Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:37

Пахта термаган талаба ўқишдан ҳайдалди


Пахта теримида асосий иш кучи бўлган олий ўқув юртлари маъмуриятлари терим суръатини оширишнинг радикал усулини топди: кунлик нормани бажармаган талабалар ўқишдан ҳайдалмоқда.
Пахта теримида асосий иш кучи бўлган олий ўқув юртлари маъмуриятлари терим суръатини оширишнинг радикал усулини топди: кунлик нормани бажармаган талабалар ўқишдан ҳайдалмоқда.

Гулистон давлат университетининг битирувчи курс талабаси Жавлон Тоғаев пахта териш меъёрини бажармаганлиги учун талабалик сафидан чиқарилди. Сирдарёлик ҳуқуқ фаоллари тарқатган хабарни университет маъмурияти инкор қилмоқда.


18 сентябр куни Сирдарё вилояти Оқ олтин туманида пахта тераётган Гулистон давлат университети агроиқтисодиёт факултети 4 курс талабаси Жавлон Тоғаевнинг талабалар сафидан чиқарилиши ҳақида буйруқ чиқди.

Жавлоннинг ота-онаси бу ҳақда “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамиятининг Сирдарё вилояти бўлимига маълум қилди. Исроил Ризаев ташкилотнинг Сирдарёдаги фаоли.

- Ректорнинг хонасида ҳам бўлдим, кадрлар бўлимида ҳам бўлдим. “Ҳайдалади, бугун буйруқ чиқарамиз” дейишди. Ҳатто “биз эълон қилиб қўйдик, қайтмаймиз”, деб ректор ҳам айтди, проректор, декан, домлалари ҳам айтди. “Олиб кетинглар” деди, ота-онаси олиб келди ҳозир уйига. Икки кундан бери уйда ўтирибди, пахтага чиқишни ҳам, институтга боришни ҳам билмайди. Юрибди, кайфияти, руҳи тушиб кетган, дейди ҳуқуқ фаоли Ризаев.

Жавлон Тоғаев Сирдарё вилоятининг Боёвут тумани Ғалаба жамоа хўжалигидан. Янгиер туманидаги гимназияни аъло баҳолар билан тугатиб, Гулистон давлат университети агроиқтисодиёт факултетига грант асосида ўқишга кирган. Олдинги йиллар пахта терими мавсумида Жавлон Тоғаев хўжалик ишларига бириктирилар эди, аммо бу йил уни ҳам пахта теришга мажбур қилишган.

- Оқ олтин туманига борсак, у пахтазорга борса, ҳайдаб юборишаётган экан. Шахсан мен агроиқтисодиёт факультети декани Одил Олтмишев билан суҳбатлашдим. Кулиб туриб айтаяптики, “Мана тўғри қилдик. Бу тўртинчи курс, кам теради, меъёрни бажармайди. Мана эрталаб эълон қилган эдик, икки кундан бери терим суръати жуда юқори бўлди. Студентлар яхши тераяпти, буни ҳайдаганимиз учун”, деб мамнуният билан менга гапириб берди,- дейди Исроил Ризаев.

Жавлон Тоғаев пахта мавсумида Гулистон давлат университетидан ҳайдалган ягона талаба эмас, дея давом этади инсон ҳуқуқлари фаоли.

- 2010 йил пахта мавсумида терим суръатини кўтариш мақсадида қолганларга таъсир қилиш учун бошқа факултетлардан ҳам 9 та талаба ҳайдалибди. Мен ректоратнинг расмий буйруғини кўрганим йўқ. Талабалар айтишди.

Гулистон давлат университетининг ўқув бўлими бошлиғи Анвар Аралов “Озодлик” нинг пахта териш меъёрини бажармагани учун ҳайдалган талабалар ҳақидаги сўровига бундай жавоб берди:

- Энди ҳозирча бизда бундай маълумотнинг ўзи йўқ. Айнан пахта хусусида бундай гапнинг ўзи бўлган эмас. Ҳайдалиш ҳақида хеч қандай гап йўқ. Бўлса, билишимиз керак,- деди Гулистон давлат университети масъули Анвар Аралов.

Ҳуқуқ фаоли Исроил Ризаев университет маъмурияти Жавлон Тоғаевнинг ўқишдан ҳайдалишига бошқа сабабни кўрсатмоқда, дейди.

- Энди биласиз, йигитчилик. 22-23 ёшдаги йигитлар келиб туриб, мева-чева, бир пиёла пиво ичган экан. Айби кечқурунги текширувга ўртоқларини кузатганлиги сабабли кеч қолганлиги. Уни ёмон кўрган домласи “Нимага кеч қолдинг?”, деб туриб милицияни чақирган. Жамоат жойида пиво ичганлиги боис, тўрт ярим минг сўм жарима тўлаган Халқ банкига. Шу асос бўлаяпти унинг ҳайдалишига.

Гулистон давлат университетининг низомида битирувчи курс талабасини пахта теримида меъёрни бажара олмаганлиги учун ҳайдаш кўрсатилмаган. "Шу боисдан талабанинг пиво ичганлиги университет раҳбарияти учун яхши баҳона бўлган", дея қўшимча қилади ҳуқуқ фаоли Исроил Ризаев.

- Амал курсисида сақланиб қолиш учун ва юқорига пахта сводкасининг кўтаринки бўлиши учун “кам пахта терган талабаларни ўқишдан ҳайдашгача боринглар”, деган экан мутасаддилар. Пахтага чиқиш, териш тўғрисида олий таълим низомларида ҳеч нима айтилмаган,- дейди Исроил Ризаев.

“Озодлик” Гулистон давлат университетидан ҳайдалган Жавлон Тоғаев билан боғланишга ҳаракат қилди. Аммо на талаба, на унинг яқинлари билан гаплашиш имкони бўлди.
XS
SM
MD
LG