Линклар

Польша Ўзбекистонни ЖСТга аъзо қилмоқчи

  • Фаррух Юсуфий

Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши учун Польшанинг таянчигина кифоя қилмайди, дейди мутахассислар.

Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши учун Польшанинг таянчигина кифоя қилмайди, дейди мутахассислар.

Польша Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиш уринишларини қўллаб-қувватлайди. Ўтган пайшанба куни Тошкентда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Ўзбекистондаги Польша элчихонасининг савдо масалалари бўйича маслаҳатчиси “Варшава Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши учун сиёсий ёрдам кўрсатишга тайёр”, дея баён қилди.


Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш ниятидаги мамлакат муайян талабларга жавоб бериши лозим. Хусусан, биринчи навбатда қўшни давлатлар шунингдек, ташкилотга аъзо давлатлар билан очиқ савдо олиб боришга тайёр эканини кўрсата олиши ва бунинг учун тегишли иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириши лозим.

Бундан ташқари, аъзоликка даъвогар мамлакат олиб борилаётган ислоҳотлар ва ўз иқтисодининг шаффофлигини кўрсатувчи ҳужжатларни расмийлаштиришга оид узоқ давом этадиган жараёндан ўтиши лозимдир.

Тошкентдаги матбуот анжуманида Ўзбекистондаги Польша элчихонасининг савдо масалалари бўйича маслаҳатчиси Славомир Стшалковски ўз мамлакати Ўзбекистонга ҳужжатларни расмийлаштиришга оид жараёнда кўмаклашажаги ва “Ўзбекистонга бу масалада сиёсий лобби”, яъни таянчни тақдим этишини ваъда қилди.

Жаҳон савдо ташкилотининг Женевадаги қароргоҳи матбуот хизмати бошлиғи Кит Рокуэлл Озодлик билан суҳбатда, ташкилотга аъзо бўлиш ниятидаги давлат биринчидан, бошқа аъзо давлатлар учун ўз бозирини очиб бериш ва ЖСТ қоидаларига амал қилишга тайёрлигини кўрсатиши лозим, дейди.

Иккинчидан, аъзоликка даъво қилаётган ҳар бир давлатни ташкилотга қабул қилиш бўйича ишчи гуруҳи тузилган ва ташкилотга қабул қилиш жараёни тезлашиши учун бу ишчи гуруҳи доимий ишлаб туриши лозим.

- Ўзбекистон ҳақида гапирадиган бўлсак, бундай ишчи гуруҳи Жаҳон савдо ташкилоти ишга тушишидан бироз аввал тузилган эди. ЖСТ 1995 йилнинг 1 январида ташкил этилган бўлса, Ўзбекистон бўйича ишчи гуруҳи 1994 йилнинг 21 декабрида тузилган эди. Шу пайтгача мазкур гуруҳнинг учта йиғини ўтказилган ва охирги йиғи 2005 йилнинг октябрида бўлиб ўтган эди, дейди ЖСТ расмийси.

Польшанинг Ўзбекистонни бу масалада қўллаб-қувватлаши фойдадан ҳоли бўлмайди, лекин бирор давлатнинг аъзолик масаласи ташкилотнинг барча иштирокчилари розилиги билан амалга ошади, дея қўшимча қилади Рокуэлл жаноблари.

Ўзбекистон Молия вазирлигининг собиқ амалдори, ҳозирда Остонадаги Евроосиё университети иқтисодиёт факультети декани Сапарбой Жубаев, собиқ иттифоқ давлатлари каби Ўзбекистон ҳам мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ ЖСТга аъзо бўлишга ҳаракат қилган, ҳар қалай бунга ҳаракат қилаётганини намойиш этиб келган дейди. Лекин кейинги йилларда Ўзбекистон аъзоликни қўлга киритиши учун талаб қилинган иқтисодий ислоҳотларни амалга оширмагани, боз устига қўшни давлатлар билан алоқаларининг путури кетгани боис Тошкент учун аъзолик истиқболларини деярли йўққа чиқарди.

