизликни таъминлаш борасида Россия ёрдамига мухтож бўлиб қолаверади, - деди Тўқтўғул Қақчикеев.

Шу ўринда айтиш жоизки, Қирғизистон жанубидаги Ўш ёки Боткен шаҳарларида Россия ҳарбий базасини ташкил этиш масаласи 2009 йилда кўтарилган эди. Қирғизистон ва Россия президентлари имзолаган ҳужжатга биноан бу база 2009 йилнинг ноябр ойида очилиши керак эди. Ўз ўрнида Ўзбекистон ҳукумати Қирғизистон жанубида Россия базасининг очилишига норозилик билдирган. Ўша йили Қирғизистон ва Россия муносабатларида совуқчилик пайдо бўлгани муносабати билан рус базаси очилмай қолган эди.
XS
SM
MD
LG