Линклар

Озарбайжон президенти Ўзбекистонга келди

  • Абдулла Искандар

Ислом Каримов 2008 йилнинг сентябрида Бокуга борган эди.

Ислом Каримов 2008 йилнинг сентябрида Бокуга борган эди.

Озарбaйжон Президенти Илҳом Алиев расмий ташриф билан Тошкентга келди. 27 сентябр куни Тошкент аэропортида Илҳом Алиевни Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиëев кутиб олди. Душанба куни олий меҳмонни Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ўз қароргоҳида қабул қилди.


Учрашувдан кейинги матбуот анжуманида Озарбайжон президенти сафар натижаларидан мамнунлигини билдирди, дея маълум қилди исми ошкор қилинмаслигини истамаган матбуот анжумани иштирокчиси.

- Қисқача брифинг бўлди. Олтитами, еттитами ҳар хил межправителственной ҳужжатлар имзоланди. Қўшма баëнот имзо қилинди. Қўшма баëнот ўзларининг сайтларида чиқиб қолса керак. Олтитами, еттита ҳар хил ҳужжатлар имзоланди. Ташқи ишлар вазирлиги, кейин иқтисодий ҳамкорлик бўйича, телевидениелар ўртасида.

Озодлик: Қорабоғ масаласи, Қирғизистон масаласи кўрилдими?

- Бизга фақат брифингда айтилди. Энди Ўзбекистон томонининг олдинги позицияси борку. Ўша позициямизда ўзгармай турамиз деди. Алиев миннатдорчилик билдирди Ўзбекистоннинг мустаҳкам позицияси учун. Шунга ўхшаган гаплар, дейди матбуот анжуманида иштирок этган журналист.

Суҳбатдошга кўра, ташриф арафасида икки давлат Ташқи ишлар вазирларининг сиëсий маслаҳатлашувлари ва ҳукуматлараро савдо комиссиясининг тўққизинчи йиғилиши бўлиб ўтган.

“Жаҳон” ахборот агентлиги тарқатган ахборотномада Ўзбекистон Республикасинг Тоғли Қорабоғ муаммосига ëндашуви қатъий ва ўзгармасдир дейилади.

Ўзбекистон Тоғли Қорабоғни Озарбайжон Республикасининг бир қисми, деб ҳисоблайди.

Айни сиëсий қараш икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар пойдеворини мустаҳкам қилган, дейди озарбайжонлик сиëсатшунос Расим Мусабей.

- Қорабоғ масаласида Ўзбекистон принципиал қаътий муносабатда туради. Эсга солишни истар эдим, БМТда Озарбайжоннинг ишғол қилинган ҳудудлари масаласи кўрилганида, Ўзбекистон Озарбайжонни қўллаб-қувватлади, Арманистонни эмас, дейди озарбайжонлик сиëсатшунос Расим Мусабей.

Сиëсий жабҳадан фарқли ўлароқ, Озарбайжон билан Ўзбекистон ўртасидаги савдо алоқалари анчайин суст, дейиш мумкин. Масалан, 2009 йилда икки давлат орасидаги товар айирбошлаш 46 миллион доллардан сал кўпроқни ташкил қилган. Бунинг боисини озарбайжонлик сиëсатшунос Расим Мусабей тушунтиришга ҳаракат қилди.

- Тўғри бу жуда оз. Аммо Ўзбекистоннинг ҳам, Озарбайжоннинг ҳам четга иҳрож қиладиган моллари газ, нефт ва пахта эканини ҳисобга олсак, масала аëн бўлади. Аммо мол айирбошлашни кўпайтирсак бўлади. Масалан, Озарбайжоннинг Қозоғистон билан йиллик товар айирбошлаш ҳажми миллиарддан ошади, дейди озарбайжонлик сиëсатшунос Расим Мусабей.

70 йил собиқ иттифоқ таркибида иттифоқдош республикалар бўлиб келган Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар улар мустақил бўлганидан кейин силлиқ кечмади.

Озарбайжоннинг илк президенти аксилкоммунист Абулфайз Элчибейнинг ўзбек мухолифати вакилларини қўллагани Ўзкомпартиянинг собиқ котиби Ислом Каримов таъбига ўтирмади.

Икки ўртадаги дипломатик алоқалар Озарбайжон компартиясининг собиқ котиби Ҳайдар Алиев иқтидорга келганидан кейин 1995 йилнинг 2 октябрида йўлга қўйилди. 1996 йилда Тошкентда Озарбайжон Республикаси элчихонаси очилди. Ўзбекистонда озарий шоири Низомийга, Бокуда эса Алишер Навоийга ҳайкал қўйилди.

25 сентябр куни Боку университетида Ислом Каримовнинг "Юксак маънавият – енгилмас куч" китобининг Озарбайжон тилидаги тақдимоти бўлиб ўтди.

27 сентябр куни Тошкентда Озарбайжон маданият марказининг янги биноси очилди. Бино ичкарисида Озарбайжонннинг марҳум президенти Ҳайдар Алиев ҳайкали қўйилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG