Линклар

logo-print

Ўзбекистонда энди "Ҳужра", деб номланган диний ташкилот топилди


Ўзбекистонда мусулмонларни таъқиб қилиш учун янгидан-янги диний ташкилотлар ўйлаб топилмоқда, дейди ҳуқуқ ҳимоячилари

Ўзбекистонда мусулмонларни таъқиб қилиш учун янгидан-янги диний ташкилотлар ўйлаб топилмоқда, дейди ҳуқуқ ҳимоячилари

Бухорода бир оила аъзолари “Ҳужра” диний ташкилотини тузганликда айбланиб таъқиб қилинмоқда. Ҳозирда Раҳмоновлар оиласидан икки киши ҳисбга олинган, улардан бири кўзи ожиз ногирондир. Раҳмоновлар Ўзбекистонда диний айбловлар билан таъқиб қилинаётган оддий мусулмонларнинг навабтдагиларидир, дейди ҳуқуқ ҳимоячилари.


Бухорода истиқомат қилувчи Раҳмоновлар оиласидан икки киши расмийлар “Ҳужра”деб атаётган диний ташкилотни тузганлик айби билан ҳибсга олинди.

Яқинлари ҳибсга олингани ҳақида Озодликка ҳозирда Россияда мардикорлик қилаётган Абдусами Раҳмонов гапириб берди. Унинг ўзи яқинлари тақиб қилинаётгани боис Ўзбекистонга боришдан қўрқаётганини айтади.

- Мен ўзи Россияга сезон қурилиш ишларига келиб тураман. Мақсад – пул ишлаб, тирикчилигимни йўлга қўйиш, уйланиш эди. Бу ерга келганимдан кейин мани укам Раҳмонов Хумоюнни “Ҳужра” диний мактабини ташкил этиш ва шуни аъзоси сифатида ҳибсга олишганини эшитиб қолдим. Ҳеч қандай суднинг қарорисиз.

Озодлик: Қачон ҳибсга олинди Хумоюн?

- Август бошларида. Укам Хумоюн ва жияним Иқболжоннинг қўлга олиниши билан қариндошларим ва учинчи одамлардан эшитганимдан мени ҳам “Ҳужра”ни тузишда гумон қилишяпти экан. Лекин мен бу нарсалардан жуда узоқдаман. Тўғри, Ўзбекистонда фуқаровий жамият тузиш ҳақида мақолаларимни чоп этганман, одамларга ёрдам берганман. 2001 йилда ҳам Миллий хавфсизлик хизмати томонидан бир неча бор дўқ-пўписа қилинган, лекин қўйиб юборишган эди, дейди Абдусами Раҳмонов.

Абдусами ўзига нисбатан илгари сурилаётган айбловлар умуман асоссиз эканини, ўзи ва укалари ҳатто етарли диний билимга эга эмасликларини айтади. Суҳбатдошимиз “укам Хумоюн ногирон ва унинг қамоққа олиниши ҳаёти учун хавфлидир” дейди.

- Фақатгина ўзимизнинг қариндошларимиз, укаларим ва уларнинг курсдошлари билан баъзан ош қилиб ўтирар эдик. Лекин “ҳужрачилик”да айблашлари асоссиз. Биз бошланғич диний таълимга ҳам эга эмасмиз! Менимча, “ҳужра” бу диний муассаса ёки диний ташкилот бўлса керак. Лекин шу айбловлар билан ёшларни ҳибсга олишаётганини эшитиб жуда ташвишга тушдим. Бу нарса охирги пайтлари кўпайиб қолганини эшитяпмиз, айниқса, Бухорода. Укам Хумоюн Давлат юридик институтини битирган, Иқболжон Миллий хавфсизлик олий мактабини тугатаётган эди. Дин ҳақида тасаввурга эга эмас ёшлар. Мен адолат қарор топишини истайман. Суддан қўрқмайман, чунки айбим йўқ. Лекин ноҳақ суддан қўрқаман. Укам Хумоюн ёшлигидан 2 гуруҳ ногирони, “Кўрлар жимияти” аъзоси. Кўзини 4 маротаба операция қилган. Уни ҳибсда сақлаш ҳаёти учун хавфли. Ман шундан хавотирдаман. Шунинг учун мен ҳукуматдан укаларимни шаҳарни тарк этмаслик ҳақидаги қоғозни имзолатиб, қўйиб юборишларини илтимос қилардим, дейди бухоролик Абдусами Раҳмонов.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов ҳар қандай жамоа йиғилишлари Ўзбекистонда қонунан таъқиқланган ва ҳуқуқ тартибот идоралари бу қонунни оддий мусулмонларни таъқиб қилиш воситасига айлантириб олгани янгилик эмас, дейди.

- Ўзи тўғри, давлат буни таъқиқлаб қўйган, яъни милиция ёки Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари уларни қўлга олишдан олдин уларни кузатади ва шундай йиғилишларда диний масалалар ҳақида гапирилаётган бўлса, ноқонуний ташкилот, “ҳужрачилик”да айблаб, 244-модда билан қўлга олишади. Бундай айблар қўйиш Ўзбекистонда анча йиллардан бери давом этяпти. Агар, ман айтгандек, моддалар қўйилса, у тергов қилиниб албатта судга оширилади, дейди Сурат Икромов.

Ҳуқуқ фаолига кўра, бугун Ўзбекистонда ҳар қандай йиғилиш ёки даврада диний масалаларнинг муҳокама этилиши жиноий жавобгарликка тортилишга асос бўлиши мумкин.

- Йиғинда иштирок этаётганлар намозхон бўлмаса, бу бир масала, лекин улар агар намозхон бўлса, шубҳа туғилади ва милиция, хавфсизлик ходимлари уларни кузата бошлайди. Ким, қачон, қаерда ва бир куни уларни қўлга олиб, шу модда бўйича айблов қўяди. Бу аҳвол 5-6 йилдан буён бор. Мана Хайрулла Ҳамидовнинг иши ҳам худди шундай бошланган. Ёки охирги пайтларда “нурчилар” ҳаракатида айбланганлар. Бир хил жойларда 10, 20, 30талик жамоаларни суд қилинганини биз бир неча бор маълум қилганмиз. Булар ҳаммаси “йиғилиш” орқали бўлган. Тўғри, йиғилишишларга таъқиқ бўлмаслиги керак, лекин бошқа томондан қараганингизда, намозхонлар сони бугун шу даражада ошиб кетдики, ҳукумат қўрқувда бу жуда катта кучга айланиб кетиши мумкин, балки оммавий тартибсизликларга айланиб кетиши мумкин, дейди Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов

Абдусами Раҳмоновга кўра, унинг оила аъзоларига нисбатан очилган жиноий ишни Бухоро вилоят Миллий ҳавфсизлик идораси ўрганаяпти.

Мазкур идорадан масала юзасидан изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG