Линклар

Раштда икки жангари ўлдирилди

  • Гулнора Равшан

Тожикистоннинг Рашт водийси вазият барқарорлашганича йўқ

Тожикистоннинг Рашт водийси вазият барқарорлашганича йўқ

Рашт водийсида икки жангари қўлга олинди. Бу борада оммавий ахборот воситаларига хабар берган Тожикистон Ички ишлар вазирлиги масъуллари, жангарилар 28 сентябр куни Рашт шаҳрида ўтказилган махсус амалиёт чоғида қўлга олинганини билдирган.


Ички ишлар вазирлиги расмийси Маҳмадулло Асадуллоевнинг Озодликка маълум қилишича, қўлга олинганлар Мирзохўжа Аҳмадов гуруҳидан бўлган.

- Кеча эрталаб Рашт водийсида Мирзохўжа Аҳмадов жиноий гуруҳининг яна икки фаоли ҳуқуқ-тартибот идораси ходимлари томонидан қўлга олинди. Аммо тергов ишларига ҳалақит бермаслик учун улар номлари эълон қилинмайди. Қўлга олиниш жараёнида жангарилар қаршилик кўрсатишга улгурмаганлар. Икки томондан ҳам ярадорлар ва қурбонлар йўқ, - дея маълум қилди Ички ишлар вазирлиги масъули Асадуллоев.

Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Маҳмадулло Асадуллоев Рашт водийсида бошланган амалиётлар давомида Мирзохўжа Аҳмадов жиноий гуруҳига аъзоликда гумонланиб, қўлга олинган ўнга яқин киши Миллий хавфсизлик қўмитаси тергов изоляторида кўрсатма бераётганини маълум қилди.

- Аммо уларга қўйилган айблар исботланмагунича, улар ҳақида оммавий ахборот воситаларига маълумот берилмайди. Аммо кеча Раштда қўлга олинган икки жангари бундан истисно. Чунки улар Мирзохўжа Аҳмадов гуруҳи фаоллари эканини тан олдилар, - деди Асадуллоев жаноблари.

Рашт водийсидаги амалиётлар давомида Навобод шаҳарчаси Ички ишлар бўлим собиқ бошлиғи Саноат Аҳмадов ҳам қўлга олингани ҳақида хабарлар келмоқда.

Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, собиқ мухолифат собиқ аъзоси Саноат Аҳмадов Тожикистонда тинчлик битими имзоланганидан кейин Ички ишлар вазирлигида турли вазифаларда фаолият қилган.

Норасмий манбалар эса бундан олти ой аввал Саноат Аҳмадов “Мирзохўжа Аҳмадов одами” экани важидан вазифасидан бўшатилганини айтмоқдалар.

Ички ишлар вазирлиги расмийси Асадуллоев “Саноат Мирзоев ҳам қўлга олинганлар орасида бўлиши мумкин”, дея қўшимча қилар экан, бу борада тўлиқ маълумотларга эга эмаслиги сабабли тафсилотлардан тийилишини айтди.

Шуни ҳам айтиш лозимки, 28 сентябр куни Файзобод туманининг Чаноро қишлоғида ҳукумат кучлари олиб борган бир амалиёт натижасида Миллий хавфсизлик қўмитасининг вақтинча сақлаш изоляторидан қочган яна бир маҳбус йўқ қилинган эди.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги расмийси Асадуллоевнинг айтишича, у доғистонлик Ҳусейин Сулаймонов экан.

Тожик расмийсининг билдиришича, Россия фуқароси Сулаймонов қўлга олиниши чоғида қуролли қаршилик кўрсатган. Натижада унинг ўзи ҳалок бўлган ва яна хавфсизлик ходимларининг уч нафари ярадор бўлган.

Маҳмадулло Асадуллоев Рашт водийси ва Файзобод туманларида қочоқ маҳбуслар ҳамда Мирзоҳўжа Аҳмадов ва унинг гуруҳини қўлга олиш бўйича амалиётлар давом этаётганини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG