Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:58

Россия коммунистлари миграция масаласини муҳокама қилишди


Коммунистлар меҳнат муҳожирлари билан боғлиқ муаммоларни жамоатчилик муҳокамасига олиб чиқди.
Коммунистлар меҳнат муҳожирлари билан боғлиқ муаммоларни жамоатчилик муҳокамасига олиб чиқди.

24 сентябр куни Москва шаҳар Думасида Россия коммунистик партияси Москвада миграция муаммолари мавзусида давра суҳбати ташкил этди. Турли давлат ва жамоатчилик ташкилотлари вакиллари иштирок этган тадбирда Россияда меҳнат муҳожирлари билан боғлиқ муаммолар муҳокама қилинди.


Россия коммунистлари - КПРФ - Москва шаҳар Думасида уюштирган тадбирда Россия Давлат Думаси депутатлари, Вьетнам, Қирғизистон, Хитой элчихоналари вакиллари, Федерал Миграция хизмати ходимлари, жамоатчилик ташкилотлари ва Москвадаги олий ўқув юртлари вакиллари ҳамда ҳуқуқ фаоллари иштирок этди.

Давра суҳбатида чиқиш қилган КПРФнинг Россия парламентидаги фракция раҳбари Андрей Кличков мамлакатда меҳнат муҳожирлигига берилаётган квоталарнинг йилдан йилга қисқартирилаётгани ноқонуний миграцияга оид муаммонинг янада кескинлашиши ва чалкашиб кетаётганига сабаб бўлаётганини қайд этди.

- Россияда миграция масаласини ҳал этишга доир кўплаб фикрлар бор, лекин айрим ҳолларда улар бири-бирига зид келмоқда. Бир томондан, давлатда мунтазам равишда меҳнат муҳожирларига ажратилаётган квоталар қисқартирилмоқда. 2009 йилда бу кўрсаткич 2 миллионни ташкил этган бўлса, 2010 йилда – 1 млн. 250 минггача қисқарди. Жумладан, Россия пойтахтида квоталар 2009 йилда 392 мингдан 2011 йилда 200 минггача камайтирилди. Айни пайтда 1 июлдан жорий қилинган патент тизими ойига 1 минг рублга истаган чет-эллик меҳнат муҳожирига тинчкина яшаб юришга имконият очиб берди, дейди коммунистлар фракцияси раҳбари Андрей Кличков.

Лужков бошчилигида Москва ҳукумати олиб бораётган меҳнат муҳожирларига қарши сиёсати Федерал ҳукуматнинг қарорлари билан йўққа чиқарилмоқда, дея қўшимча қилди коммунист депутат.

Россия коммунистлари меҳнат муҳожирлигига нисбатан қўлланилаётган бундай бир-бирини инкор этувчи қонунлар ноқонуний миграция, жиноятчилик ва порахўрликнинг авж олишига олиб келди ва бу масалани ҳал этишда жамоатчилик тузилмаларисиз мақсадга эришиб бўлмайди, демоқда.

Хўш, нима сабабдан миграция ва квоталарга оид федерал ва шаҳар қонунчилиги ўртасида зиддият тобора кучайиб бормоқда? Муҳожирлик масаласида бундай чалкашлик ва тушунмовчрилик кимга қўл келмоқда?

Ўз чиқишларидан бирида Москва мэри Юрий Лужков меҳнат муҳожирлари билан боғлиқ муаммони “иқтисодиёт бузуқлиги” дея таърифлади. Москвага меҳнат муҳожирлигига ажратилаётган квоталарни қисқартириш амалиёти кутилаётган натижа бермаётир, чунки муҳожирларга меҳнат патентларининг тарқатилаётгани квоталар белгиланиши чорасини бесамар бир тадбирга айлантирмоқда, дея таъкидлади Лужков.

Айни патда, айрим маълумотларга кўра, Москванинг ўзида 2 миллиондан ортиқ ҳорижликлар меҳнат қилади.

Лекин Москва шаҳри бўйича Федерал Миграция хизмати раҳбари Владимир Иванов пойтахтдаги муҳожирлар сони борасида берилаётган барча норасмий рақамларга ишонмасликка чақириб, ҳукуматнинг расмий рақамларини келтирди.

- Бугунги кунда Москвада 296 минг киши миграция қайдидан туради. Дарҳақиқат, жорий йилнинг январ ойидан бугунги кунга қадар биз 1 миллион 200 минг кишини миграция қайдига олганмиз. Буларнинг аксарияти бир неча бор Москвага кириш-чиқишини ҳам ҳисобга олинг. Шунинг учун мен миграция масаласида аҳвол, айримлар айтаётгандек, унчалик даражада ёмон деб ўйламайман ва катта шов-шув кўтаришга ҳожат ҳам йўқ, деб ҳисоблайман. Ҳаммаси жойида, дейди ФМСнинг Москва бўйича директори Владимир Иванов.

Миграция масалалари билан шуғулланадиган “Тонг” жамоатчилик ташкилоти раҳбари Валентина Чупик Озодлик билан суҳбатда, йилдан йилга Россияда квоталарнинг қисқартирилишининг меҳнат муҳожирлари масаласига мутлақо алоқаси йўқ ва биринчи навбатда давлат органларида урчиган коррупция механизми билан боғлиқ, дейди.

- Бу доимий, коррупциялашган улкан “қора бозор”. Улкан! Квоталарга бўлган нархларни ошириш мақсадида уларнинг миқдори ҳам йилдан йилга камайтирилмоқда. Мана нима учун квоталарни бирданига тақсимлаш механизми ўрнига, квоталарни йилнинг чоракларига бўлиб тақсимлаш жорий қилинган. Яъни, бу йўл билан квоталарнинг нархи оширилади. Ажратилган квоталар миқдори меҳнат муҳожирлари сонига умуман алоқаси йўқ! Квоталар савдоси билан олиб-сотарлар воситачилигида меҳнат бошқармаси, турли қўмиталар ва касаба уюшмалари шуғулланмоқда. Москвадаги мардикор эса хужжати бор йўқлигидан қатъи назар, барибир ишлаб юрибди, дейди Валентина Чупик.

Ҳуқуқ ҳимоячисининг сўзларига кўра, унинг ташкилотига кунига унга 10дан 30 нафаргача меҳнат муҳожири милиция ходимларидан арз қилиб мурожаат этади. Уларнинг 40 фоизга яқини милиция ходимларининг таъмагирлигига оид шикоятлардир, дейди Валентина Чупик.

Меҳнат муҳожири Россияда аҳолининг энг ҳуқуқсиз қатламига айланган, дея давом эттиради суҳбатдошимиз.

- “Чет-эл фуқаролари ва фуқаролиги йўқ шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати ҳақида”ги Қонуннинг 6-бўлимидаги 13-моддасида визасиз мамлакатлар фуқароларига квоталар белгиланиши мумкин эмаслиги кўрсатиган, яъни бу умуман қонунга зиддир. Бугунги кунда меҳнат қилишга рухсатнома олиш муҳожир учун эришиб бўлмас орзуга айланиб қолди. Москвада бундай рухсатнома 13-14 минг рубл туради; ҳар бир квота учун пора нархи эса, 7 минг рублдир. Шу сабабли миграция қонунчилигининг мигрантларга умуман таалуқли жойи йўқ, чунки бу қонунчилик бошидан оёқ молиявий коррупциялашган тизимга хизмат қилади, дейди миграция масалалари билан шуғулланадиган “Тонг” жамоатчилик ташкилоти раҳбари Валентина Чупик .
XS
SM
MD
LG