Линклар

Қамалган ҳукумат амалдорлари сафи кенгаймоқда


Кейинги пайтларда ҳукуматдаги энергетика соҳасига алоқадор мулозимларнинг қамоққа олинишини баъзи кузатувчилар президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова шахсига боғланмоқда.

Кейинги пайтларда ҳукуматдаги энергетика соҳасига алоқадор мулозимларнинг қамоққа олинишини баъзи кузатувчилар президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова шахсига боғланмоқда.

Ўзбекистондаги “Ўзтрансгаз” акционерлик компанияси бош директори Эркин Вагапов ва Ўзбекистон бош вазирининг собиқ ўринбосари Эргаш Шоисматов ҳибсга олинди. Айрим манбаларга кўра, бу икки шахс ҳокимият ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ҳамда бир қатор иқтисодий жиноятларда айбланмоқда.


Ўзбекистон бош вазирининг собиқ ўринбосари Эргаш Шоисматов ва унинг ўғли Анвар Шоисматов 16-17 сентябр кунлари ҳибсга олинган. Бу воқеани кузатаётган Тошкентлик мустақил журналист Абдуманнон Холжўраев ҳозиргача қўлга киритган маълумотларни Озодликка гапириб берди.

- Шоисматовнинг нафақат ўзи, ўғли ҳам ҳибсга олинган. Ўтган пайшанба, жума куни, 16-17 сентябрда ҳибсга олинган. Эркин Шосиматовнинг ўғли билан биргаликда ҳисбга олингани аниқ, дейди журналист.

Мамлакат геология, кимё, нефт ва металлургия саноатини назорат қилган собиқ мулозим Эргаш Шоисматовга қарши очилган жиноий иш бўйича мустақил текширув ўтказаётган журналист Холжўраев “Ўзтрансгаз” акциядорлик ширкати бош директори Эркин Вагапов билан боғлиқ вазиятдан ҳам хабари борлигини айтади.

- Эркин Вагапов ҳибсга олингани ҳақида эшитмадим, лекин домашний арестда эканлигини билардим. Ундан шаҳарни тарк этмаслик ҳақидаги тилхат олиниб, ва очиқда юрганига бир ойча бўлиб қолди, дейди Холжўраев.

Эркин Вагапов билан боғлиқ вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида “Ўзтрансгаз” акциядорлик компаниясига қўнғироқ қилганимизда, ташкилот ходимаси Эркин Вагапов ҳали ҳам ширкат бош директори лавозимида эканлигини таъкидлади.

- Ҳозирда бош директор Вагапов Эркин Хазиевич. Бироқ айни пайтда у киши ўз кабинетида эмас, деди телефон гўшагини кўтарган ширкат ходими.

Айрим интернет сайтларида Эркин Вагапов ҳибсга олингани ҳақида хабарлар пайдо бўлганини айтиб, “Ўзтрансгаз” ходимидан бунга аниқлик киритишни сўрадик.

- Бу борада ҳеч нарса айта олмайман. У касал, дея гапини қисқа қилди ширкатнинг ўзини таништирмаган ходими.

Ўзбекистондаги “Ўзтрансгаз” давлат акциядорлик компанияси бош директори Эркин Вагаповнинг ҳибсга олингани ҳақида хабар қилган Uzmetronom.com интернет нашри, юқори лавозимли амалдорнинг қамалиши ортида иқтисодий жиноят ётганлиги ҳақида ёзади. Uzmetronom.com хабарида айтилишича, Эркин Вагаповнинг ҳибсга олиниши газ қазиб олиш, қайта ишлаш ва ташиш соҳасида фаолият кўрсатган хорижнинг нуфузли бир компанияси билан ўзаро ҳисоб-китоб масалалари билан боғлиқдир.

Uzmetronom.com ҳорижий ширкат номини келтирмаган.

Озодлик манбаларига кўра, Эркин Вагапов ва Эргаш Шоисматовларга очилган жиноий иш бўйича Ўзбекистон бош прокуратураси шуғулланаяпти.

Ўзбекистон бош прокуратураси бу ҳақда изоҳ беришдан бош тортди.

Журналист Абдуманнон Холжўраев икки мулозимнинг қамалиши бир-бирига боғлиқ, деган фикрда.

