Линклар

Экстремизмга қарши курашнинг русча усули


"СОВА" таҳлил маркази Россия ҳукуматини экстремизмга қарши қонунларни суиистеъмол қилганликда айбламоқда.

"СОВА" таҳлил маркази Россия ҳукуматини экстремизмга қарши қонунларни суиистеъмол қилганликда айбламоқда.

Москвадаги “СОВА” ахборот-таҳлил маркази Россияда экстремизмга қарши қонунлар ОАВлари, жамоатчилик фаоллари ва сиёсий мухолифатга қарши кураш қуролига айланиб қолганини айтмоқда.Бу қонунлар, дейилади ташкилот эълон қилган ҳисоботда, Россия мусулмонларига нисбатан ҳам қўлланмоқда.


21 сентябр куни Москвада “СОВА” ахборот-таҳлил маркази “Экстремизмга қарши қонунчиликнинг 2010 йилнинг биринчи ярмида ноқонуний қўлланилиши”, деб номланган навбатдаги ҳисоботини эълон қилди.

Ҳисобот муаллифларига кўра, ҳукумат экстремизмга қарши қонунлар ёрдамида асосан оммавий ахборот воситаларига муайян мавзудаги материалларни ёйинлашни таъқиқламоқда. "СОВА" ахборот-таҳлил маркази директори Александр Верховскийнинг айтишича, бундай кўриниш бевосита жамиятдаги сўз эркинлиги, ксенофобия, ирқчилик ва террорчилик масалалари билан боғлиқ вазиятнинг янада мураккаблашишига сабаб бўлмоқда.

- Россияда бундай вазиятнинг юзага келишида “Экстремистик фаолиятга қарши кураш қонуни” ва бу қонун билан боғлиқ Жиноий ва Маъмурий Кодексларнинг бир қатор моддалари алоҳида ўрин эгаллайди. Масалан, бирор бир шахснинг Россияда ноқонуний деб эълон қилинган ташкилотлар, яъни “Ҳизбут-Таҳрир”, “Таблиғи Жамоат” ва бошқаларга алоқадорликда гумон этилишининг ўзи бу шахсга хавф туғдиряпти. Аксил экстремистик қонунчилик бирор бир жамоа ёки гуруҳга қаратилмаган, лекин унинг ноаниқ таърифланиши ҳақиқий жиноятчини ҳам, бегуноҳ одамни ҳам жавобгарликка тортилишига имконият яратмоқда,- дейди "СОВА" раҳбари Александр Верховский.

Ирқчилик ва ксенофобия муаммоларини ўрганадиган таҳлил маркази директорининг сўзларига кўра, бугунги кунда ҳатто ҳажвий расмларда фашистлар свастиканинг қўлланиши учун жавобгарликка тортилиш мумкин. Александр Верховский, Озодлик билан суҳбатда, Россия Адлия вазирлигининг расмий сайтида эълон қилинган экстремистик мавзуларнинг Федерал рўйхати ўзгача фикрловчиларга қарши тазйиқ қуролига айлангани ва уни аллақачон самарасизлиги боис бекор қилиш зарурлигини гапирди:

- Қонунчиликда бирор китобнинг муайян қисми эмас, балки тўлиқ матни экстремистик деб эълон қилинади. Масалан, тўлиқ Қуръон тавсифидан иборат китобга бир-икки жумла ноқонуний ғоя қўшилиб қолса, қонунчиликка кўра, у сўзсиз экстремистик адабиётга айланади. Бундай кураш усуллари жамоатчилик фикрини ҳақиқий экстремизга қарши курашдан чалғитади ва экстремизмга қарши қонунчилик самарасини пасайтириб юборади,- дейди "СОВА" ахборот-таҳлил маркази директори.

Инсон ҳуқуқлари институти эксперти Лев Левинсон экстремизмга қарши амалдаги қонунлар айрим дин вакилларига қарши қаратилган, дейди. Унинг айтишича, бу қонунлар, айниқса, Россияда истиқомат қилаётган мусулмонларнинг эътиқод эркинлигини оммавий ва қўпол тарзда бузилишига сабаб бўлмоқда.

Лев Левинсон Нижний Новгородда “Нурчилар” ташкилотига алоқfси бўлмаган, лекин Саид Нурси китобларини тарқатганликда айбланиб қамалган одамлар борлигини мисол қилиб келтирди.

- Ваҳоланки биз на Нурси китобларининг, на “Нурчилар” ҳаракатининг таъқиқланганини қонуний деб ҳисоблаймиз,- деди Лев Левинсон.

Шу ўринда айтиш жоизки, 2007 йилда Москванинг Коптев туман суди қарори билан Саид Нурси китоблари экстремистик адабиётлар рўйхатига киритилган.

Москвадаги Тарихий кутубхона бўлим мудири Елена Струкова куч ишлатар тизимлари экстремизмга қарши қонунчиликка таянган ҳолда Россия минтақаларидаги маҳаллий кутубхоналарда “тозалаш” амалиётларини кучайиб бораётганини айтади:

- Бунинг схемаси содда. Текширувчилар кутубхонага бориб филиал раҳбарларидан экстремистик руҳдаги адабиётлар бор-йўқлигини текширади. Одатда бу кутубхоналарда бундай адабиёт бўлмайди. Лекин туман прокурорларини ҳам тушунса бўлади: экстремистларни иссиққина кутубхоналарда қидириш қулайроқ. Ҳақиқий террорчи ва экстремистлар эса ўз қинғир режаларини амалга оширмоқда, - деди Тарихий кутубхона бўлим мудири Елена Струкова.

Жорий йилнинг июн ойида Россия Давлат думаси экстремизмга қарши курашда Федерал хавфсизлик хизмати ваколатларини кенгайтирувчи қонунга ўзгартиришни биринчи ўқишда қабул қилган. Ҳуқуқ ҳимоячилари эса бу қонуннинг экстремистларга қарши эмас, балки кўча намойишларини уюштирувчиларга, мухолифат намояндаларига қаратилиши мумкинлигидан хавотирда.

Шу ўринда, айрим кузатувчилар Шанхай Ҳамкорлик ташкилоти ва Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига аъзо давлатлар қонунчилигида экстремизм, радикализм ва террорчиликка қарши қарши кураш шиори остида сўнгги йилларда аксил экстремистик руҳдаги моддалар сони ошиб бораётганини таъкидламоқдалар.
XS
SM
MD
LG