Линклар

logo-print

Тошкентлик озарий қиз: “Ўзбекистон яхшию, аммо денгизи йўқда”

  • Абдулла Искандар

Кўза олиб чиққан яхши қиз, гўзалларнинг ҳусни нақши қиз...

Кўза олиб чиққан яхши қиз, гўзалларнинг ҳусни нақши қиз...

Ўзбек-озарий муносабатлари Навоийнинг Низомийдан илҳом олиб достонлар ëзган даврларига бориб тақалади. “Низомий болидан ҳалво пиширдим”, деб ëзган Навоий анъанасини Озарбайжонда туғилиб Ўзбекистонда етук адиб шуҳратига нойил бўлган Мақсуд Шайхзода давом эттирди.


Кўза олиб чиққан яхши қиз, гўзалларнинг ҳусни нақши қиз,
Кўзангдаги сувинг кўп совуқ ким учун у айтганинг қўшиқ...

Шайхзоданинг бу сатрлари тошкентлик озарий қиз Гули учун айтилгандек..

Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Ўзбекистонга ташрифи доирасида 27 сентябр куни Тошкентда Озарбайжон миллий маркази янги биноси очилиш тантанасида иштирок қилади. Боку кошинлари билан жилоланган янги бинонинг очилиш тантанасига Тошкентда туғилган, ота-онаси озарбайжонлик қиз Гули Ширинова ҳам иштирок қилади.

23 баҳорни қаршилаган Гули Ширинова озарий муғомларида васф этилган, олис Бокуда бошланиб, Тошкентда гуллаган икки дил севгисининг мевасига менгзайди. Отам, онамни олиб қочиб Тошкентга келган, деб гап бошлади суҳбатдош.

- Дадам опамни олиб қочиб келган.

Озодлик: Дадангиз ўзбекми?

- Йўқ, Озарбайжон.

Озодлик: Олиб қочиб келиш дегани озарбайжонларда ҳам борми?

- Олдин бўлган, дейди Гули.

Тошкентнинг Тезековка мавзеига яқин жойда озарийлар зич бўлиб яшайди. Биз ташқарида ўзбеклардан фарқ қилмасак ҳам, оила ичида озарий урф-одатларини сақлашга уринамиз, дейди Гули.

- Наврўз байрамларини бу ерда нишонлашади. Ҳамма ўзининг уйида, ўзига хос бўлган анъаналарини, байрамларини хоҳлаган одамлар ўзининг уйида нишонлаши мумкин, дейди Гули.

Гули шафран солиниб дамланадиган озарий паловини ҳам, тошкентликлар севиб истеъмол қиладиган мошовани (мастава) ҳам бирдай яхши таëрлашини айтади.

- Пазандачилиги фарқли. Ўзининг оши бошқача, пишириқлари бор, дейди Гули.

Туркистондаги кўп элатлар, жумладан туркманлар ўз ичида қиз олиб, қиз беришади. Бу ҳолат сизларда қандай, деб сўраймиз суҳбатдошдан.

- Бу ерда ҳам шунақа. Бўлиши мумкин ўзбеклар билан озарбайжонларнинг ўртасида уйланиш, турмушга чиқиш. Лекин баъзиларда қарши чиқишади.

Озодлик: Озарий озарийга турмушга чиқсин деган тавсиявий нима борми оилада?

- Оилада бор. Масалан, менинг оилам ҳам менинг озарбайжонга турмушга чиқишимни хоҳлайди.

Озодлик: Сиз учун озарбайжонга турмушга чиқиш ўзбекка турмушга чиқишдан кўра муҳимми?

- Мен учун муҳим эмас, лекин уйдагилар шуни хоҳлагандан кейин нима қиламиз, дейди Гули.

Озарбайжонларнинг аксарияти исломнинг шиа мазҳабига эътиқод қилишади. Эътиқоддаги бу нозик фарқ боис намоз ўқимай қўйдим, дейди Гули.

- Бизда Озарбайжонда шиа бўларкан.

Озодлик: Шу масалада роҳатсиз (безовта) бўладиган жойларингиз борми?

- Масалан мен намоз ўқимоқчи бўлганимда, ўзбек ўртоқларимдан ўргандимда. Ëзиб олдим, улар билан ҳаракат қилиб кўрдим. Кейин уйдагиларим “Бизнинг намозимиз бошқача ўқилади”, деб айтишди. Шунга мен ҳам “хато қилаяпманми” деб, қўйдим бу ишни, дейди Гули.

27 сентябр куни Ўзбекистон фуқароси бўлган озарий қиз Гули Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев билан учрашади. Мен Ўзбекистонда туғилиб ўсдим, аммо ота-онам юрти бўлган Озарбайжон раҳбари билан учрашишдан хушнудман, дейди Гули.

- Албатта, шундай бошқа шаҳардамиз. Ўзимизнинг марказимиз бўлиши, масалан йўлда кетаяпмиз ҳозир. Йўлда Озарбайжон билан Ўзбекистоннинг байроқларини осиб қўйишибди. Буларни кўриб хурсанд бўлаяпмиз. Одамнинг ичи қувнайди.

Озодлик: Агар сизга Бокуда ëки Тошкентда яшаш танлови берилса, қандай қарор берардингиз?

- Менга Тошкентда нима етмайди, денгиз йўқ.

Озодлик: Денгиз шу қадар муҳимми озарбайжонлар учун?

- Мен учун денгиз бўлса, яхши бўлардида, дейди Гули.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG