Линклар

logo-print

“Вимм-Билль-Данн" ҳам Ўзбекистондан ҳайдалди

  • Садриддин Ашур

"Вимм-Билль-Данн" ҳам Ўзбекистондаги сиёсий конъюктуранинг навбатдаги қурбонига айланди.

"Вимм-Билль-Данн" ҳам Ўзбекистондаги сиёсий конъюктуранинг навбатдаги қурбонига айланди.

Россияга қарашли сут маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган “Вимм-Билль-Дан” ширкатининг Ўзбекистондаги шўъба корхонаси батамом тугатилди. Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди “Вимм-Билль-Дан-Тошкент” корхонаси активларини Ўзбекистон фойдасига мусодара қилиш ҳақида ажрим чиқарди.


Тошкент шаҳар жиноят ишлари суди 20 сентябрь куни чиқарган ажримга кўра, “Вимм-Билль-Данн-Тошкент” корхонаси Ўзбекистон ҳукумати билан келишилган инвестиция шартномасини бажармаган ва бир қанча молиявий, ҳуқуқий камчиликларга йўл қўйган. “Вимм-Билль-Данн-Тошкент” корхонаси активлари Ўзбекистон фойдасига мусодара қилинди.

PRESS-UZ.info интернет сайтининг ёзишича, “Вимм-Билль-Данн-Тошкент” корхонаси ижрочи директори Александра Усова бошчилигидаги уюшган жиноий гуруҳ 697 миллион сўм солиқ ва бошқа тўловларни яшириб қолган. Корхона бир неча йил давомида аҳоли соғлиғи учун хавфли бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқарган.

Корхона бош ҳисобчиси Санжар Олимов солиқ ва бошқа идораларга ёлғон молиявий ҳисоботлар бериш билан шуғулланган бўлса, лабаратория мудиралари Муяссар Азимова Умида Валиқориева ва омборхона бошлиғи Татьяна Ғиёсовалар муддати ўтган сифатсиз ингредиентларни қабул қилиб олганлар, деб ёзади PRESS-UZ.info.

2009 йилнинг ноябр ойида Ўзбекистон Бош прокуратурасининг “Вимм-Билль-Данн-Тошкент” корхонаси раҳбарларига нисбатан Ўзбекистон жиноят кодексининг савдо қоидаларини бузиш, солиқлардан бўйин товлаш, мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш каби моддалари бўйича қўзғаган жиноят иши ниҳоят корхона фаолияти активларининг давлат ҳисобига ўтказилиши билан якунланди.

Аксарияти Россия фуқаролари бўлган компания бош-менежерларига нисбатан амнистия қўлланилиб, уларга нисбатан очилган жиноят иши тўхтатилди.

Россиядаги “Вимм-Билль-Данн” компанияси директорлар кенгаши аъзоси Давид Якобашвили “Финам FM” радиосига берган интервьюсида Ўзбекистонда “Вимм-Билль-Данн-Тошкент” корхонасига қарши судловнинг сабаблари мавжуд сиёсий конъюктура билан боғлиқдир, дейди.

- Бу ҳолат қарийб бир йилдан буён давом этяпти ва биз буни мутлақо сиёсий вазият билан боғлиқ, деб баҳолаймиз. У ерда ҳеч қандай ғайриқонуний нарса топилгани йўқ, лекин улар бу корхонада ишлаётганлар қанақадир жиноий ҳаракатлар қилишган, ниманидир ўғирлаган, деган хулосага келишди. Албатта, бунга тушунарсиз изоҳлар бердилар. Лекин биз ўз томонимиздан буни шундайлигича қолдирмаймиз. Шу йўналишда Ўзбекистонга таъсир этиши мумкин бўлган барча давлатлар билан ишлашни давом эттирамиз ва ўз ҳукуматимиз раҳбарига ёрдам сўраб мурожаат қиламиз,- деди “Вимм-Билль-Данн” компанияси директорлар кенгаши аъзоси Давид Якобашвили.

“Вимм-Билль-Данн” компанияси директорлар кенгашининг яна бир аъзоси Марина Каган “Коммерсант” гаезетасига берган интервьюсида: “Моҳиятан, бизнинг бизнесимизни шунчаки олиб қўйишди. Биз суднинг бу қарори юзасидан Ўзбекистон юқори суд идораларида шикоят қилмоқчимиз”, дея таъкидлади.

“Вимм-Билль-Данн” ширкатининг Ўзбекистондаги фаолиятини кузатиб келаётган тошкентлик журналист Абдуманнон Холжўраев Ўзбекистон бозорида сифатли сут-қатиқлари билан яхши танилиб, ўз харидорини топган “Вимм-Билль-Данн-Тошкент” президентнинг кенжа қизи Лола Каримованинг қаҳрига учради, деган фикрда.

- Ана ўша Александра Усованинг куëви Эрназаров Алижон уларда бош менежер эди. Олдин Бухоро билан Фарғонада буларнинг ишлари яхши юришдику, филиаллариники. Қўшма корхона эди авваламбор. Кейин унга Лола Каримованинг назари тушиб қолди. Унда у “Сен ëлғиз эмассан”нинг бошлиғи эди. Энди битта нарса бор бу ëқда. Бу туҳмат эмас, очиқ гап. Чунки шахсан Алижоннинг номини Лола Каримованинг оғзидан ўзим эшитганман. Унинг олдига бир сабаб билан борган эдим. У сабаб бу воқеага тегишли эмас. Кейин менга “У вас кто Эрназаров Алижан?”, деди. “Уни биласизми?”, деди. “Да”, дедим. Ҳақиқатан танийман у болани. Жуда ҳам яхши танийман. Энди у менинг қўшнимнинг ўғлида. “Тогда передайте ему, его голова на отсечение” деди. Яъни “унинг боши дор остида” деди.

Абдуманнон Холжўраевга кўра, “Вимм-Билль-Данн-Тошкент” Лола Каримова бошқарган “Сен ёлғиз эмассан” фондининг сармоядорларидан бири бўлган, лекин ўртадаги муносабатлар совуқлашганига пул сабаб бўлмаган:

- Иккинчидан, Алижон Лола Каримова билан учрашганда, “Сен ëлғиз эмассан” фондига мана шу фирма ҳисобидан 50 миллионча ўтказишган. Лекин нимадандир булар орасида келишмовчиликми, низоми чиққан. Пул масаласида эмас бу. Булар қанча бўлса ҳам тўлашга рози эди. Лекин Лола Каримова ҳеч қайсинисига кўнмади. Бу гапни мен сизга гарантия бериб, айта оламан ва судда ҳам исботлай оламан,- дейди Абдуманнон Холжўраев.

Аслида Россия фуқароси бўлган Алижон Эрназаров яхши ишбилармон бўлиб, Тошкент шаҳрида бир қанча дўконлари бор эди. “Вимм-Билль-Данн-Тошкент” корхонаси раҳбарларига жиноий иш очилганидан сўнг, у Россияга чиқиб кетди, дея қўшимча қилади кузатувчи.

Россиянинг “Вимм-Билль-Данн” компанияси 2004 йилда Тошкент сут комбинатининг (“Тошкентсут” очиқ ҳиссадорлик жамияти) 76,9 фоиз акциясини 131 минг долларга сотиб олиб, унинг базасида “Вимм-Билль-Данн Тошкент” МСЖ (масъулияти чекланган жамият) шўъба корхонаси ташкил этган эди.

Компания “Тошкентсут” ОҲЖнинг қарзини 2011 йилгача ёпиш ва ва унинг ривожи учун 7,2 миллион доллар сармоя киритиш вазифасини бўйнига олганди. “Вимм-Билль-Данн-Тошкент” 2011 йилгача даромаддан олинадиган солиқдан озод этилди.

2009 йилнинг 1 августидан бошлаб Россия томони “Вимм-Билль-Данн-Тошкент”ни сармоялашни тўхтатди. 13 августдан бошлаб эса Ўзбекистон солиқ ва бюджет идораларининг ташаббуси билан корхонада тафтиш бошланди.

2009 йилнинг 25 ноябрида “Вимм-Билль-Данн-Тошкент” корхонасида республика санитария-эпидиомология марказининг ходимлари текшириш ўтказиб, корхона ишлаб чиқараётган маҳсулотлар таркибидан гўё инсон саломатлигига хавфли бўлган микроблар борлигини аниқлади.

Бироқ 2009 йилнинг декабр ойида Тошкент шаҳар хўжалик суди мажлисида ширкат вакиллари бу айбловларни инкор қилди. Уларнинг таъкидича, маҳсулотлар компания ходимлари иштирокисиз ва технология қоидалари қўпол равишда бузилган ҳолда текширилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG