Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:57

Ўзбек қочқинлари ҳамон Олмаота ҳибсхонасида қолмоқда


Олмаотадаги ўзбек қочқинлари муаммоси ҳалигача ҳал этилмаяпти.
Олмаотадаги ўзбек қочқинлари муаммоси ҳалигача ҳал этилмаяпти.

Олмаота ҳибсхоналарида сақланаётган ўзбек қочқинлари қозоқ расмийларидан ўзларини Ўзбекистонга бериб юбормасликни, уларга Қозоғистондан бошпана беролмаган тақдирда учинчи давлатга чиқиб кетиш учун имкон яратиб беришни сўрамоқда. Бу ҳақда Олмаота ҳибсхонасида сақланаётган ўзбек қочқинларидан бирининг мактубида айтилади.

“Филмларда кўрамиз: ер остидан топилган ҳашаротларни авайлаб қутига солишади, махсус ёрдам кўрсатилади. Ахир биз инсонлармиз-ку!”

Бу Олмаота шаҳар ҳибсхонасида сақланаётган ўзбек қочқинларидан бири Сарвар Хуррамов хатидан парча. У 9-11 июн кунлари Олмаота шаҳрида ўтказилган “Мигрант” рейди чоғида қўлга олинган бўлиб, уч ярим ойдан буён ҳибсхонада сақланмоқда.

Олий маълумотли, касби журналист бўлган Сарвар ўзи каби ҳибсхонадаги қочқинларни қозоқ расмийларининг ҳатти-ҳаракати таажжубга солаётгани ҳақида ёзади.

Мактубда шу йил 17-18-19 август кунлари Олмаота шаҳар миграция департаменти, БМТ қочқинлар ишлари бўйича олий комиссарлиги Олмаота ваколатхонаси вакиллари ва Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси ходимлари иштирокида ўзбек қочқинларига мамлакатдан бошпана бериш масаласи қайта кўриб чиқилгани айтилади.

“Уч кун давом этган комиссияда топширилган аризаларимиз юзасидан савол-жавоб қилинди. Натижалар ўрганиб кўрилгач, бизни қочоқлик мақомига нолойиқ деб топишди”, деб ёзаркан Сарвар, гарчи бу ҳақда комиссия 27 август куни якуний қарорга келиб бўлган эса-да, ҳибсхонадаги ўзбек қочқинлари бундан фақат 9 сентябрга келиб хабар топганларини маълум қилади.

Аввал хабар қилганимиздек, Олмаота ҳибсхоналарида сақланаётган ўзбек қочқинларининг экстрадиция бўйича ҳибсда ушлаш муддати шу йилнинг 9 сентябр куни ниҳоясига етганди. Уларга бошпана беришни рад этиш қарори юзасидан шикоят аризасини топшириш учун сентябр ойи охиригача муҳлат берилгани ҳақида ҳам аввалги лавҳаларимизда айтиб ўтгандик. Бироқ қочқинларга шикоят аризаси ёзиш учун берилган муддат ҳам уларнинг кўнглига ёруғлик солмади. Чунки...

“14 сентябр 2010 йил Меҳнат вазирлиги қошидаги миграция ишлари бўйича комитетининг Алмата шаҳар Департаменти бошлиғи Алтинбекова Г. биз билан учрашди ва яқинда Ўзбекистонга бериб юборилишимизни, у ерда кўп йил ўтмасдан амнистия билан чиқиб кетишимизни таъкидлади”, дейилади Сарвар Хуррамовнинг хатида.

Айни пайтда Олмаота шаҳар миграция департаменти директори Гулсара Олтинбекова ўзбек қочқинининг бу гапларини инкор қилади.

- Қандай қилиб бунақа дейман? Уларни мен ҳибсга олганим йўқ, уларни ушлаб турган одам ҳам мен эмасман. Бу менинг ваколатимга кирмайди. Улар менга ҳар сафар экстрадиция ҳақида савол берганларида, мен уларга: “Бу менинг ваколатимга кирмайди, прокуратурага мурожаат қилинглар”, деб жавоб берганман, - дейди Гулсара Олтинбекова.

Қочқинлар Ўзбекистонга экстрадиция қилинган тақдирда уларнинг ҳоли қандай кечиши мумкинлигини Олмаота шаҳар миграция департаменти раҳбари башорат қила олмаслигини, унда бундай ваколат-да йўқлигини Олмаотадаги Инсон ҳуқуқлари ҳалқаро бюроси ходими Денис Живага ҳам таъкидлайди. Айни пайтда у ҳозирда ўз бюроси ва ҳибсхонадаги қочқинларнинг яқинлари томонидан ёлланган адвокатлар тергов изоляторига кириб, ҳибсдаги қочқинлардан шикоят аризаси олаётганини айтади.

- Адвокатлар қочқинларнинг олдига кириш имкониятига эга бўлдилар. Улар бирин-кетин қочқинларнинг ҳаммаси билан учрашиб, улардан ишонч қоғозларини олиб чиқаяптилар. Ўйланманки, бу ҳафта улар судга шикоят аризаларини бирин-кетин топшира бошлайдилар, - деди Денис Живага.

Судга шикоят аризасини топшириш учун адвокатларига ишонч қоғозлари бераётган ҳибсхонадаги қочқинлар қозоқ адлияси пировардида адолатли қарор чиқариб, уларни Ўзбекистонга экстрадиция қилиб юбормаслигига умид қилаётганини айтадилар.

“Агар Қозоғистон қолишликнинг иложи бўлмаса, бизни бошқа давлатга чиқиб кетишимизга кўмаклашинглар” деган илтимосли жумла билан ўз хатини якунлайди уч ярим ойдан бери Олмаота ҳибсхонасида қолаётган ўзбек қочқинларидан бири Сарвар Хуррамов қозоқ расмийларига мурожаат қиларкан.
XS
SM
MD
LG