Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:03

Пахта теролмасанг, қулоқни эҳтиёт қил


Кунлик норма - 25 кило пахтани тера олмагани учун қулоғидан чўзилгани учун қйиноққа чидолмай, балки нафсонияти оғриганидан 12 яшар Жамшид норозилик ўлароқ, пахтага чиқмади. Жамшидку осон қутилибди, Сирдарёда нормани топширмаган тўртинчи курс талабаси ўқишдан ҳайдалди.


“Пахта учун қулоқ чўзма”


Хоразм вилоятининг Гурлан туманидан қўнғироқ қилган тингловчи Ражаб Маткаримов 12 ёшли набираси Жамшид кам пахта тергани учун ўқитувчи уни қулоғидан чўзиб, жазолаганини гапириб берди. Бундай жазга норозилик ўлароқ пахтадан қочиб келган Жамшидни суҳбатга чақиришдан аввал Ражаббой аканинг ўзи билан гаплашдик:

Ражаб Маткаримов: Неварам 5-синф ўқувчиси. Пахтада ўқитувчиси қулоғидан чўзибди. Шундан кейин йиғлаб уйга келди. “Бугун пахтага бормайман” деб қолиб кетди.

Озодлик: Ким қулоғидан чўзибди?

Ражаб Маткаримов: Ўқитувчиси.

Озодлик: Неварангизни чақиринг. Бир гаплашайлик. Исми нима?

Ражаб Маткаримов: Жамшид. Ҳозир чақираман.

(Шу ерда Ражаб ака қўлидаги телефонни невараси Жамшидга берди)

- Ало.

Озодлик: Ассалому алайкум.

- Ассалому алайкум

Озодлик: Жамшиджон қандайсан?

- Яхши.

Озодлик: Нечанчи синфда ўқийсан?

- Бешинчи.

Озодлик: Нечанчи мактаб?

- Саккизинчи.

Озодлик: Пахтага чиқдингларми? Пахтада сенинг қулоғингни чўзибди, деб эшитдик. Шундайми?

- Ҳовво (Ҳа, тасдиқ сўзининг Хоразм вилоят шевасидаги айтилиши - таҳр.). Ўзи қулоғим катта. Уни ҳам чўзаверади.

Озодлик: Ким чўзди?

- Моллим (Хоразм вилояти Янгибозор ва Гурлан туманларида ўқитувчи сўзининг ўрнига ишлатилинадиган сўз – таҳр.). Устозим чўзди.

Озодлик: Нимага чўзди?

- Пахта терасан, деб чўзди.

Озодлик: Сизларга кунига қанчадан норма қўйган?

- Кунига 25 кило.

Озодлик: Нима учун чўзди? Пахта тера олмаяпсан дедими?

- Пахта йўқ жойга олиб боради. Ҳар кун битта жойга олиб боради.

Озодлик: Қулоғинг оғридими?

- Ҳа.

Озодлик: Шунга қочиб келдингми?

- Ҳа.

Озодлик: Устозинг фақат сеникини чўзадими ëки ҳамма болаларникини чўзадими?

- Ким тера олмаса, ўшаникини чўзади.

Озодлик: Қанча бўлди пахта тераëтганларингга?

- 10 кун бўлди.

Озодлик: Қачон борасизлар, қачон қайтасизлар?

- Эрталаб кетамиз, кечқурун қайтамиз.

Озодлик: Борадиган жойларинг узоқми?

- Сал узоқроқ. Тракторда олиб бориб, пиëда олиб келади.

Озодлик: Прицепга юклаб олиб борадими?

- Ҳовво. Қайтишда пиëда олиб келади.

Озодлик: Овқат ейсизларми пахтада?

- Йўқ, овқат бермайди. Фақат сув қайнатиб беради.

Озодлик: Овқатни ўзларинг олиб борасизларми?

- Ҳа.

Озодлик: Нима олиб борасизлар уйдан?

- Помидорни, картошкани қовуриб олиб борамиз.

Озодлик: Бошқа болалар ҳам қочаяптими ëки битта сен қочиб келдингми?

- Бошқалар ҳам қочади.

Озодлик: Сизларни ҳар йили пахтага олиб чиқадими?

- Ҳа.

Озодлик: Энди бормайссанми пахтага?

- Бормайман энди, дейди Жамшид.


“Ҳамма ёқ кўзбўямачилик”

дейди Самарқанд шаҳридан қўнғироқ қилган Олимжон ака. Унга кўра, коллежни битирган талабалар ишга кирганлиги ҳақида ёлғон маълумотнома олиб бориб бергандан сўнг дипломларини олмоқда:

- Биз етук кадрмиз. Ëшимиз 47да. Сиëсат, иқтисод, Ўзбекистоннинг бутун иқтисодий, сиëсий аҳволи, ҳаммаси билан қизиқамиз. Маълумотимиз олий. Касбимиз инженер.

Озодлик: Қайси соҳада?

- Энергетика соҳасида. Учта фарзандимиз бор. Фарзандим коллежни битирди. Ишсиз юрибди. Президентнинг буйруғи бор. Лекин кўп коллежларда кўзбўямачилик қилиб, болаларни мажбур қилиб фермердан, маҳалладан обортириб, ëлғондан фиктивний қилиб, ҳужжат олиб бориб бечоралар дипломини олди. Ҳаммаси ишсиз. Маҳалладан, колхоздан, фирмадан, банкрот бўлиб кетган фермер хўжаликларидан. Менинг ўғлим ҳам ана шуларнинг биттасидан олди. Олмаса бўлмади. Мажбур. Мен ўзим ҳам етук кадрман. Ҳеч ким ҳеч нарса билан қизиқмайди. Қоғозда ҳамма нарса беш. Ҳаëтда лекин беш эмасда.

Озодлик: Ўзбекистон телевидениесида, оммавий ахборот воситаларида “Тошкентда, вилоятларда, туманларда бўш иш ўринлари ярмаркаси ўтказилаяпти” деган жуда кўп хабарлар чиқади. Сиз ишсизман деяпсиз. Наҳотки сиз малакали мутахассис бўлсангизу, сизга иш бўлмаса?

- Йўқ, чунки кўп жой таниш-билиш. Ўғлимга “Меҳнат биржасида нима бўлибди” десам, “Э дада, ëлғондан” дейди. Лекин бир-иккита оғир ишларга олгани бўлган. Ўзининг касби бўйича олмагн. Мисол учун финансист бўлса, рабочий бўлиб ишга ўтган. Короче “фиктивний, кўпи иш эмас” дейди, дейди самарқандлик Олимжон ака.


“40 километр ўрнига 800 километр”

Сурхондарё вилоятининг Музробод туманидан қўнғироқ илган тингловчи Жўра аканинг сўзларига кўра, илгари қўшни Туркманистонга ўтадиган яқин чегара пости бор эди. Айни пайтда бу чегара пости ёпилганлиги учун қўшни республикадаги қариндошлариникига ўтмоқчи бўлган одамлар 20 баравар кўп йўл босишга мажбур бўлмоқдалар:

- Бизлар Туркманистон билан қўшнида. Олдин йўлимиз очиқ эди. Ўтардик, борардик. Қиз берганмиз, қиз олганмиз. Бизга уч кунга рухсат берилади ўтишга. Туркманистонга ўтишга чегара пости бор эди олдин. Ҳозир шу ëпиб ташланган.

Озодлик: Пиëда ҳам ўтиш мумкин эмасми?

- Мумкин эмас. Фақат Бухоро орқали ўтиш мумкин. Бизга моддий томондан ҳам, вақт томондан ҳам ноқулай бўлаяптида. Узоқ айланиб келишга.

Озодлик: Масалан ҳозир шундай ўтсаларинг, неча километрга борардинглару, айланиб келсанглар, неча километрда келаяпсизлар?

- Шундай ўтадиган бўлсак, 40-50 километрга етмайди. Агар бу ëқдан айланиб келамиз десак, Бухоро ҳам биздан 500 километр бордир, яна шу ëққа бориб орқага қайтиш керакда.

Озодлик: Тахминан 700-800 километр йўл юрар экансизларда шундайми?

- Ҳа. Ўзингиз биласиз, бизда бензин ўзи йўқ. Ëмон моддий қийинчилиги борда. Қанча ишимиздан қоламиз. Биз кунимиз кетишга, бир кунимиз келишга кетади. Шу ердда бўлса, бир соатда ўтамиз қўямиз¸ дейди музрободлик Жўра ака.


“Қирғизистонга қайтиб борамиз”

дейди Қирғизистоннинг Жалолобод туманидан Россияга ишлагани келган Одилжон ака:

- Бизнинг маҳалладан ҳозир олтита уй тўлиқ кетди.

Озодлик: Маҳаллангизнинг номи нима?

- Маҳалламизда янги чеклар бор. Янги чекларга жой солганмиз шаҳардан. Шу ердан олтита оила полний кетди. Бундан ташқари, мана бизлар келаяпмиз бу ерга, ҳозир бир виход топиб, шу ердан иш-пиш топиб, фарзандларни, бола-чақаларни шу ерга олиб келиш мақсадида келдик. Бошқа иложи бўлмаяпти. Ўзбекистонни ўзингиз кўраяпсиз. Киргизмайди. Ҳаттоки бизга ўтиб кетгани коридор очиб бермайди. Мен ўзим шофëрман. Бишкек билан келгунимизча ҳам жуда катта қийинчиликлар бўлаяпти. Таможнялар олаяпти пулларни хоҳлагандай қилиб. Бермасак, хоҳласа уради, хоҳласа бошқа қилади.

Озодлик: Бизнинг тингловчилар “У ердан ўзбеклар кетмаслиги керак. У ер уларнинг ота юртлари. Улар кетса, у ерда кейин ўзбеклар қолмайди” деб айтишаяпти.

- Тўғри. Лекин ҳеч бўлмаса фарзандларни бу ëққа олиб келиб қўйиб, кейин ўзимиз боришимиз керак биз эркаклар.

Озодлик: Сизлар болаларнинг тақдиридан хавотирда шундайми?

- Болаларнинг тақдиридан хавотир бўламизда. Ўтганда кўрдингизку. Ëш болани аямаса булар, каттами кичикми демаса, қариини қари, ëшни ëш демаса. Ҳаммасини отиб бемалол кетишаверди. Шунинг учун болаларнинг нимасидан ҳижолат бўлаяпмизда. Болаларни шу ëққа олиб келиб қўйсак, кейин биз ҳам бемалол ўзимиз бориб Худо берган нимани кўрамиз¸ дейди Одилжон ака.

****************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас.!
XS
SM
MD
LG