Линклар

Қирғизистонда "Титул миллат тўғрисида"ги қонун пайдо бўлиши мумкин

  • Сарвар Усмон

Қирғизистон президенти маслаҳатчиси Тўпчубек Турғуналиев “Титул миллат тўғрисида” қонун устида бош қотиряпти.

Қирғизистон президенти маслаҳатчиси Тўпчубек Турғуналиев “Титул миллат тўғрисида” қонун устида бош қотиряпти.

“Қирғизистонда ишлаб чиқилаётган янги қонун халқни иккига – биринчи ва иккинчи сорт миллатларга бўлиб қўйишга уринишдир. Бундай уринишлар жиноятдан ўзга нарса эмас”. Бу фикрни қозоғистонлик сиёсатшунос Дўсим Сатпаев Қирғизистон президенти маслаҳатчиси Тўпчубек Турғуналиев тайёрлаётган “Титул миллат тўғрисида”ги янги қонун юзасидан билдирди.


Президент Ўтунбаеванинг маслаҳатчиси Тўпчубек Турғуналиев бирданига иккита қонун: "Титул миллат тўғрисида"ги ҳамда "Миллий диаспоралар тўғрисида"ги қонунлар устида иш олиб бораётгани ҳақида 28 сентябр куни 24 kg агентлиги хабар қилди.

Бу икки ҳужжатнинг мазмунидан агентлик ўз муштарийларини хабардор қилмаган. Лекин қонун лойиҳаларининг номлариёқ Ўш ва Жалолобод қирғинидан хабардор кишини ҳушёр торттиради.

Июн воқеаларидан сўнг тинчлик ва барқарорлиги қил устида турган бир мамлакатда миллатчилик кайфиятларини янада кучайтириши мумкин бўлган қонунлар устида ишлаётган сиёсатчи билан 29 сентябр куни боғланиб, Бишкек вақти билан кеч соат 5 да гаплашишга келишиб олдик.

Лекин келишилган вақтда ҳам, ундан кейин ҳам Турғуналиев телефонини очмади.

Шундан сўнг қозоғистонлик сиёсатшунос Дўсим Сатпаев билан боғланиб, ундан фикр сўрадик. Унинг Турғуналиев ташаббусидан хабари бор экан.

Озодлик: Сизни ҳам ҳушёр торттирдими Турғуналиев тайёрлаётган қонун? Бундай қонунлар бошқа давлатларда ҳам мавжудми?

- Агар гап чинакам демократик давлатлар устида борадиган бўлса, уларда халқни титул миллатга ва титул миллатга мансуб бўлмаган бошқалар - иккинчи сорт миллатларга бўлиб қўядиган бундай қонун йўқ.

Асосий Қонун – Конституция мавжуд ва унда барча асосий ҳуқуқ ва эркинликлар ёзиб қўйилган. Улар ҳамма учун баравардир. Қонун олдида ҳамма тенг.

Ҳуқуқ ва эркинликлар эса, миллати, ирқи, дини, сиёсий қарашлари ва ҳоказолардан қатъий назар барчага тенг тақсимланган.

Шундан келиб чиқиб, шахсан мен титул миллат тўғрисида қонун қабул қилинишини хавфли деб ҳисоблайман, боз устига бундай ҳужжат тартибсизликларнинг янги тўлқинига туртки бериши мумкин, чунки бундай ҳужжат замирида миллатчилик ётибди.

Бундай қонун билан Қирғизистон халқи миллатига қараб камида икки сортга бўлинмоқда: қирғизлар ва қирғиз эмасларга. Бундай уринишлар жиноятдан ўзга нарса эмас.

Озодлик: Дўсум, биласизки, Тўпчубек Турғуналиев Қирғизистон президенти маслаҳатчиси – давлат амалдори. Мамлакатдаги тинчлик ва барқарорликка путур етказиш эҳтимоли бўлган қонунлар устида давлат амалдори иш олиб бораётганини қандай тушуниш мумкин?

- Афсуски, тахминимча, Роза Ўтунбаева Қирғизистоннинг номинал президенти холос, чунки у иддаоси ўта кучли бўлган жуда кўп қирғиз жамоат арбоблари манфаатларига путур етиб қолишидан чўчиб, мувозанатини йўқотиб қўймасликни ҳар доим ўйлашга мажбур.

Афсуски, бу арбобларнинг аксариятида давлатчилик тафаккури йўқ. Уларнинг тафаккурини "маҳаллийчи қишлоқи тафаккури", деб аташ мумкин.

Муаммо шундаки, Ўтунбаева шундай кишилар билан ишлашга мажбур. Мамлакатдаги вазиятнинг нозиклигидан келиб чиқиб, у душманлари сонини кўпайтиришни истамаяпти.

Лекин айни пайтда, агар у Қирғизистоннинг сиёсий тадрижи демократик меъёр ва қонунлар асосида бўлажагига кафил эканлиги тўғрисида баёнот берар экан, Турғуналиевга ўхшаш маслаҳатчилардан воз кечиши керак бўлади¸ деди саволларимизга жавоб берган қозоғистонлик сиёсатшунос Дўсум Сатпаев.

24 kg агентлиги хабарига қараганда, "Титул миллат тўғрисида"ги янги қонун устида ишлаётган президент маслаҳатчиси Тўпчубек Турғуналиев журналистларнинг сайлов арафасида яна миллий масала атрофида сўз юритавериш ўринлими, деган мазмундаги саволига жавобан "Агар бу гаплар қандайдир можаролар келтириб чиқарса, мен жавобгарликнинг бир қисмини ўз зиммамга олишга тайёрман", деган.

Турғуналиев ўз зиммасига олмоқчи бўлаётган можаролардан сўнггиси Ўш ва Жалолободда июн ойида бўлиб ўтди ва оқибатда юзлаб ўзбек ўлдирилди, минглаб ўзбек уйи куйдирилиб кўчада қолди, юз минглаб ўзбек қочқинга айланди, ўн минглаб ўзбек шу кунда ўзга юртларда жон сақлаб юрибди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG