Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:47

Тожикистондаги воқеалар ортида ким турибди?


Хўжанддаги милиция идорасида содир этилган портлаш Тожикистонда сўнгги ойда юз берган мудҳиш ҳодисалар занжирининг бир бўлагидир.
Хўжанддаги милиция идорасида содир этилган портлаш Тожикистонда сўнгги ойда юз берган мудҳиш ҳодисалар занжирининг бир бўлагидир.

Қирғизистондаги июн воқеаларидан сўнг Тожикистонда бир-бирига занжирдай боғлиқ қонли ҳодисалар содир бўлди. Душанбеда 25 маҳбуснинг қочиши, Хўжанд шаҳри милиция идораси ҳовлисидаги портлаш ва ўтган якшанба куни Рашт туманида ҳарбийларга ҳужум ана шу занжир тизимидаги воқеалардир.


Бу воқеалар Марказий Осиёда яна бир беқарорлик ўчоғи пайдо бўлаётганининг аломатими? Бу воқеаларнинг тагида қандай гап бор? Бу Имомали Раҳмон ҳукуматига қарши исённинг бошланишими? Ёки Тожикистондаги иқтисодий манфаатларни кўзлаган кланлар ўртасидаги урушми? Ёки қудратли давлатларнинг Марказий Осиёдаги беқарорликни вужудга келтириб, минтақада мустаҳкам ўрнашиб олишга қилаётган ҳаракатими?

Якшанба куни Тожикистоннинг Рашт туманида ҳарбийлар машиналари карвонига қилинган ҳужум оқибатида 25 нафар аскар ҳалок бўлди. Пистирмадан туриб ҳужум уюштирганлар ҳеч бир талофотсиз яна тоққа чиқиб кетдилар. Бу воқеа сўнгги йилларда ҳукумат аскарлари энг кўп талафот кўрган жанг бўлди.

Таҳлилчилар бу ҳодисани ва Душанбеда Миллий хавфсизлик қўмитаси изоляторидан 25 маҳбуснинг қочишини, Хўжанд шаҳридаги милиция идораси ҳовлисидаги портлашни бир занжирни ташкил этувчи халқалар, дея атамоқда. Бу воқеаларнинг ташкилотчилари ҳақида ҳам турли фикрлар айтилмоқда.

Биринчи айблов

Тожикистон ҳукумати бу ҳужумда Бирлашган тожик мухолифатини айблади. Ваҳоланки, Тожикистон ҳукумати Бирлашган мухолифат билан 1997 йилда тузилган яраш битимидан сўнг бирор марта ҳам расман Бирлашган тожик мухолифатини айблаб, бундай баёнот қилмаган эди.

Бу ҳужумлар жавобгарлиги мухолифатнинг Имомали Раҳмон ҳукуматига бўйсунмаган лидерлари Мулло Абдуллоҳ (Абдулло Раҳимов) ва Аловуддин Давлатовлар зиммасига қўйилди. Бироқ Бирлашган тожик мухолифатининг собиқ лидерларидан бири, Тожикистон собиқ қозиси Акбар Тўражонзода бу ишни амалга оширганлар Исломдан узоқ одамлар, деган фикрни илгари суради:

- Мен фуқаролик уруши ва муҳожирликни, саргардонликни ўз танамда синаб кўрган бир инсон сифатида кишининг жонига ва молига қасд қиладиган ҳар бир ҳаракатни қоралайман. Жумладан, бу жиноятни ҳам бутун масъулият билан маҳкум этаман, - дейди диний уламо Акбар Тўражонзода.

Иккинчи айблов

Баъзи кузатувчилар Камаробдаги ҳужум ортида Афғонистондаги толиблар ва Ал-Қоида турганлигини айтадилар. Бироқ АҚШда нашр этиладиган Wall Street Journal нашрининг толиблар сўзчиси Забеҳулло Мужоҳиднинг гапларига таяниб ёзишича, толибларнинг Тожикистондаги воқеаларга умуман даҳли йўқ:

“Афғонистон Амирлиги (Толиблар) сиёсий раҳбарияти қўшни мамлакатлар ички ишларига аралашишни рад этади. Бу Тожикистоннинг ички муаммоларидир”, деб ёзади Wall Street Journal Забеҳулло Мужоҳид гапларини келтира туриб.

