Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:09

Раштга саёҳат: ўлдирилган мардикорлар, ташвиш ва сукунат


Рашт водийсидаги чўпон
Рашт водийсидаги чўпон

"Ҳукумат кучлари томонидан собиқ мухолифат лидери Мирзохўжа Аҳмадовнинг уйига ташланган 4 та бомба портлаши оқибатида бешта мардикор ўлди. Бироқ Мирзохўжанинг ўзи тирк қолди", деб маълумот беришди Раштга борган Озодлик мухбирига маҳаллий аҳоли вакиллари.


Душанбенинг шарқий дарвозасидан Рашт шаҳри марказигача 13 та назорат постидан ўтдик.

Постларда ўнтадан ўн бештагача ҳарбийларни учратдик. Улар ҳар бир машинани синчиклаб текширар ва машинада ўтирганлар ҳужжатларини эринмай варақларди.

Шу ўринда айтиш лозимки, ҳукумат кучларининг террорчи гуруҳларга қарши олиб бораётган амалиётларини кузатишни истаган бирорта журналист ва оператор бу ҳудудга киритилмаслиги борасида оғзаки буйруқ берилган.

Аммо ўтганимиз постларнинг бирортасида менинг кимлигим, қаерга ва нима учун бораётганим ҳарбийлардан бирортасини қизиқтирмади.
Айни пайтда постларнинг бирортасида ҳарбий техникани кўрмадик.

Аммо Душанбедан Раштга етиб боргунимизча йўлларда аскарлар жойлашган автомашиналар ва ҳарбий вертолётларни тез-тез учратдик.

Йўловчи ташувчи машиналар онда-сонда учраб қоларди. Рашт водийсига элтувчи йўлда асосан Хитойдан Душанбега юк ташувчи машиналар қатнаётганига гувоҳ бўлдик.

Рашт туманида сукунат

Рашт шаҳри марказига 25 сентябр, куннинг иккинчи ярмида кириб бордик. Шаҳарда сукунат. Шахсий машиналар бармоқ билан санарли.

Бу шаҳарга илк бор йўли тушган кишида “Аҳолиси жуда кам шаҳар эканми? ” деган савол туғилади.

Шаҳар марказида ҳарбийларни кўпроқ учратдик. Раштда бугун ҳарбий ҳолат ҳукмрон эканини пайқаш қийин эмас.

Аммо Раштда бўлганимиз шанба ва якшанба кунлари биз ўқ овозларини умуман эшитмадик.

Марказий бозор расталарини ҳам ораладик. Бозорда харидорлар жуда оз. Зериккан савдогарлар газета ўқиб ўтирардилар.

- Жуда кўп солдат, вертолётлар келганидан кейин одамлар ҳам қўрқиб бозорга чиқмай қўйди. Ҳамма дўконини беркитиб уйига кетди. Харидор йўқлиги учун савдонинг ҳам маззаси йўқ, - дейди ўзини Шерали деб таништирган раштлик савдогар йигит.

Устига устак маҳаллий аҳолининг ҳаммаси ҳам бу водийда кечаётган ҳодисалар атрофида бегоналар билан суҳбатдан тийилишга ҳаракат қилишади. Улар чеҳраларида қўрқув ва эртанги кунга ташвиш яққол сезилиб туради.


Раштда комендантлик соати жорий этилган

Шаҳар ва унинг атрофидаги қишлоқларда кечки соат саккиздан тонгги соат олтига қадар комендантлик соати эълон қилинган.

- Соат 8 дан кейин кўчаларда итлардан бошқа ҳеч кимни учратмайсиз. Эҳтиёжманд аҳоли нима қилишини билмайди. Бугун шундай эҳтиёжмандлардан бирини сўнги манзилига кузатдик. Ўлим тўшагида ётган ва тунларда маҳаллий табибу, врачлар ёрдамига мухтож яна тўрт киши бор қишлоғимизда. Лекин дори - дармон ва беморни муллага ўқитиш эҳтиёжи туғилиб қолган хонадонлар тонгача сабр қилишга мажбур, - дейди Навобод маҳалласида яшаб турган Ҳалим исмли суҳбатдошимиз.

Рашт шаҳрида хавфсизлик чоралари шу йил 19 сентябрида Камароб даррасидан ўтиб бораётган ҳукумат ҳарбийлари номаълум гуруҳлар ҳужумига учраб, 28 тожик ҳарбийси ҳалок бўлганидан кейин кучайтирилган эди.

Шунинг баробарида 22 сентябр куни Рашт шаҳар марказидан тахминан уч чақирим нарида жойлашган Нишириён қишлоғида яшаган собиқ мухолифат собиқ лидери Мирзохўжа Аҳмадовнинг уйига вертолётдан тўртта снаряд ташланган.

Тожикистон куч ишлатар тизимлари томонидан амалга оширилган бу амалиёт натижасида маҳаллий аҳоли маълумотларига кўра, собиқ қўмондон Аҳмадов ўлмаган.

Аммо унинг уйида Жирғатол туманидан келиб мардикорлик қилаётган беш қирғиз ва бир аёл жон таслим қилган. Яна бир одам яраланган ва шаҳар касалхонасига ётқизилган.

Аммо аввалроқ Ички ишлар вазирлиги масъули Маҳмадулло Асадуллоев Мирзохўжа Аҳмадовни қўлга олиш амалиётида беш террорчи йўқ қилинганини, аммо улар исми эълон қилинмаслигини билдирган эди.

- Мирзохўжа Аҳмадовни 22 сентябр куни, ўша амалиёт бошланишидан бир неча соат аввалроқ бозорда гўшт ва нон сотиб олаётганини кўпчилик кўрган ва унинг билан саломлашган. У уйидаги қирғиз мардикорларга тушлик тайёрлаш учун бозорга тушган экан. Лекин ҳеч қанча ўтмай, унинг уйига вертолётлар ҳужум қилган. Ўша ердаги мардикорлар ва яна бир аёл ўлган, - дейди камароблик Саидаҳмад ота.

- Мирзохўжанинг уйини қалин қора тутун қоплади. Биз боғда эдик. Вертолёт бир марта унинг уйи тепасида айландию кейин ўққа тутди. Шундан сўнг солдатлар билан террорчилар ўртасида тунга қадар отишма давом этди, - дейди воқеа гувоҳларидан бири Карим ота.

Собиқ мухолифат лидерлари қаерда?

Аксарият суҳбатдошларимиз собиқ қўмондоннинг қаерга яширингани ўзлари учун номаълум эканини айтадилар.

- Али, Мирзохўжа ва яна уч тўрт киши ўз жонидан қўрқиб, ҳукумат одамларига асир тушмаслик мақсадида қишлоқдан чиқиб кетди, - дейди Саидаҳмад ота.

70 ёшларни қоралаб қолган Саидаҳмад отанинг айтишича, 22 сентябр кунги воқеадан сўнг маҳаллий аҳоли, хусусан ёш йигит ва қизлар заруратсиз кўчага чиқмасликка ҳаракат қилади.

- Бу ўз навбатида, - дея қўшимча қилади бошқа бир суҳбатдошимиз Ризвон, - водий ва ундан ташқарида ахборот бўшлиғини келтириб чиқарган.

Унга кўра, аҳоли орасида ҳар хил миш-мишлар тарқалгани учун бўлаётган воқеаларни ҳар ким ўзича тахмин ва таҳлил қилади.

Ўз навбатида Рашт воқеалари давлат телевидение ва радиоси орқали ёритиб берилмаётгани ҳам ўша ҳудуд аҳолиси ташвишларига сабаб бўлмоқда экан.

Шу ўринда айтиш лозимки, Раштда ҳукумат куч ишлатар тизимлари махсус амалиёт бошлаган кундан буён, давлат телевиденияси Миллий хавфсизлик ходимлари томонидан қўлга олинган ва “қилмишидан пушаймон” бўлган уч - тўрт нафар “террорчи” ни намойиш қилганини эътиборга олмаганда, Рашт водийсида аслида нима кечаётгани борасида ҳалича бирорта дастурни эфирга узатгани йўқ.


Мулла Абдуллони кўрган борми?

Иқтидордаги ҳукумат собиқ мухолифат лидери мулла Абдуллоҳ Раштдаги вазиятни издан чиқариш учун Афғонистонга ўтиб, куч тўплаганини ва 19 сентябр куни ҳукумат ҳарбийларига ҳам унинг гуруҳи ҳужум қилганини даъво қилади.

Аммо биз билан суҳбатда бўлган маҳаллий аҳоли орасида “мулла Абдуллони шу водийда кўргандим” , деган одамни учратмадик.

- У бу ёққа ўтганида эди аввал мен турган даррадан ўтган бўларди. Менинг палаткам шундай бир жойда ўрнатилганки, у ердан чивин ўтса ҳам кўрасиз. Мен мулла Абдулло тугул бирор кишининг ўша ҳудуддан ўтганини кўрмадим, - дейди киши оёғи кам теккан Дубурса даррасида чўпонлик қилаётган Абдураҳим.

Аммо у Рашт тоғларида бугун жуда кўплаб тожик ҳарбийларига дуч келаётганини айтди.

Баъзи норасмий манбалар ҳозир Раштга ҳукуматнинг тахминан тўрт мингга яқин аскари киритилганини айтмоқдалар.

“Уларнинг катта қисми тоғларда ўрнашган”, дейди бу маълумотларни тасдиқлаган чўпон йигит Абдураҳим.

Абдураҳим ва у қаторида бошқа раштликлар ҳам водийдаги бугунги вазият 90 - йиллар бошидаги вазиятдан анча фарқ қилса -да, аммо эртанги кунга хавотир тобора кучаяётганини айтишади.

Аснода тожик жамиятида иқтидордаги ҳукумат, Мудофа ва Ички ишлар вазирликлари масъулларига ишончсизлик сезилади.

Маҳаллий ахборот воситаларига интервю берган оддий тожикистонликлар 19 сентябр куни Рашт водийсида ҳарбийларнинг ўлдирилишида кўпроқ расмийларни айблайди.

Бу воқеада фарзандидан айрилган кўпчилик ота-оналар қаторида маҳаллий журналистлар ҳам вазиятни яхши билган давлат мулозимлари умрида қўлига қурол олмаган тажрибасиз ёш аскарларни террорчи гуруҳларга қарши йўналтирганини танқид қилади.

Шу ўринда айтиб ўтсак, Тожикистонда фуқаролар уриши якунланиб, тинчлик ўрнатилганидан кейин илк бор ҳукумат армиясида жуда катта йўқотиш бўлганига қарамай, Раштда ҳалок бўлган ҳарбийлар хотираси учун мамлакатда мотам эълон қилинмади.
XS
SM
MD
LG