- МДҲ давлатларининг ҳаммаси 1990 йилларда Жаҳон савдо ташкилотига кирамиз деб ариза бериб ҳаракат қилган. Лекин қайси бирлари тез ўтиб кетди, Қирғизистон жаҳон савдо ташкилотига аъзо эканлигини биласиз-а? Лекин Қозоғистон, Россиянинг асосий савдо партнëрлари билан келишув олиб бориши жуда қийин бўлган. Ўзбекистон ҳам шу масалада ўзи 34 давлат билан келишиб олиши керак эди. Лекин Қозоғистон ëки Россияга ўхшаб “Биз 2005 йилда кирамиз ëки 2007 йилда кирамиз” деган мақсад қўйилган эмас, дейди Сапарбой Жубаев.

ЖСТ расмийси Рокуэллга кўра, Ўзбекистоннинг ташкилотга аъзолигини кўриб чиқадиган ишчи гуруҳининг охирги йиғини беш йил аввал ўтказилган. Яъни на расмий Тошкент учун, на мазкур ишчи гуруҳи учун Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлишини куннинг долзарб масаласи, деб бўлади.

Ўзбекистон Молия вазирлигининг собиқ амалдори Сапарбой Жубаев собиқ иттифоқ мамлакатларининг кўпчилиги каби Ўзбекистон учун ҳам бу ташкилотга аъзо бўлиш амалийдан кўра, кўпроқ рамзий маънога эга, деган фикрда.

- Масалан “Халқаро валюта фондига кириш Ўзбекистон учун керакми ëки керак эмасми?” деган савол ҳам туриши мумкин. Албатта авторитетний, жаҳонга маълум ташкилотларга кириш обрў беради. Билмадим Қирғизистон қанчалик шунга тўғри келади, лекин аъзо бўлгани учун ҳар доим ҳамма жойда “Биз шунга аъзомиз. Ўрта Осиë давлатларидан бошқа ҳеч ким аъзо эмас. Бизда демократия бор. У-бу” дейди. Энди ҳозир резултатларини кўриб турибмизу. Ўзбекистоннинг бугунги сиëсати учун, қўшнилар билан олиб бораëтган очиқ бўлмаган савдо ҳаракати учун Халқаро савдо ташкилотига кириши учун ҳожат йўқ демаймизу қийин бўлса керак деб ўйлайман, дейди Остонадаги Евроосиё университети иқтисодиёт факультети декани Сапарбой Жубаев.

ЖСТ матбуот хизмати раҳбари Кит Рокуэлл, ташкилотга аъзолик баъзи қийинчиликлар, масалан, ташкилот қоидаларига амал қилиш, натижада маҳаллий ишлаб чиқарувчилар катта рақобатга учраши каби ҳолатларни келтириб чиқарса-да, аъзо мамлакатларга ўз иқтисодларини ривожлантириш, айниқса аҳоли турмуш даражасини ошириш учун катта имкониятларни яратади, дейди.

- Савдо одамларнинг ҳаётига беовсита алоқадор соҳадир. Оддий одамлар ҳақида гапирадиган бўлсак, очиқ савдо турли товарларнинг рақобатли нархларда сотиб олиш икмонини беради. Бундан ташқари, агар бирор ширкатда ишласангиз ва бу ширкатнинг бошқа бозорларда манфаатлари бўлса, бу манфаатлар ЖСТ қоидаларига кўра ҳимояланади. Шунинг учун умуман олганда, кўплаб ривожланаётган мамлакатлар мисолидан келиб чиқиб, жаҳон савдосида иштирок этиш одамларнинг турмуш даражасини кўтаради, дея хулоса қилишимиз мумкин, дейди ЖСТ расмийси.

Ўзбекистондаги болалар меҳнати, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларининг ҳуқуқлари кафолатланмаганлиги ва шунга ўхшаш бошқа ижтимоий муаммолар Ўзбекистоннинг ЖСТга қабул қилинишида тўсиқ яратиши мумкин, дея қўшимча қилади Кит Рокуэлл.
XS
SM
MD
LG