Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:45

Таниқли ўзбек журналисти Анвар Жўрабоев вафот этди


Михаил Шолохов Анвар Жўрабоевни "ўз мақолалалри, эсселари ва айгиқса суҳбатларида дозарб мавзуларни кўтарган жасур журналист", дея атаган эди.
Михаил Шолохов Анвар Жўрабоевни "ўз мақолалалри, эсселари ва айгиқса суҳбатларида дозарб мавзуларни кўтарган жасур журналист", дея атаган эди.

Михаил Шолохов, Чингиз Айтматов, Габриэль Гарсиа Маркес, Ўлжас Сулаймонов, Аркадий Райкин, Илья Глазунов... Бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин. Адабиёт ва санъатнинг жаҳон танийдиган бу арбобларини "Суҳбат жанри қироли", деб тан олинган ўзбек журналисти Анвар Жўрабоевнинг вафоти муносабати билан эслаяпмиз.


Тилга олинган адиблару санъаткорлар билан ўзбек ўқувчисига суҳбатлар уюштирган Анвар аканинг жума куни вафот этгани Озодликка сешанба куни маълум бўлди.

Ўз вақтида бутун республика таниган публицист, таржимон ва сиёсий арбоб Анвар Жўрабоевнинг вафот этганидан мамлакат жамоатчилиги бехабар қолди.

Озодлик мухбири Анвар акани эслаб, ортидан икки оғиз илиқ сўз айтиш учун унинг ҳамкасби ва дўсти, кекса журналист Шароф ака Убайдуллаевни суҳбатга тортди.

Анвар ака тўғрисида бошланиб, беихтиёр ўзбек журналисти қадри ва ўзбек журналистикаси аҳволи тўғрисидаги суҳбатга айланиб кетган мулоқот, таомилга кўра, марҳумнинг ортидан сўраладиган одатдаги саволдан бошланди.

Озодлик:
Қанақа одам эди Анвар Жўрабоев?

- Мен ҳозир эшитиб ўзим даҳшатга тушиб турибман очиқ гап. Анвар инсон сифатида, журналист сифатида ҳам жуда буюк одам эди, буюк шахс эди. Ўзбек журналистикасида жуда катта ўрни бор эди Анвар Жўрабоевнинг. Ўз халқига, миллатига қилган хизмати ҳар қандай одам ҳавас қилса арзийдиган даражада заҳматкаш, қаламкаш эдики, мен очиқ гап ҳозир кўзимда ëшим билан, юрагимда оғир бир дард билан саволингизга жавоб бераяпман.

Озодлик: “Буюк шахс эди. Ўзбек журналистикасида беназир эди”, деган гапни айтаяпсиз. Марҳум Анвар Жўрабоев билан битта цехнинг одамисиз. Анвар Жўрабоев жойига қўйилганига тўрт-беш кун бўлибди. Лекин бу хабарни биздан бугун эшитиб турибсиз. Бу ниманинг аломати? Нима учун битта цехнинг одами Тошкентда туриб эшитмай қолдингиз? Газеталар ëзмадими?

- Энди Анвар Жўрабоев воқеаси, очиқ гап, битта мен эмас жуда кўп журналистларнинг юрагини зирқиратиб, зилзилага туширса ажаб эмас. Начора, мен ҳозир узоқ йиллар бош муҳаррир бўлиб ишлаган Халқ сўзи газетасига ҳам телефон қилиб, яна бир бор хулосасини билишимга тўғри келди. Редакцияда ҳам жуда кўп одам билмайди. Ҳозир тушлик пайти бўлгани учун бир-иккита телефонларда дуч келган одамлар билмагандан кейин мен ҳозир котибияти орқали аниқладим. Ҳақиқатан бу воқеа жума куни бўлган экан. Энди начора. Мана ўзи бош муҳаррир бўлган газетада уч қатор таъзиянома берилган деган ахборотни айтишди менга. Оддий коммерческий структура берадиган уч қаторли таъзиянома. Бунинг сабабини балки мен чуқур тушунмасман. Лекин бундан олдин ҳам бир қатор таниқли журналистлар, миллатга ўзини фидо этган журналистларга мана шунақа муносабатлар бўлди. Мен бунинг ҳеч тагига ета олмайман.

Озодлик: Етган жойингизгача айтинг. Нима учун бу қадар лоқайдлик?

- Энди мен буни ҳозир жуда чуқурлаштирмайину, мен яхшиси “Анвар Жўрабоев қандай одам эди?”, деган саволингизга жавоб бериб қўя қолай. Анвар Жўрабоев тиригида ҳам охирги 10 йил давомида тазйиқ остида бўлган. Очиқ гапда. Чунки бирор жойда унинг бирор мақоласи босилмади, қаерда эканлиги маълум бўлмади ва ҳоказо. Лекин мен ажабланадиган жойим шуки, майли тирик Анвар Жўрабоев билан кимлардир курашса курашгандир. Кимларгадир қора куч бўлиб, ëв сифатида ҳужум қилингандир. Лекин энди бундай бир одам, миллатга таниқли одам миллатга хизмат қилганлиги ҳақида шубҳа бўлмаган одам оламдан кетгандан кейин марҳум Жўрабоев билан ким яна курашади, яна кимга керак?

Озодлик: Домла, мен берадиган саволларни ўртага қўяяпсиз. Мен сиздан ўша саволларга жавоб эшитмоқчиман.

- Энди битта Анвар Жўрабоев бўлганда мен бунча ажабланмасдим. Зиëд Исломович Эсенбаев деган ўзбек журналистикасининг отаси бўлган. Бундан 25 йил олдин матбуот соҳасига министр бўлган одам. Ëки 23 йил Қизил Ўзбекистон газетасига бош муҳаррир бўлган одам бор эди. Мана шуларга ҳам етарли ҳурмат кўрсатилмади деб ўйлайман. Чунки ўзлари 20 йиллаб бош муҳаррир бўлган газетасида бир гуруҳ ўртоғи имзоси билан чиқиш имконияти бўлмади.

Озодлик: Бугунги кунда Эсенбаевлар, Анвар Жўрабоевлар борми?

- Энди мана шунисига афсус қиласизда. Албатта газеталар чиқаяпти. Қанақа даражада чиқаëтганлигининг биттагина белгисини айтиб қўя қолай. Сиз мана “матбуот арбоблари борми”, деяпсиз. Эсенбаев, Юнус Зиëдов, Комил Алиев, Ориф Юнус, Худойберди Тўхтабоев – шунақа шахслар борми, деб сўраяпсиз. Мен буларни тарихдан юзлаб санашим мумкин. Афсус бугун биз орзиқиб кутган мустақиллик бизнинг қалбимиздан жой олганига шубҳа йўқ. Бу бизнинг фарзандларимизга бизнинг авлод қолдираëтган энг буюк мерос. Биз президентимиз Каримов раҳбарлигида мустақилликка эришдик, лекин бугунги матбуотдаги айрим кайфиятлар, матбуотдаги айрим сиëсатлар фақат битта бугунги раҳбарият сиëсатининг меваси эмас. Бу айрим калтабин одамларнинг сиëсати. Мана “шундай арбоблар борми” деб сўраяпсиз. Авваламбор матбуот бўлиши керак. Матбуотнинг майдони бўлиши керак. 1 миллион чиқадиган Қизил Ўзбекистон газетаси бугун 7000 чиқаяпти. Уят эмасми бу? Шунинг учун таққослаб бўлмайдиган даражада. Ҳатто, очиқ гап, газетанинг редакторларини ҳеч ким танимайди, дейди Шароф Убайдуллаев.

1948 йили Самарқанднинг Булунғурида туғилган публицист, таржимон ва сиёсий арбоб Анвар Жўрабоев бутун умрини ўзбек журналистикасига бағишлади.

Республикадаги бир қатор нуфузли газета ва журналларда ишлади. 1992-97 йилларда "Халқ сўзи" газетасини бошқарди.

Бир қатор фильмлар ва китоблар муаллифи.

Анвар Жўрабоев "Адолат" социал-демократик партияси асосчиларидан бири, Олий Мажлис экс-депутатидир.

Буюк рус ёзувчиси Михаил Шолохов Анвар Жўрабоевни "ўз мақолалалри, эсселари ва айгиқса суҳбатларида дозарб мавзуларни кўтарган жасур журналист", дея атаган эди.

Таҳририятмиз жамоаси Анвар аканинг яқинларига ҳамдардлик изҳор қилади.
XS
SM
MD
LG