Линклар

logo-print

Ўзбек ва қирғиз чегарачилари келишиб олди

  • Сарвар Усмон

Ўзбек-қирғиз чегарасидаги баъзи ўтиш пунктлари очиладиган бўлди, лекин энг серқатнов Дўстлик чегара пости ҳозирча ёпиқ.

Ўзбек-қирғиз чегарасидаги баъзи ўтиш пунктлари очиладиган бўлди, лекин энг серқатнов Дўстлик чегара пости ҳозирча ёпиқ.

Ўзбекистон ва Қирғизистон давлат чегара хизматлари раҳбарлари 22 сентябр куни Боткенда бўлиб ўтган учрашувда июн воқеаларидан сўнг ёпилиб қолган чегаранинг баъзи пунктларини 23 сентябрдан бошлаб очишга келишиб олди.


Қирғизистон Чегара хизмати матбуот вакилидан олинган маълумотларга қараганда, 23 сентябрдан бошлаб Ўзбекистоннинг “Водил”, “Бирлашган”, “Барак”, “Қизил-қия”, “Лимбург”, “Тул”, “Ғазнов”, “Оққия”, “Дувайрам” чегара масканлари, Қирғизистоннинг “Чечма”, “Этикчи”, “Қайтпас”, “Бўзадир” чегара масакнларидан тегишли ҳужжатлари мавжуд ҳолатда Қирғизистон фуқаролари ва уларнинг транспорт воситалари кечаю кундуз ўтиб-қайтиши мумкин.

Шунингдек, Мойлисой шаҳридаги электр лампа заводининг тўлақонли ишлашини таъминлаш учун "Маданият" маскани ҳам фуқаролар ва транспорт воситалари учун очиладиган бўлди.

Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг Сўх тумани ва Риштон туманидаги Чўнқора қишлоғи аҳолиси ҳамда шу ҳудуддаги Ўзбекистонга қарашли муайян корхона ташкилотлар ходимлари учун Қирғизистоннинг "Газпром" ва Ўзбекистоннинг “Ўқчи” масканлари 23 сентябрдан очиладиган бўлди.

Эслатиб ўтамиз, бу маълумотларни Қирғизистон Чегара хизмати тарқатди.

Демак, икки давлат ўртасидаги энг серқатнов ўтиш жойлари, жумладан Ўшга ўтиладиган "Дўстлик-Достук", "Қорасув-Кара-Суу" назорат-ўтказиш масканлари ёпиқлигича қолади.

Бу фикр келтирилган маълумотлар мантиғидан келиб чиқади.

Шундай бўлса-да, Қирғизистон Чегара хизмати матбуот вакили Салқин Абдиқариева билан боғланиб, сўрадик:

Озодлик: "Дўстлик" ва "Қорасув" ўтиш жойлари ёпиқлигича қолаверадими?

- Шу кунда "Дўстлик" ва "Қорасув" чегара масканлари ёпиқ ва улардан учинчи давлатлар фуқароларигина ўтиши мумкин. Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқаролари бу масканлардан ўта олмайди, деди Салқин Абдиқариева.

Унинг айтишича, бу пунктлар июн воқеаларидан сўнг Ўзбекистон ташаббуси билан ёпиб қўйилган ва 22 сентябр кунги учрашувда бу масала кўрилмаган.

- Кечаги учрашувда бу пунктларни очиш масаласи муҳокама қилингани ҳам йўқ. Чегара хизматлари раҳбарлари, асосан, Қирғизистоннинг Боткен ва Ўзбекистоннинг Фарғона вилоятлари ўртасидаги чегара чизиғида жойлашган ўтказиш масканлари билан боғлиқ вазиятни ўрганишди, деди Салқин Абдиқариева.

Қирғизистон Чегара хизмати матбуот вакилининг фикрича, "Дўстлик" ва "Қорасув" каби йирик ўтиш жойлари масаласи Чегара хизматлари даражасида эмас, балки ҳукуматлар даражасида ҳал қилиниши мумкин. Ҳозирча эса, бу масканларнинг қачон очилиши маълум эмас".

Масала юзасидан Ўзбекистон расмийларидан бирон маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Боткен вилояти давлат маъмурияти ҳуқуқ-тартибот органлари бўлими мудири Тоштемир Эшалиевнинг Озодлик радиоси қирғиз хизмати мухбири билан суҳбатда айтишича, икки давлат ўртасидаги чегарада "10 октябрда Қирғизистонда ўтадиган парламент сайловидан кейин ўзгаришлар бўлиши мумкин".
XS
SM
MD
LG