Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:41

Ўзбек милицияси очлик акциясига йўл қўймади


Икки йил аввалги автоҳалокатда Юлдуз Исомованинг турмуш ўртоғи ҳалок бўлган, Жамила Жовлиеванинг эри бир умрга ногирон бўлиб қолган.
Икки йил аввалги автоҳалокатда Юлдуз Исомованинг турмуш ўртоғи ҳалок бўлган, Жамила Жовлиеванинг эри бир умрга ногирон бўлиб қолган.

Қашқадарёлик ўқитувчи Юлдуз Исомова ва унинг овсини Жамила Жовлиеванинг ўз фарзандлари билан 23 сентябр куни соат 10.00 да Қашқадарё вилоят жиноий ишлар суди биноси олдида ўтказишни режалаштирган очлик акцияси маҳаллий милиция ходимларининг қаршилиги боис амалга ошмади.


Бу икки аёл адолат қарор топишини талаб қилиб 1 сентябр куни болалари билан биргаликда ўзларига ўт қўйишни режалаштирган пайтда ҳам ҳуқуқ-тартибот ходимлари уларни тўхтатиб қолган эдилар.

Қашқадарёнинг Чироқчи тумани Ҳамид Олимжон ширкат хўжалигида яшовчи 47 ёшли ўқитувчи Юлдуз Исомова ўзи ва овсини, иккласининг ўн нафар фарзанди билан биргаликда очлик акция бошлашни режалаштирганини, бироқ чироқчилик милиция ходимлари уларни уйларидан чиқармасдан пойлаб ўтирганликлари ҳақида Озодликка гапириб берди.

Юлдуз Исомова: Биз 23 сентябр куни соат 10.00 да очлик эълон қиламиз дедик. Овсиним ва мен болаларимиз билан ...

Озодлик: Сиз тўртта болангиз билан, овсинингиз ҳам болалари биланми?

Юлдуз Исомова: Ҳа. Овсиним олтита боласи билан биргаликда очлик эълон қиламиз деган эдик. Милициялар, бошқалар келиб, маҳаллага қўриқчилик қилиб уйдан чиққани қўймади.

Озодлик: Нечта одам бор уйингизни олдида?

Юлдуз Исомова: Ҳамма жойга қўйиб ташлаган. Ўнлаб одам бор.

Озодлик: Кимлар улар, қайси орган ходимлари?

Юлдуз Исомова: Ўзимизнинг Чироқчи милициясининг замначалниги бор.

Озодлик: Унинг ўзи ҳам келиб ўтирибдими?

Юлдуз Исомова: Ҳа, Солиҳ деган яна бир терговчи бор, яна майда милициялар. Бизни таксига минган жойимиздан тушириб олиб қолди. Таксистнинг қўлидан документини олиб қўйиб, бизларни кетгани қўймади. Ҳамма таксистларга “машинангга чиқармайсанлар”, деди. Бизга ҳам “Ҳозир куч ишлатаман. У қиламан, бу қиламан”, деяпти.

Озодлик: Буни ким айтди сизга?

Юлдуз Исомова: Чироқчи туман милициясининг замначалниги айтди. “Ишлат кучингни. Бор, қўлингдан келганини қил”, дедим. Мени қўрқитдида у. “Куч ишлатаман”, дегани қўрқитганими? Мен қўрқмадим. Лекин барибир бизни кетишимизга йўл қўймади. Уйда ўтирибмиз ҳозир.

Озодлик: Сизлар ўзингларингизга ўт қўймоқчи бўлган пайтда, вилоят ҳокимлигидан сизларга ваъдалар беришган эди. Нима бўлди шу ваъдаларнинг натижаси?

Юлдуз Исомова: Ҳеч қайсиси бажарилгани йўқ. Ҳеч нарса бўлмади. Ҳаммаси қандай бўлса, шундайлигича турибди. Ваъда қуруқ, ваъдалигича қолиб кетди.

Озодлик: Энди нима қиласизлар?

- Президентга кирамиз Тошкентга бориб. Ëтиб бўлса ҳам президентнинг ëнига кирамиз, дейди Юлдуз Исомова.

Ўқитувчи аёл Исомова 2008 йилнинг 9 декабр куни рўй берган автоҳалокатда турмуш ўртоғи Амир Абдуназаров ва яна бир йўловчининг ҳалок бўлиши ва икки кишининг бутун умрга ногирон бўлиб қолишида айбдор бўлган ички ишлар ходими жавобгарликка тортилмагани уни бундай қадамга мажбур бўлганини айтади.

Икки йил аввалги автоҳалокат оқибатида тўрт фарзанди билан бева қолган Юлдуз Исомова ўша пайтда машина рулида бўлган милиция ходими Нодир Холбоев сувдан қуруқ чиқиб, айбсиз, деб топилганига норозилик билдириб, турли ташкилотларга шикоят қилган, лекин ҳақиқат қарор топмагач, ўзи ва фарзандларига ўт қўйишга аҳд қилганди.

Маҳаллий милиция ходимлари бунга йўл қўймади. Энди эса уларга очлик эълон қилишига руҳсат берилмади.

Икки йил аввалги рўй берган автоҳалокатда Юлдуз Исомованинг қайиноғаси Ўктам Абдуназаров умрбод ногирон бўлиб қолган. Эрининг қийналиб яшаганига чидай олмаётган Жамила Жовлиева ҳам адолат қарор топишига ишонмагани боис овсинининг норозилик акцияларига қўшилган.

Юқорида тилга олинган автоҳалокат юзасидан очилган жиноий иш Шаҳрисабз шаҳар суди томонидан кўриб чиқлиб, 2009 йил 18 май кунги қарорига кўра, эҳтиётсизлик оқибатида авария содир қилган, дея “Нексия” ҳайдовчиси Обиджон Холов саккиз йилга озодликдан маҳрум этилган.

Бироқ ўша пайтда “Нива” машинасида бўлган Ўктам Абдуназаров воқеани эсларкан автоҳалокатга “Нива” рулини бошқараётган милиция ходими сабабчи бўлганини айтади.

- ГАИ ушлади Холбоев Нодир. Кейин документларни кўрдида, “бир кун сроги ўтган правангизнинг,” деди. “Жарима майдонига қамайман,” деб протокол тузмай, пассажирни туширмасдан рулга ўтирдида олиб кетди бизларни. Кейин йўлда 50-60 метрда кўрдик шу воқеани. Қиз бола чиқаяпти. “Тўхта, чеккага ол,” десак, бизларнинг гапимизни эътиборга олмади. Кейин машина келиб туриб, бизларга урилди. Тўхтатиб қолса ҳам бўларди. Тезлигимиз тез эмас эди. Чеккага олиб қўйса ҳам бўларди машинани. Шу ерда икки киши ўлиб қолаяптида. Акам Абдуназаров Амир билан Рўзиев Тойир. Кейин Шаҳрисабз судида жиноий иш очилди. ГАИ ходимини жабрланувчи қилди. Кейин областда бўлди суд. Иккита мутахассис айби бор деяпти, Тошкентдан келгани айби йўқ, деяпти. Шунақа қилиб сарсон қилаяптида бизларни. Уюштирганда шунақа қилиб ўзларича,- дейди Ўктам Абдуназаров.

Бир умрга ногирон бўлиб қолган Ўктам Абдуназаров Шаҳрисабз шаҳар суди ҳукмидан норози бўлиб, Қашқадарё вилоят судига апелляция тартибида шикоят аризаси киритади. Ушбу маҳкамада ҳам милиция ходими Нодир Холбоев фойдасига ҳукм чиқарилади.

Қашқадарё вилоят суди ходими Озодлик билан суҳбатда суд ҳукми мутлақо қонуний бўлганини таъкидлади.

Жабрланувчилар ўзларининг Ўзбекистон президенти, Олий суд ва Бош прокуратурага йўллаган шикоятларининг барчаси бесамар бўлганини айтишди.

Биз мавзуни ўрганиш давомида Қашқадарё вилоят хокимлигига ҳам мурожаат қилдик. Хокимлик ходими бу масала хусусида вилоят хотин-қизлар қўмитаси раҳбари Инобат Каримовага мурожаат қилишимиз лозимлигини айтди. Инобат Каримова билан телефон орқали боғланганимизда у Юлдуз Исомова билан Жамила Жовлиеваларнинг норозилик акцияларидан бехабарлигини, бироқ уларнинг шикоятларини ўрганиб, вазиятни ўз назоратига олишини билдирди.
XS
SM
MD
LG