Линклар

Ғарбга эҳтимолий террор хуружи олди олинди


Ғарб махсус хизматлари Британия ва Францияга қарши қаратилган террор фитнаси фош қилинганини айтмоқда.

Skynews телевидениеси берган хабарга кўра, Британия, Франция ва Германия махсус хизматлари биргаликда Ғарбдаги йирик шаҳарларга амалга оширилиши режалаштирилган ва кўлам жиҳатидан Мумбайдаги хуружларга тенг келадиган террорчилик ҳужумини тўхтатиб қолишга муваффақ бўлган.

Махсус хизматлар берган маълумотга кўра, ҳужумни уюштираётганлар қароргоҳи Покистоннинг қабилалар назорати остида бўлган ва "Ал-Қойда" жангчилари макон тутган ҳудудларида жойлашган.

Шунингдек, сешанба куни оқшом Эйфел минорасида бомба борлиги ҳақида телефон будакасидан берилган огоҳлантирув сигналидан сўнг минорадаги одамлар қисқа муддатга эвакуация ҳам қилинди.

Худди шундай ҳодиса Эйфел минорасида икки ҳафта муқаддам ҳам содир бўлган эди.

Бироз аввал эса Франция ҳукумати эҳтимолий террор ҳуружларидан хавотир билдириб, мамлакатда хавфсизлик чораларини кучайтирган эди. Айни таҳдидни эътироф этган Британия ва Германия ҳукуматлари эса хавфсизлик чораларини ўзгартиришсиз қолдирган эди.

XS
SM
MD
LG