Унга кўра, Эргаш Шоисматовга қарши Ўзбекистон жиноят кодексининг “Бошқарув тартибига қарши жиноятлар” бобининг учта моддаси бўйича айблов илгари сурилаяпти.

- 209, 205, яна нечанчидир модда эди, ҳозир эсимдан чиқибди. 205 билан 209 аниқ бу. Булар “Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш” ва “Мансаб сохтакорлиги” моддаларидир.

Озодлик: Ўғличи? Унинг нима алоқаси бор?

- У Устюртдаги газ қазиб олиш иншоотида инженер бўлиб ишлаган, дейди журналист Холжўраев.

Ҳукумат мулозимларининг қамоққа олинишини ўрганаётган яна бир мустақил журналист Абдураҳмон Ташанов уларнинг ҳибсга олиниши ортида мансаб ваколатини суиистеъмол қилишдан ташқари иқтисодий жиноятлар ҳам бор, дейди.

- Бир қанча нефт-газ билан шуғулланадиган компания раҳбарлари устидан, яъни Миродил Жалолов устидан, бошқа раҳбарлар устидан баҳор ойларида жиноят иши қўзғатилган эди. Бу деганики, ҳукумат нефт-газ, энергетика масалалари бўйича комплекс раҳбари ҳам маълум даражада жавобгар бўлиши керак. Бу жиноят ишларининг орқасида менимча, Эргаш Шоисматов мавқеига путур етган ва унга нисбатан ҳам жиноят иши қўзғатилган деб ўйлайман. Ҳозир биздаги норасмий маълумотларга кўра, у мансаб сохтакорлиги, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш сингари жиноятларда айбланаëтган экан демак у маълум даражада "Зеромакс" ëки бўлмаса "Ўзтрансгаз" ëки бошқа бир нефт-газ соҳаси билан шуғулланадиган бошқа ширкатларнинг ишига дахлдор бўлган. Эркин Вагаповнинг жиноий жавобгарликка тортилгани, умуман "Ўзтрансгаз" ширкатида тафтишлар давом этаëтгани ҳақида ҳам маълумотлар бор. У ердаги ходимлар тафтишларнинг давом этаëтганини ҳатто тасдиқлашган ҳам. Лекин бу ҳақда бирорта расмий хабар ëки бўлмаса Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларида расмий маълумотлар мавжуд эмас, дейди Абдураҳмон Ташанов.

Журналист Абдуманнон Холжўраев эса бу қама-қамалар ортида президент Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримова турибди деган тахминни илгари суради.

- Буни Лукойлга боғлиқ жойи бор. Лукойл Устюртдаги газ қазиб олиш ишларини нима қилаëтган эдику (ўз назоратига олишга ҳаракат қилаётган эди - таҳр.) Ўша билан боғлиқ. Гулнора Каримова Испанияга элчи бўлиб кетган. Ҳозир испан бир нима трест деган фирма очилибди Ўзбекистонда. Бу ҳозир Испанияга бермоқчи. Испаниянинг фирмасига бермоқчи Устюртдаги газ қазиб олиш ишларини. Устюртда қазиб чиқариладиган газни Гулнора элчи бўлиб борган Испаниянинг қайсидир фирмасига бермоқчи. Лукойлдан олиб бермоқчи. Биласизми, Гулнора борган жойда албатта интригалар бўлиши шарт, дейди Абдуманнон Холжўраев.

Эслатиб ўтамиз, Эргаш Шоисматов 2006 йилнинг апрелидан 2010 йилнинг июлигача Ўзбекистон бош вазири ўринбосари лавозимида ишлаб келган, мамлакатнинг машинасозлик, қора ва рангли металлургия, нефт ва газ, геология, электроэнергетика, кимёвий маҳсулотлар саноати каби соҳаларига раҳбарлик қилган.

Эркин Вагапов эса, ҳозир ҳам расман “Ўзтрансгаз” компаниясининг бош директори лавозимида қолмоқда. Ҳар қалай ширкат вакиллари шундай демоқда.

Жорий йилнинг июл ойида “Ўзбекнефтегаз” Миллий холдинг компанияси бошқарувчилар кенгаши раҳбари Улуғбек Назаров ҳам президент Ислом Каримов қарори билан эгаллаб турган лавозимидан бўшатилган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG