Линклар

Ўшда ўқиётган ўзбекистонлик талабалар ора йўлда қолди

  • Сарвар Усмон

Ўш Давлат Университетида юзлаб ўзбекистонлик талабалар таҳсил олар эди.

Ўш Давлат Университетида юзлаб ўзбекистонлик талабалар таҳсил олар эди.

Июн воқеалари боис Ўш ва Жалолобод шаҳарларидаги олий ўқув юртларида ўқиётган ўзбекистонлик талабалар ўз ватанига қочишга мажбур бўлди. Ўзбекистонлик ёшлар Қирғизистонда ўқишни давом эттира олмаслигини тушунган Тошкент талабаларни Ўзбекистондаги ўқув юртларига кўчириш чорасини кўра бошлади, лекин бу ишни охирига етказганича йўқ.


“Ўш давлат университетининг тиббиёт факультетида ўқиётган ўғлимнинг Қирғизистонга қайтиб, ўқишини давом эттиришига имкон йўқ, Ўзбекистонда эса, берган ваъдаларини бажармаяптилар”. Бундай шикоят билан Озодликка Фарғона вилоят Бағдод туманида истиқомат қилувчи тингловчимиз мурожаат қилди.

Масалани ўрганар экан, мухбиримиз, Ўзбекистон ҳукумати аввалига талабалар муаммосини ечишга бел боғлаганини, бироқ кейинроқ бу ишни ўзибўларга ташлаб қўйганини аниқлади.

Тошкент Кимё-технологиялар институти, Фарғона ва Андижон давлат университетларида талабаларни кўчириш масаласини ўрганувчи идоралараро комиссиялар тузилди.

Бу ҳақда исмини айтмаслигимизни сўраган фарғоналик тингловчимиз Ўзбекистон республикаси Олий таълим вазирлигидан 28 июл куни олган хатда, жумладан мана бундай дейилган:

“Сиз Ўзбекистон республикаси президенти девонига йўллаган аризанглар ўрганиб чиқилиб, қуйидагиларни маълум қиламиз. Ўзбекистон республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 18 июлдаги 118-сонли қарорнинг нимаси келтирилган. Олий таълим муассасалари талабалари ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлатиш тартиби тўғрисидаги ниозмнинг 8-бандига мувофиқ хорижий давлатларнинг аккредитациясига эга бўлган олий таълим муассасаларидан Ўзбекистон республикаси Олий таълим муассасаларига талабалар ўқишни кўчириш ва қайта тиклаш идоралараро комиссия қарори билан амалга оширилади”.

Тингловчимизнинг Ўш давлат университети тиббиёт факультетининг 4 курсини битирган ўғли ўз вақтида Тошкент Кимё-технологиялар институтидаги комиссияга мурожаат қилди.

- Зачëтка, паспортларни топширдик. 5 августгача қабул қиларкан. Июлнинг 25 ларигача олиб бориб топширдик. “Сизларга 5 сентябргача хабар боради” деди. Телефон номерларни, адресларни ëзиб олиб, “Конвертда жўнатилади” деди. Шу билан кутиб турибмиз. Келмаяпти ҳали ҳам шу жавоблар, дейди тингловчимизнинг Ўш давлат университети тиббиёт факультетининг 4 курсини битирган ўғли.

Ваъда қилинган муддат – 5 сентябрдан камида 20 кун ўтди.

Нима учун талабалар ҳанузгача жавоб олмади?

Бу саволга Ўзбекистон Олий таълим вазирлигининг ўзини таништирмаган ходими мана бундай жавоб берди.

- Қабул қилган бўлса ҳужжатни, биз комиссия йиғиб, ҳамма вазирликка, Вазирлар Маҳкамасига сразу етказилган. У қабул қилинганда ижобий ҳал бўлган нималар Олий ўқув юртининг ўзига боради. Ижобий ҳал қилинмаганларга маълумот хати берилмайди. Чунки уже ариза ëзган пайтда айтилади. Ҳужжатнинг копияси олинадида. Ҳужжат ҳам қайтарилмайди, маълумот ҳам берилмайди. Чунки жуда кўпчилик топширадида. Уларнинг ҳар биттасига маълумот бермайди.

Озодлик: Менга мурожаат қилган бағдодлик йигитга жавоб бормабди, демак, унинг масаласи ижобий ҳал бўлмабди-а?

- Агар ижобий бўлган бўлганда, ўша Олий ўқув юртига Вазирлар Маҳкамасидан “кўчирилди” деган хат борарди. Кейин шу хат асосида қабул қиларди улар.

Озодлик: Демак, ўша Олий ўқув юрти талабага “сизни қабул қилдик” деган хат жўнатарди-а?

- Ҳа.

Озодлик: Умуман қанча ариза қабул қилингану шунинг қанчаси ижобий ҳал қилинган?

- Уни билмадим лекин. Хабаримиз йўқ бизнинг, деди Ўзбекистон Олий таълим вазирлигининг ўзини таништирмаган ходими.

Биз Ўш давлат университетида ўқийдиган яна бир талаба – андижонлик Муҳаммадризо билан гаплашдик.

- Мен Тошкентга бориб келдим кеча. Қабул қилмаймиз дейишди.

Озодлик: Ким билан гаплашдингиз?

- Вазирликка кирдик. “Шунақа ариза берган эдим. Ҳал бўлмади. Бир ойдан ўтиб кетди” десам, “Қирғизистоннинг иши кўриб чиқилгани йўқ. Умуман у иш отмена бўлган. Хуллас қабул қилинмадинглар” деди. “Бўпти, майли” деб келавердик энди.

Озодлик: Мутлақо ҳеч кимни қабул қилмабдими?

- Йўқ, ҳеч кимни қабул қилмабди ҳали. Қабул қилиш нияти ҳам йўқ. У иш кўриб ҳам чиқилгани йўқ деяпти.

Озодлик: “Мени қабул қилмабсиз, бошқаларни қабул қилдингларми?” деган саволни бердингизми?

- Йўқ, бермадим. Лекин қабул қилгани йўқ аниқ.

Озодлик: Нимага асосланиб аниқ деяпсиз? Бошқаларни қабул қилгандир.

- Йўқ, мен ҳаммаси билан алоқада бўлиб турибман. Қабул қилгани йўқда.

Озодлик: Мен ҳозир вазирликдаги биттаси билан гаплашдим. У “Ўша Кимë-технология институтида очилган гуруҳга ариза топширар экан талаба, ўша талабага “ҳеч кимдан жавоб келмаса, демак сизнинг масалангиз ижобий ҳал қилинмаган бўлади” дейилган” деяпти. Шунақа дейилганми?

- Йўқ, бизга унақа дейилмаган. Манзилларимизни ўз қўлларимиз билан ëзиб берганмиз. “Нимага бизга жавоб келмади?” деб сўрасам, “У иш кўриб ҳам чиқилмади. Бошқа ҳам бўлмади. Унча эътибор берилмагани учун жавоб ҳам бормаган” деди.

Озодлик: Вазирликда сизни ким қабул қилди? Ким билан гаплашдингиз?

- Турсунбоев деган бир одам бор экан. Шу билан гаплашдим, дейди Ўшда ўқийдиган андижонлик талаба Муҳаммадризо.

Ўш давлат университети халқаро бўлими ходими Қанат Далбаев ўзи ишлаётган ўқув юртида қанча ўзбекистонлик талаба борлигини айта олмади. Унинг айтишича, шу кунда ташвиш учун асос йўқ.

- Шаҳарда тинчлик ва осойишталик, ҳаёт ўз изига тушиб кетди, дейди Қанат Далбаев.

Бўлса – бордир. Лекин шаҳардаги ўқув юртларида ўқиш ҳали бошланмагани, ўқув йилини 18 октябрда бошлаш тўғрисида қарор қабул қилинганининг ўзи ҳам кўп нарсани айтиб турибди.

Андижонлик Муҳаммадризо, унинг фарғоналик университетдоши ва бошқа юзлаб ўзбекистонлик талабалар ҳозирча ҳеч нарса йўқотгани йўқ – Ўшда ўқув йили бошланишига яна камида 20 кун бор.

Лекин улар миллатчилик авжига чиққан Ўшга қайтиб боришга қўрқмоқда.

- Ўшда тинчликмасда. У ëқда менинг ўқишимга ҳеч ким гарантия бера олмайдида, дейди Ўш университетининг ўзбекистонлик талабаларидан бири.

Энг қизиғи, Ўшда ўзбекистонлик талабаларнинг хавфсизлигини биров кафолатлаган тақдирда ҳам шу кунда улар Ўшга ўта олмайди. Чунки,

- Чегаралар берк. Ўтишнинг иложи бўлмаяпти, дейди талабалардан яна бири.

Ўшга қайтгиси келмаётган талабалар шу кунда Тошкентга яна бир марта мурожаат қилиб кўрмоқчи. Улар вазирликка яна хат ёзмоқчи.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG