Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:39

Кобул ҳукумати жанггарилардан миршаб ясамоқчи


Ҳамид Карзай маҳаллий жангариларни толибонга қарши қуроллантирмоқчи.
Ҳамид Карзай маҳаллий жангариларни толибонга қарши қуроллантирмоқчи.

Афғонистон ҳукумати маҳаллий дала қўмондонларига буйсунувчи жанггариларни молия ва қурол билан таъминлаб, улар ҳисобидан Толибонга қарши маҳаллий полиция гуруҳларини тузиш ташаббусини илгари сурмоқда. Экспертлар бу режа дала қўмондонлари қудратини кучайтириб, қавмлар ўртасига низо уруғини сочиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантиришмоқда.


Амир Муҳаммад Толибон гуруҳлари тахдидларига қарамай Қандахор вилоятининг Арҳандоб туманида ўз мавқеини сақлаб турган маҳаллий қавм етакчиларидан бири.

Ёз ойларида Толибон гуруҳлари бир қатор маҳаллий еткачиларни минтақани беш кун ичида тарк этишлари кераклиги, акс ҳолда уларни ўлим кутаётгани ҳақда огоҳлантирган эди.

Муҳаммаднинг айтишича, Толибоннинг бундай таҳдидлари ортидан кўпгина оқсоқоллар минтақани тарк этишга мажбур бўлди.

- Оқсоқолларимиз Қандахорга кетганидан сўнг Арҳандоб хувиллаб қолди. Хавфсизлик вазияти эса бу ерда ёмонлашмоқда. Вазият яхши бўлиши учун бу ерда қолишимиз керак, - дейди Амир Муҳаммад.

Эндиликда Афғонистон президенти Ҳамид Карзайнинг янги буйруғи билан мамлакатнинг Хирот, Пактико, Пактия, Ўрузгон минтақалари қатори Арҳандобдаги дала қўмондонларига буйсунувчи маҳаллий жанггари гуруҳлар ҳам Толибонга қарши қуроллантирилади, уларга ойлик-маош, кийим-бош берилади.

Аммо Ню Йорклик афғоншунос Майкл Хан Кобул ҳукумати илгари сураётган бу режанинг салбий оқибатларидан огоҳлантиради.

- Бу режа Пактия каби вилоятларда балки ижобий самара берар. Лекин бошқа ҳудудларда ҳукумат назоратидан йироқ бўлган жанггари гуруҳларга бундай ваколатлар берилиши дала қўмондонлари орасига низо уруғини сепиши мумкин. Қолаверса назоратдан йироқ одамларнинг қуроллантирилиши оддий аҳолини ҳам хавотирга солади, - дейди Майкл Хан.

Афғон ҳукумати эса хавотирларга ўрин йўқ деб ҳисоблайди. Афғонистон Ички ишлар вазирлиги матбуот вакили Замарай Башарий ҳукуматдан ойлик-маош ва қурол олиб ишлайдиган жанггариларни кучли назоратга олиш, уларнинг Толибон ёки бошқа гуруҳлар таъсирига тушиб қолмаслиги учун бир қатор чора-тадбирлар кўрилишини айтади.

- Бу кучлар тарикибига ёмон ниятли одамларнинг кириб қолиши олдини олиш учун бир қанча чораларни ўйлаб қўйганмиз. Маҳаллий миршабликка ёлланадиган ёшлар энг аввало Ички ишлар вазирлиги ҳамда Миллий разведка бошқармаси тарафидан тузилган комиссия тарафидан саралаб олинади ва улар мунтазам назоратда бўлишади, доим ҳисобот бериб туришади, - дейди Башарий.

Аммо Ню Йорклик эксперт Хан: "Бу режа амалда қандай ишлайди, қанчалар самара беради, буни ҳали кўрамиз", дейди.

Афғон ҳукуматининг режаси инсон ҳуқуқлари ташкилотлари эътиборидан ҳам четда қолгани йўқ. Ҳюман Райтс Вотч, Халқаро амнистия каби ташкилотлар Афғонистонда дала қўмондонлари ўз назоратидаги ҳудудларда яшовчи фуқаролар, хусусан оз сонли миллатлар вакилларига нисбатан таъқиблар ўтказаётганларини қайд этган.

Бундай қонунбузарликлар ҳақида бонг урган Ҳюман Райтс Вотч ҳамда Халқаро амнистия ҳукуматнинг дала қўмондонларига бўйсунувчи гуруҳлар ҳисобидан маҳаллий полиция тузиш режаси қандай амалга оширилишини яқиндан кузтиб боришларини айтишмоқда.
XS
SM
MD
LG