Линклар

Тожик болалари ҳам "пахта қули"га айлантирилмоқда


Тожикистон далаларида ҳам болалар пахта теришмоқда.

Тожикистон далаларида ҳам болалар пахта теришмоқда.

Тожикистон президентининг талабаларни пахта - йиғим теримига жалб этмаслик борасидаги кўрсатмаларига қарамай мамлакат туманларида мактаб ўқувчилари оммавий равишда "пахта қули"га айлантирилмоқда. Айни пайтда расмийлар мамлакатда болалар меҳнатидан фойдаланилаётганини рад этмоқда.


Сўғд вилоятинининг Спитамен, Конибодом, Жаббор Расулов, Бобожон Ғафуров туманларидаги мактабларнинг ўқитувчилари Озодлик билан суҳбатда ўқувчилар шу кунларда дарс ўрнига далада пахта термоқда, дея маълум қилди. Ўқитувчилар ва ўқувчилар билан учрашишдан аввал вилоят агросаноат бошқармасига мурожаат қилдик.

Бу идора расмийлари мактаб ўқувчилари мажбуран пахта теримига чиқарилаётганини инкор қилишди. Уларга кўра, ўз ҳоҳиши билан пахта теримига чиққан болалар бўлиши мумкин. Лекин улар дарсдан кейин, бўш вақтида пахта термоқда.

- Уч йилдан буён республикада мактаб болалари пахта теримига жалб қилинмайди. Бирорта мактаб ўқувчиси дарс пайтида пахта термаяпти. Мактаб болаларининг ҳар куни пахтага олиб чиқилаётганлиги хақидаги хабарлар ёлғон. Агар ўқувчилар дарсдан кейин ота-онасига ёрдам бераётган бўлса, бу уларнинг ихтиёри. Биз бунга қаршилик қила олмаймиз,- деди вилоят агросаноат бошқармаси раиси ўринбосари Аюбжон Бобоев.

Шундан сўнг Спитамен туманида бўлиб, ўқитувчи ва ўқувчилар билан учрашдик. Мактаб ўқитувчиларининг баъзилари пахта теримида қатнашиш ватанпарварликнинг бир намунасидир ва ҳар бир Тожикистон фуқароси мана шундай долзарб кунларда ватан ривожи учун ўз ҳиссасини қўшиши лозим, дейди.

- Ўқувчиларнинг ўзлари пахта териш ташаббуси билан чиққан. Чунки улар мана шу муҳим кунларда давлатга ёрдам бериш кераклигини дил-дилидан ҳис этишган. Назаримда ўқувчиларнинг пахта теримида иштирок этиши ёмон эмас, чунки улар амалий меҳнат практикасидан ўтишади. Боз устига терган пахтаси учун ҳақ тўланади ва оила бюджетига фойда келтиради,- дейди ўқитувчи Зулайҳо Мамажонова.

Спитамен туманидаги ўрта мактабларнинг бирида ўқийдиган Раҳима исмли ўқувчининг айтишича, улар жума, шанба ва якшанба кунлари пахта далаларига мажбуран чиқарилмоқда.

- Ҳар куни эрталаб пахтага чиқяпмиз, чунки дарс тушдан кейин. Жума кундан бошлаб эса ҳар куни саҳардан кечгача пахта терамиз. Ўқитувчиларимиз: “Давлатга ёрдам бериш керак”, дейишди. Овқатимизни ўзимиз билан олиб келаяпмиз,- дейди Раҳима.

Унинг айтишича, ўқувчилар ҳар куни камида 12 килограмм пахта теришлари керак.

Тумандаги 62-умумтаълим мактаби ўқувчиси Дилноза Холиқова ҳам мактаб раҳбарлари уларни пахта теримига чиқишга мажбурлаётганини айтади:

- Ўқувчиларнинг пахта теришига қаршиман. Чунки талаба ўқиши керак. Сентябр ойи бошида ҳар шанба ва якшанба кунлари пахтага чиқаришарди. Бунақада ўқиш ҳам бўлмайди. Ҳозир эса ҳар куни пахта теряпмиз,- деди Дилноза Холиқова.

Ўқитувчи Жамолиддин Саидов талабаларни пахтага чиқармаслик лозим, дейди.

- Талабаларнинг пахтага олиб чиқилиши салбий оқибатлари ўз-ўзидан кўриниб турибди. Айтайлик, пахта терими мавсумида талабалар икки ой давомида ўқув программасидан қолиб кетади. Пахтадан қайтиб келган ўқитувчи ўқув программасини қисқартишга мажбур бўлади. Айтмоқчиманки, икки-уч мавзуни битта қилишга тўғри келади. Шундай қилмаса, ўқув программаси бажарилмайди,- дейди Жамолиддин Саидов.

Турмуш шароити оғир бўлганлиги сабаб пахта теримида қатнашаётган болалар ҳам бор. Марҳабо Холбекова исмли аёл пахта теримига 11 ёшли қизчаси билан чиқмоқда.

- Ўн кундирки қизчам Нодира билан пахта тераяпмиз. Қизчам 11 ёшга тўлган, тўртинчи синфда ўқийди. Нодира ҳар куни 10-15 килограмм пахта термоқда. Бошқа иложимиз йўқ, шароитимиз оғир, пул етишмайди. Боқувчимиз Россияга ишга кетганига бир йил бўляпти, лекин уч тўрт ойда бир марта жўнатаётган пули жуда кам,- дейди Мархабо Холбекова.

“Тожикистонда пахтани асосан талабалар теришади”, дейди кузатувчилар. Тожикистон Ёш хуқуқшунослар ассоциацияси вакили Рустам Гуловнинг айтишича, жорий йилда АҚШ Меҳнат вазирлиги пахтани қайта ишловчи ташкилотларга болалар меҳнатидан фойдаланиб, етиштирилгани учун Тожикистон пахтасини сотиб олмасликни тавсия қилганлиги ҳам расмийларни ташвишга солгани йўқ.

- Айни пайтда туманлар ва дехқон хўжаликлари раҳбарлари Конституциянинг 26 - моддасини бузишмоқда. Боз устига Тожикистон президенти мактаб ўқувчиларини пахта теримига жалб қилмаслик ҳақида қаттиқ кўрсатма берган. Лекин маҳаллий рахбарлар ўз билганларидан қолмаяптилар,- дейди Рустам Гулов.

Мамлакатда колхоз ва совхозлар тугатилганлиги сабабли пахта шахсий дехқон хўжаликларида етиштирилмоқда. Лекин дехқонларнигнг асосий қисми Россияга мардикорликка кетгани туфайли пахтани йиғиб-териб олиш машаққати яна мактаб ўқувчилари ва талабалар зиммасига тушмоқда.
XS
SM
MD
LG