Лекин терроризм масалалари бўйича таҳлилчилар Забеҳулло Мужоҳиднинг бу сўзларига шубҳа билдиради. Толиблар Афғонистонда ҳокимият тепасида бўлган пайтда Ташқи ишлар вазирлигининг ходими бўлиб ишлаган Ваҳид Мужданинг айтишича, Тожикистон ҳукуматига қарши курашаётганлар исломий мухолифатнинг собиқ аъзолари бўлиши мумкин:

- Толиблар даврида бир қанча марказий осиёликлар Кобулда бўлганликларига гувоҳ бўлганман. Баъзилари Тожикистон Ислом уйғониш партияси ва Ўзбекистон исломий ҳаракати, Тоҳир Йўлдошнинг тарафдорлари эди. Менинг фикримча, Тожикистонда бўлаётган воқеаларда Мулло Абдуллонинг иштироки бор, -дейди Ваҳид Мужда.

“Коммерсант” газетасининг ёзишича, Тожикистонда бошланган бу воқеалар нафақат президент Имомали Раҳмон ҳокимиятини хавф остига қўяди, балки тожик давлатининг яна фуқаролик урушига ботиб, парчаланиб кетишига ҳам сабаб бўлиши мумкин.

Газета бу воқеаларнинг бошланишига оид учта тахминни келтиради:

"Биринчиси, Тожикистон шарқида содир бўлган воқеалар ортида иқтисодий манфаатлари тўқнаш келган кланлар туради, иккинчиси тожик исломчиларининг ҳаракатлари ва учинчидан бу воқеаларни режимни янада кучайтириш учун Имомали Раҳмон ҳокимиятининг ўзи ҳам уюштирган бўлиши мумкин", деб ёзади “Коммерсант” газетаси.

Россиялик таҳлилчи Санобар Шерматова эса бу тахминларнинг фақат иккинчисида жон борлигини айтади. Унга кўра бу воқеалар Тожикистоннинг минтақада тутган ўрнидан ва унинг йиғилиб қолган ички муаммоларидан келиб чиққан бўлиши мумкин:

- Мен бу воқеалар ортида, тожик газеталари ёзаётгандек, кимлардир ёки қайси бир давлатларнинг махсус хизматлари турибди, деган фикрларга қўшилмайман. Менинг назаримда Тожикистонда бўҳронлар авжига чиқа бошлади. Биринчидан, Афғонистон билан чегаралар яхши қўриқланмайди, қуролли одамлар бемалол кириб келиши мумкин. Иккинчидан эса, тожик ҳукумати қатағон сиёсатини авж олдираяпти. Яъни собиқ мухолифат лидерлари бирин-кетин йўқ қилиняпти. Уларнинг қариндош - уруғлари, тарафдорлари бор. Бу одамлар ҳам бир кун тўқилган айбловлар билан қамоққа тушиш эҳтимолидан чўчиб, ташвишга тушмоқдалар. Яқинда собиқ дала қўмондонлари “агар қатағон шундай давом этаверса, биз қуролларни олиб тоққа чиқиб кетамиз”, деб айтишди. Мана ҳозир Рашт туманида ана шундай “зачистка” давом этяпти. Расмийларнинг ўйланмаган бундай ҳатти-ҳаракати жуда кўп салбий оқибатларга олиб келиши мумкин, - дейди Санобар Шерматова.

Санобар Шерматовага кўра, Қирғизистондаги қонли воқеалардан сўнг Тожикистонда бошланган қуролли тўқнашувлар бутун Марказий Осиёдаги барқарорликни издан чиқариши мумкин. "Шунинг учун ҳам, - дейди таҳлилчи, - Россия ҳам, АҚШ ҳам минтақадаги беқарорликдан манфаатдор эмас".

- Бу воқеалар ортида Россия ёки АҚШ турибди, деган афсоналар ҳозир ҳам эшитилиб турибди. Агар 1992 йил бўлганда эди, мен бундай гапларга ишонган бўлар эдим. Ҳозир эса вазият ўзгарган. Россия ҳам, АҚШ ҳам, Хитой ҳам, Европа Иттифоқи ҳам минтақада барқарорлик бўлишидан манфаатдор. Айниқса, Россия учун бу жуда муҳим. Марказий Осиё давлатларидаги ҳар бир бесаранжомлик Россияга салбий таъсир кўрсатади. Соддароқ қилиб айтсам, Марказий Осиё давлатлари ва Россия бир кемада ўтирибди. Қолаверса, Тожикистондаги беқарорлик ёки фуқаролик уруши Афғонистон учун йўлак очиб беради. Бу АҚШ учун ҳам Россия учун ҳам катта ташвиш келтиради,- дейди россиялик таҳлилчи Санобар Шерматова.
XS
SM
MD
LG