Линклар

Медведев Лужковга ишончи қолмаганини тан олди


Россия президенти Дмитрий Медведев Юрий Лужковга нисбатан ишончи йўқолганини тан олди. Кремл матбуот ҳизмати Лужков Россия Федерацияси президентининг ишончини йўқотгани сабабли муддатидан олдин лавозимидан четлатилгани ҳақда билдирган эди.

Хитойга сафар қилаётган Медведев Лужков бундай сабаб билан лавозимидан четлатилган биринчи амалдор эканини айтди.

- Мен президент сифатида Юрий Михайлович Лужковга нисбатан ишончимни йўқотдим. Лавозим жиҳатдан юқори турувчи президентнинг ҳокимга ишончи йўқолсаю, ҳоким ва президент ишлайверсалар, буни тасаввур қилиш қийин,- деди Медведев.

Москвага 18 йил ҳокимлик қилган Лужковнинг ваколатлари келаси йил ўрталарида тугаши керак эди. Президент Медведев Владимир Ресинни Москва ҳокими вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинлади.

- Мен имзолаган фармон билан Владимир Иванович Ресин Москва ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. Бу одам жуда тажрибали, вазиятни яхши билади. Москва ҳокими лавозимига янги номзод тақдим этилгунга қадар Ресин шаҳар бошқарувчини самарали ушлаб туришига ишонаман,- деди Медведев.

Москва ҳокимининг ишдан олингани Россия матбуотида Юрий Лужков коррупция ва ўз лавозимини суистеъмол қилишда айбланган қатор чиқишлар ортидан эълон қилинди. Лужковнинг ўзи бу айбловларни рад қилган.
XS
SM
MD
LG