Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:50

Аксилтеррор тузилма йиғилишида Қирғизистон масаласи кўрилди


ШҲТ Минтақавий аксил-террор тузилмаси кенгашининг навбатдаги йиғини Тошкентда бўлади.
ШҲТ Минтақавий аксил-террор тузилмаси кенгашининг навбатдаги йиғини Тошкентда бўлади.

23 сентябр куни Шанхай ҳамкорлик ташкилоти қошидаги Минтақавий аксил-террор тузилмаси кенгашининг Олмаотада бошланган йиғилишида ташкилотга аъзо давлатлар хавфсизлик хизматлари ва ҳуқуқ-тартибот идоралари Қирғизистон жанубидаги вазиятга оид масалаларни муҳокама қилди.


Олмаота йиғинида Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон вакиллари иштирок этди.

Мазкур йиғилишда Қирғизистоннинг Минтақавий аксил-террор тузилмаси кенгашидаги вакили “Қирғизистон жанубидаги воқеалар ва вазиятни барқарорлаштиришга оид Қирғизистон Республикасининг ҳукумат идоралари кўраётган чоралар ҳақида” чиқиш қилди.

Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг “ИнфоШОС” расмий интернет-портали бош муҳаррири муовини Максим Кранс мажлис ҳақида Озодликка буларни маълум қилди:

- Менинг билишимча, у ерда кўрилаётган масалаларнинг барчаси Қирғизистон билан боғлиқдир. Биринчидан, Қирғизистон вакили қилган маъруза асосида ШҲТ Минтақавий аксил-террор тузилмаси Кенгашининг Қирғизистоннинг жанубий вилоятларида хавфсизликни таъминлаш учун ҳукумат кучларига халқаро террорчилик, экстремистик ва айирмачи ташкилотлар фаолияти борасида тезкор ахборот алмашинувида ШҲТга аъзо давлатларнинг тегишли идоралари томонидан кўмак бериш ҳақидаги қарори қабл қилинди. Бунда, ҳеч қандай қўшин киритилиши ҳақида гап кетмаётганини алоҳида қайд этмоқчиман, деди “ИнфоШОС” интернет нашри бош муҳаррири муовини.

Унинг айтишича, Кенгаш йиғилишида ШҲТ аксил-террор тузилмаси ижроия қўмитасининг 2010 йилга доир фаолияти маъқулланган ва 2011 йилга мўлжалланган иш режаси қабул қилинган.

Йиғилишда шунингдек, наркобизнес ва жиноятчиликка қарши курашда Минтақавий аксил-террор тузилмасининг БМТ қошидаги идоралар ва бошқа халқаро ахборот-бошқарув марказлари билан алоқаларни кенгайтириш масаласи кўтарилган.

Кенгаш аъзоларининг қарори билан Минтақавий аксил-террор тузилмаси раиси этиб Хитой жамоатчилик хавфсизлиги вазири муовини Мэн Хунвей бир йиллик муддатга сайланди.

Анжуман якунида ШҲТ Минтақавий аксил-террор тузилмаси кенгашининг навбатдаги йиғилиши 2011 йил март ойида Тошкентда ўтказилиши эълон қилинди.

ШҲТ қошидаги аксил-террор минтақавий тузилманинг бош қароргоҳи Тошкентда жойлашганига қарамасдан, Ўзбекистон кейинги пайтларда ШҲТ доирасида ўтказилаётган аксил террор машқларда қатнашма келмоқда. Ўтган ойда Россиянинг Саратов вилоятида, ўтган йили эса Тожикистонда ШҲТ ўтказган машқларда ҳам Ўзбекистон ҳарбийлари қатнашмаган эди.

Максим Кранс Ўзбекистоннинг Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти фаолиятидаги иштирокининг сусайиб бораётгани сабаблари бундай изоҳлайди.

- Аслида Тошкентнинг бу масала бўйича позицияси барчага маълум. Улар, яъни Ўзбекистон ҳукумати, фақат ўзлари учун қизиқарли ва истиқболли лойиҳалардагина иштирок этиш лозим, деб ҳисоблайди. Ўзбекистон ШҲТнинг барча лойиҳаларида иштирок этмасдан, фақат ўзи учун манфаатли бўлган лойиҳаларни танлайди, холос. ШҲТнинг ташкилот сифатида қулайлиги ҳам унга аъзо давлатлар барча лойиҳаларда иштирок этиши шарт бўлмаганидадир. Биласиз, Ўзбекистон ҳатто Қирғизистонда Россия базасини жойлаштириш масаласида ҳам ўзгача позицияга эга, дейди “ИнфоШОС” портали шарҳловчиси Максим Кранс.
XS
SM
MD
LG