Линклар

Тожикистон собиқ мухолифати лидери террорчиликда айбланмоқда

  • Гулнора Равшан

Мирзохўжа Ахмадов тожик ҳарбийлари ўлимига алоқаси йўқлигини айтмоқда.

Мирзохўжа Ахмадов тожик ҳарбийлари ўлимига алоқаси йўқлигини айтмоқда.

Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитаси Рашт водийсида ҳукуматга қарши йўналтирилган ҳужумлар, жумладан,19 сентябр куни Мудофа вазирлиги колоннасининг ўққа тутилиши ва натижада 25 ҳарбийнинг ҳалок бўлиши ортида собиқ мухолифат лидери Мирзохўжа Аҳмадов турганини билдирди.


Рашт водийсида тожик ҳарбийларининг ўлдирилиши ортида Мирзохўжа Аҳмадов турибди, дея баёнот тарқатди Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитаси.

“Шу йил 19 сентябрида Камароб дарасидаги Навобод ҳудудида ҳукумат ҳарбийларидан иборат колоннани Мулло Абдуллоҳ ва Алии Бедак террорчи гуруҳлари гранатомёт ва пулемётлардан ўққа тутган. Мазкур воқеада 25 ҳарбий ҳалок бўлди. Ҳуқуқ - тартибот ходимлари олиб борган тезкор ҳаракатлар натижасида мазкур террорчи гуруҳни Рашт туман фуқароси - “Белги” лақаби билан танилган Мирзохўжа Аҳмадов бошқаргани аниқланди”, дейилади Миллий хавфсизлик қўмитасининг 23 сентябр куни ”Ховар” давлат ахборот агентлиги орқали тарқатган баёнотида.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлик қўмитаси масъуллари собиқ мухолифат собиқ лидери Мирзохўжа Аҳмадовнинг жиноятларини исботловчи далиллар борлигини таъкидлашмоқда.

- Биринчи далилимиз бу Мирзохўжа Аҳмадов қўлида диний ва ҳарбий таълим олган ва амалиётлар давомида қўлга олинган Исо Ҳалимов ҳамда унинг кўрсатмаларидир. Бошқа далил эса, 22 сентябр куни Рашт туманида олиб борилган кенг миқёсли амалиёт натижасида Мирзохўжа Аҳмадовнинг уйидан олтита Калашников автомати, учта гранатомёт ва катта миқдордаги портловчи моддалар топилиб, мусодара қилинганидир,- деди Тожикистон Ички ишлар вазирлигининг матбуот котиби Маҳмадулло Асадуллоев.

22 сентябр куни Тожикистон давлат телевидениясининг “Ахбор” кечки дастурида Мирзохўжа Аҳмадов жиноятлари билан боғлиқ ҳужжатли филм ҳам намойиш қилинди.

Бу филмга Миллий хавфсизлик қўмитасининг вақтинча сақлаш ҳибсхонасида сақланаётган 26 ёшли Ҳалим Исоев бош қаҳрамон қилиб олинган.

Ҳужжатли филмда юзлари кўкарган ва калтакланганлик аломатлари сезилиб турган бу йигит сўнги бир йил давомида Рашт водийсидаги махфий мактабларнинг бирида Мавлави Зикруллоҳ исмли шахсдан ҳарбий машқ олганини гапириб беради.

Шунингдек, унинг кўрсатмаларига кўра, Алии Бедак ва Мирзохўжа Аҳмадов Рашт водийсидаги уйлардан бирининг ертўласида ташкил этилган махфий лагер тарбияланувчиларидан хабар олиб турган.

Эслатсак, 21 сентябр куни Мирзохўжа Аҳмадов Озодлик билан суҳбатда ҳукумат Рашт водийсида собиқ мухолифат аъзоларига қарши амалиёт бошлаб юборганидан ташвиш билдирган эди.

- Шу йил ёзида президентимиз Раштга келиб, биз билан учрашганидан кейин қуролларимизни Ички ишлар вазирлигига топширдик. Менинг ва собиқ мухолифатнинг бошқа аъзолари ихтиёрида ҳеч қандай қурол йўқ. Биз расмий ҳукуматни тан оламиз, амалдаги қонунларни ҳурмат қиламиз,- дея билдирган эди Мирзохўжа Аҳмадов.

Шу кунларда Рашт водийсидаги манбалар билан телефон орқали боғланиш ва у ердаги вазият борасида маълумотларни олиш имконсиздир.

Душанбе шаҳридаги “Тожиктелеком” ширкат масъуллари бунга “айрим техник муаммолар”ни сабаб қилиб кўрсатмоқда.

Норасмий манбалар эса Рашт билан телефон алоқаси Миллий хавфсизлик қўмитаси талаби билан узиб қўйилганини айтмоқда.

Аснода Тожикистон Ички ишлар вазирлиги расмийси Маҳмадулло Асадуллоев Рашт водийсида террорчи гуруҳларга қарши амалиёт чоғида террорчи гуруҳнинг беш жангариси йўқ қилингани ва яна бир нафари қўлга олинганини маълум қилди.

- Айни пайтда,- дея қўшимча қилди Ички ишлар вазирлиги масъули Асадуллоев,- бу ҳудудда Мирзохўжа Аҳмадовни қўлга олиш бўйича амалиётларимиз давом этмоқда.

“Авесто” ахборот агентлиги ўз манбасига таяниб, 22 сентябр куни ҳукумат кучлари Мирзохўжа Аҳмадовнинг уйига ракета ҳужуми уюштиргани, собиқ қўмондон ҳалок бўлгани ҳақида хабар берди.

Тожикистонлик мустақил кузатувчилардан бири Абдуғани Мамадазимов ҳукумат кучларининг Рашт водийсида олиб борилаётган амалиётидан кўзланган асл мақсад собиқ мухолифат етакчиларидан қутилиш эканини айтади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG