Линклар

logo-print

"Обаманинг уруши" китоби АҚШда нашр этиляпти


Боб Вудворд 1970 йилда президент Никсон истеъфосига сабаб бўлган мақола муаллифидир.

Боб Вудворд 1970 йилда президент Никсон истеъфосига сабаб бўлган мақола муаллифидир.

Янги афғон стратегияси борасида Обама маъмуриятидаги ички келишмовчилик ва кучли тортишувлар фош этилган "Обаманинг уруши" китоби ҳали ўқувчилар қўлига етиб бормасидан Америка жамоатчилиги эътиборига тушди.

"Washington Post" мухбири Боб Вудварднинг яна бир шов-шувли китоби душанба куни АҚШда расман нашрдан чиқиши кутиляпти.

"Обаманинг уруши" деб номланган бу китоб ҳали расман нашрдан чиқмасиданоқ , АҚШдаги икки етакчи рўзнома - "Washington Post" ва "New York Times" ундан парчаларни эълон қилди.

Китобда ёзилишича, АҚШдаги айрим юқори лавозимдаги мулозимлар президент Обаманинг Афғонистонга қўшимча 30 минг қўшин юбориш ва 2011 йил ёзидан АҚШ қўшинларини Афғонистондан олиб чиқиш режасини маъқулламайди, Обама эса Афғонистонга кўпроқ қўшин жўнатишни сўраётган Генерал Петреус каби ҳарбий қўмондонлар ҳамда бунга қарши чиқаётган вице президент Жо Байден бошлиқ демократлар орасидаги тортишувлар марказида қолган.

Булардан ташқари "Обаманинг уруши" китобида АҚШ президентининг Афғонистон ва Покистон бўйича махсус вакили Ричард Холбрукнинг "бу минтақа учун ишлаб чиқилган стратегия иш бермайди", деган сўзлари келтирилган.

Вудвард китобининг яна бир шов-шувли жиҳати, АҚШ Марказий разведка хизматининг Афғонистонда кўп сонли армияси мавжудлиги ва Қобул раҳбарининг васвосликка мубтало бўлганига оид маълумотлардир.

Боб Вудворд бир қатор бозори чаққон китоблар муаллифидир. У 1970-йилларда ўша даврдаги АҚШ президенти Ричард Никсоннинг истеъфога кетишига сабаб бўлган "Уотергейт" жанжали бўйича суриштирув олиб борган журналистлардан.

Вудворд ҳаммаси бўлиб АҚШ президентлари ҳақида тўққизта китоб ёзган. Сўнгги китобини ёзиш учун Вудвард Оқ уйга кириш ва Обама билан эксклюзив суҳбатлар қилиш имкониятига ҳам эга бўлди.
XS
SM
MD
LG