Линклар

logo-print

Сиёсат шахсий ҳаётга аралашганда

  • Барно Анвар

Озодлик мухлислари давлатлараро муносабатларнинг бузилгани оддий фуқароларнинг турмушига раҳна соладиган замон келди, демоқда.

Озодлик мухлислари давлатлараро муносабатларнинг бузилгани оддий фуқароларнинг турмушига раҳна соладиган замон келди, демоқда.

"Эркин микрофонга" қўнғироқ қилган тингловчи ва муштарийларимиз бугун ўзбек медицинаси муаммоларидан тортиб, Ўзбекистоннинг қўшни давлатлари билан муносабатларидаги муаммолар уларнинг шахсий турмушига таъсир қилаётганига оид муаммолардан гапиришди.


Шифокорлардан шифо ўрнига дард топдик

“Эркин микрофон”нинг бугунги қаҳрамонларидан бири – Самарқанд вилояти, Нуробод тумани, Олға қишлоғидан телефон қилган Баҳром Рўзиев вилоятдаги шифохоналар ходимларининг масъулиятсизлигидан гап очди.

Оғир аҳволда вилоят Онкология шифохонасига тушган опам етарли тиббий муолажа олмаяпти, деб арз қилади Баҳром ака.

- Бизлар энди бир қишлоқда турамиз. Ундай йўл-йўриқни билмайман опа. Опам касал эди. Нима касаллигини билмадик. Горболницага текширтирдим, областнойда текширтирдим. Кейин онкологический болницага олиб борган эдим. Йўлланма билан бордим у ерга. Кейин касални мендан сўрамабди. “Ичида сариқ суви бор. Шуни шланка билан олиб ташлаймиз”, деб қорнини йиртиб, операция қилиб ташлади. Энди биров қарамайди ҳам унга. Ўзи билан ўзи азоб еб ëтибди шу ерда.

Озодлик: Ташхис қўйишдими? Касалини аниқлашдими ўзи?

- Касалини аниқлай олмади. Касалини аниқламасдан ўзлари йиртиб қўйдими, ўзлари ўйнаб қилиб қўйдими, нима қилиб қўйса югуриб қолишди. Мен энди қишлоқ жойда тураман, тушунмайманда опа. Шуни тўғри операция қилмаганми, деяпманда қарамай қўйганига. Бош шифокорига учрашдимда “Ака, шунга ëрдам қилинглар. Олтита боласи бор. Опам 40қа кирган”, деб ҳаммасига тушунтириш бердим. Менга “Наркознинг пулини ким беради?”, дейди. “Дори олиб кел. Уни-буни олиб кел”, дейди. Қўлимдан келганича олиб келиб бердим. Энди билмадим. Ўзим ҳозир йўл пули ҳам топа олмаяпман Самарқандга бориб келишга. Боя синглим телефон қилди. “Қусиб ëтибди. Доктор ҳам, бошқаси ҳам қарамайди. Кечадан бери қоп-қора нарса қусиб ëтибди”, дейди. Мен ҳеч нарсага тушунмайман. Шунга ëрдам берасизларми, деб чиққан эдим, дейди вилоят шифохонаси бош шифокоридан тортиб, оддий ҳамшираларнинг кўзларига ёрдам умидида қараб турган, аммо, етарли ёрдам ололмай сарсон бўлаётган самарқандлик Баҳром Рўзиев.


Сен унда зор, мен бунда зор

Яна бир тингловчимиз Сирдарё вилоятидаги Янгиер шаҳрида истиқомат қиладиган Маҳкамжон исмли йигит Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги бугунги муносабатлар важидан хотиним билан ажрашишга мажбур бўлаяпман, деб гап бошлади.

У икки йил муқаддам тожикистонлик қизга уйланган ва ҳозир бир фарзанди бор. Аммо, улар Тожикистонда ва Ўзбекистонга келиш учун ҳужжатларни тўғирлай олмагани боис, ота сим тўқиснинг бу ёғи, она ва бола эса у ёғида сарсон қолмоқда.

- Тожикистонда ГЭС қурилаëтган эди. Бизнинг юртбошимиз “қурмайсан”, деб жанжал бўлдию. Ўзбекистонда вақтинчалик паспорт билан қайси Тожикистон фуқароси юрган бўлса, ҳаммасини ҳайдаб юбораяпти. Тожикистонда Ўзбекистон фуқароси яшаëтган бўлса, временно, ҳаммасини ҳайдаб чиқариб юбораяпти. Муносабатларни йўқ қилиб ташлаяптида. Бир-бирига ўтмайдиган қилиб қўяяпти.

Озодлик: Сиз яшаëтган жойдаги ўтиш пунктлари очиқми?

- Ўзбекистоннинг Сирдарë вилояти билан Тожикистоннинг Сўғд вилояти чегарадош. Уларни ëпиб ташлаб, ҳозир виза режими қилди. Виза режими билан ўзингиз биласиз кўп юра олмайсиз. Мен ë хотинимни Ўзбекистонга олиб келмоқчиман ëки ўзим Тожикистонга бориб яшамоқчиман. Мен Ўзбекистон фуқаросиман, хотиним Тожикистон фуқароси. Нима қилишни билмай каллам қотиб қолди. Адвокатлар билан маслаҳатлашсам, “Жуда қийин. Бошқа бирорта қонун чиқиб қолар. Кутамиз”, дейди. Ҳеч ким аниқ нарса айта олмаяпти. Менга бирорта аниқ йўл кўрсатадиган одам керак, дейди "Сен унда зор, мен бунда зор", дея хотини ва фарзандидан айрилиқда яшаётган сирдарёлик Маҳкамжон.


Тарихий ҳақиқатни тиклаш керак

Яна бир тингловчимиз, самарқандлик Жонибек Абдураҳмонов “ўзбек”, деган миллатнинг номини “турк”, деб ўзгартириш керак, деган таклифни илгари суради.

Унинг фикрича, бу билан бугун ўзбек дея аталаётган миллат ўзининг кўп асрлик асл номини топган бўлади ва айни пайтда, бугунги кунда Қирғизистонда бўлаётгани каби муаммоларга барҳам бериш имкони ҳам пайдо бўлади.

- Менинг шундай таклифим бор. Ўзбек этносининг номи ўзимизнинг қадимги турк атамаси қўйилиши керак. Агар шунга қайтилмаса, нацистлар Қирғизистондагидай, ким бу ерда қадимийроқ, ким бу ерда ўтроқ, ким бу ерга кўчиб келган, қаердан келган ëки Тожикистондагига ўхшаб дарийлар ва туркийларнинг масаласи – бунақанги нацизм кўпаяверади. Ўзимизнинг олдинги турк атамасига ўтиш керак.

Озодлик: Бу ерда ҳозир иккита масала борда. Бунинг тарихи чуқурлигини сиз биласиз. Лекин буни биладиганлар кўп деб ўйламайман биринчидан. Иккинчидан, ўзбек деган миллатнинг бугунги ўзининг авторитети, ҳурмати, нуфузи деган нарса бор. Ўзбек деган миллатни туркка ўзгартирган билан унинг менталитетини, зеҳниятини, ижтимоий-иқтисодий аҳволини ўзгартира олмайсизку.

- Бу унчалик катта революция бўлиб кетмайди. Тўрт-беш асрлик нарсани ўз ҳолатига қайтариш, тарихий ҳақиқатни тиклаш¸ дейди миллатчиликка барҳам бериш йўлларини қидираётган самарқандлик тингловчи Жонибек.

************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас.!
XS
SM
MD
LG