Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:44

Тожикистон ҳукумати 25 ҳарбийнинг ўлимида собиқ дала қўмондони Мулло Абдуллоҳни айбламоқда


Мулло Абдуллоҳнинг аёли турмуш ўртоғингинг ўтган ҳафтадаги ҳужумга алоқаси борлигига ишонмайди.
Мулло Абдуллоҳнинг аёли турмуш ўртоғингинг ўтган ҳафтадаги ҳужумга алоқаси борлигига ишонмайди.

Ўтган ҳафта Рашт водийсида 25 ҳарбийни ўлдирган жанггариларни Мулло Абдуллоҳ бошқармоқда. Буни эълон қилган расмийларга кўра, "Мулло Абдуллоҳ", деб танилган Абдулло Раҳимов ўтган йили Афғонистондан Тавилдарага ўтиб, ўзига куч тўплаган ва шу кунда ҳукуматга қарши жанг эълон қилган.


Тожикистонда Мулло Абдуллоҳнинг тириклигига шубҳа қилувчилар ҳам йўқ эмас. Собиқ тожик мухолифати дала қўмондони Абдулло Раҳимов тирикми ё...?

Агар ҳаёт бўлса, Камаробдаги қонли воқеаларда айнан унинг қўли борлиги қанчалик ҳақиқат?

Бу саволларга жавоб излаб Озодлик мухбири Мулло Абдуллоҳ туғилиб ўсган Камонгарон қишлоғига йўл олди.

Тожикистон расмийлари Рашт водийсида ҳукумат ҳарбийларига ҳужум қилган жунггариларни Мулло Абдуллоҳ бошқарган, демоқда.
Абдулло Раҳимовнинг аёли Шамсия Раҳимова Камаробдаги террорчилик ҳужумини қоралар экан, бу воқеалар ортида турмуш ўртоғи турганига шубҳа қилишини айтади.

Шамсия ая 60 ёшларни қоралаб қолган турмуш ўртоғи Мулло Абдуллоҳнинг саломатлиги шўро замонларидаёқ ёмон бўлгани, ўти, чап буйраги ва бир ўпкасидан айрилганини ва бундай ҳолатда унинг катта жангларни бошқаришига ишонмаслигини қўшимча қилди.

- Абдулло уйидан, ватанидан чиқиб кетганига йигирма йил бўлди. Шу ўтган вақт ичида уни кўрганимиз ёки узоқдан бўлса ҳам телефон орқали боғланганимиз йўқ. Уйга ҳам келгани йўқ. Агар у ватанга қайтганида бизга хабар келган бўлар эди, дер экан Шамсия ая, олти нафар фарзандини ўзи вояга етказганини айтади.

53 ёшида дардга мубтало бўлиб, юролмай қолган аёл Ваҳдат тумани адоғидаги Камонгарон қишлоғида фарзандлари билан бирга эридан қолган пахса деворли уйда камтарона яшамоқда.

Унинг айтишича, ҳатто даволаниши учун мулла Абдуллодан бирор марта молиявий ёрдам бўлмаган.

- Биз 1975 йил Абдулло билан севишиб турмуш қурган эдик. У ҳаётда жуда босиқ, камтарин ва беозор одам эди. Фарзандларини суюб ардоқлар эди. Тожикистонда уруш бошлангунга қадар у Ваҳдат туманидаги санаторийларнинг бирида электрик бўлиб ишлади. Ишдан кейин масжидда намозини ўқиб, уйга қайтарди. Иккимиз Лайлию Мажнундек ширин турмуш қуриб, тинч яшаб келаётган эдик. Мамлакатда 90 йиллар митинг, унинг ортидан уруш бошландию эрим шу йўлга кириб кетди. Ўзим ҳам, раҳматлик қайнонам ҳам уни бу йўлдан қайтаришга кўп уриндик, аммо у унамади. Қандай бўлмасин мақсадларига эришишини айтди, дер экан, аёл юзларини юваётган кўз ёшларини рўмоли учи билан артади.

Аммо суҳбатдошимиз эрининг ҳозирга қадар жанг майдонида қолишига туртки бўлган асл мақсадларини бизга ошкор қилмади.

Кексайганда муҳтожликдан қийналаётган Шамсия аянинг гапларига қараганда, Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон тинчлик битими имзоланганидан сўнг, тожик мухолифати барча аъзолари қаторида эри Абдуллони ҳам авф қилган. Аммо Мулло Абдуллоҳ иқтидордаги ҳукумат билан келишиб яшаш, унинг авфини қабул қилишни ор билган ва афғон юртига ўтиб кетган.

-Ҳозир Абдулло ўзи ҳам пушаймон бўлса керак. Фарзандлари,юрти соғинчи қариликда уни қийнаётган бўлса керак. Чунки одам мусофир бўлмай туриб, бу неъматлар қадрига етмайди. Биргина тилагим у уйга қайтсин,таслим бўлсин. Зора ҳукумат кечирса. Бегона миллатлар қўли билан ўз миллатдошини,тожикларини қирғин қилдириш жуда ёмон иш. Лекин у таслим бўлса, ҳар ҳолда ҳукумат уни кечиради, деган ишончда Шамсия ая.

Ўтган йигирма йил давомида Шамсия ая эри билан бирга тўнғичи Оятуллони йўқотди. Беш қизини турмушга берди. Эридан қолган чала уйни қариндош-уруғ кўмагида қуриб битирди.

Шу кунларда иккинчи ўғли Бадриддинни уйлантириб сўнгги орзусига эришишга тараддуд кўраётганини айтади Шамсия ая.

- Мен Камаробдаги ҳужумни телевизордан кўриб юм-юм йиғладим. Ўғлим ҳам йиғлади. “Нега отам ўзи билан бирга бизнинг ҳаётимизни ҳам қийинлаштираяпти?”, деб куйинди ўғлим Бадриддин. Ўша кеча туни билан мижжа қоқмадим. Ўлган аскарларнинг оқ рўмол ёпинган оналари хаёлимда уйимга келиб, нола қилишди, дейди сўнгги бир неча кунда тинчи бузилиб, қон босими ошганидан шикоят қилар экан мулла Абдуллонинг аёли Шамсия Раҳимова.

Собиқ қўмондон Мулло Абдуллоҳ умрининг 15 йилини ўтказган хонадонни тарк этар эканмиз, йўл-йўлакай унинг қишлоқдошларига ҳам микрофон тутдик.

- Абдуллони танирдим. У ҳеч ким билан иши бўлмаган, босиқ одам эди, дейди пешин намозини ўқиш учун шошиб масжидга кетаётган 70 ёшлардаги отахон.

Аммо бугун Абдулло Раҳимов юрган кўчалардан юриб мактабига кетаётган болакайлар мулла Абдуллони умуман танимасликларини айтишди.

- Мен Мулло Абдуллоҳ деган кишини сиздан эшитаяпман. Бизнинг қишлоғимизда ҳеч қачон унақа одам бўлмаган , дейди болалардан бири.

Айни кунларда Марказий Осиё, Америка Қўшма штатлари, Германия каби қатор мамлакатлар ташвишига сабаб бўлаётган, иқтидордаги ҳукуматини ўйга солиб қўйган мулла Абдуллоҳни нафақат унинг қишлоғида улғаяётган бугунги авлод, балки республика аксарият ёшлари ҳам танимаслиги, унинг ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмаслиги маълум бўлди.

Тожикистондаги айрим сиёсий доиралар мулла Абдуллоҳ Тожикистон ҳукумати ўйлаб топган "олабўжи" ва унга қарши жанг баҳонасида ҳукумат собиқ мухолифат лидерларидан "жамиятни тозалаб олишни" мақсад қилган, дея мулоҳаза юритишмоқда.
XS
SM
MD
LG