Линклар

logo-print

АҚШ Эрон расмийларига санкциялар жорий қилди


Ҳиллари Клинтон АҚШ барча халқлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиши ҳақида мужда йўллаганини билдирди.

Ҳиллари Клинтон АҚШ барча халқлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиши ҳақида мужда йўллаганини билдирди.

АҚШ “инсон ҳуқуқларини жиддий ва мунтазам бузган” саккиз нафар юқори лавозимли Эрон расмийсига молиявий санкциялар эълон қилди. Инсон ҳуқуқларининг бузилиши ўтган йил ёз фаслида ўтказилган мунозарали президентлик сайловидан кейин мухолифат уюштирган намойишлар ҳукумат кучлари томонидан бостирилган пайтда юз берган.

Эроннинг юқори лавозимли расмийларига нисбатан санкциялар жорий қилинганини АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон ва Молия вазири Тимоти Гайтнер 29 сентябр куни Вашингтонда ўтказилган матбуот анжуманида эълон қилдилар.

- Ушбу расмийларнинг назоратида ёки уларнинг буйруғи билан Эрон фуқаролари ўзбошимчалик билан ҳибсга олинган, калтакланган, қийноққа солинган, зўрланган, шантаж қилинган ва ўлдирилган, - деди Ҳиллари Клинтон.

28 сентябр куни АҚШ Президенти Барак Обама имзо чеккан фармон Эроннинг саккиз нафар юқори лавозимли расмийсига санкциялар қўллашни назарда тутган. Улар орасида собиқ ва ҳозирги вазирлар ҳамда Исломий инқилоб посбонлари бошлиғи ҳам бор.

Президент Обама имзолаган ҳужжатда уларга тегишли бўлган АҚШдаги ҳар қандай мулк музлатилиши ва Қўшма Штатларга келиш учун уларга виза берилмаслиги назарда тутилган.

Ҳиллари Клинтон бу инсон ҳуқуқларини поймол қилган Эрон расмийларига нисбатан жазо чораси сифатида АҚШ томонидан илк бор санкциялар жорий қилингани ва бу санкциялар охирги санкциялар бўлмаслиги мумкинлигини айтди.

- Ушбу фармонни имзолаш орқали президент Қўшма Штатлар барча халқлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиши ҳақида мужда йўлади ва президент Барак Обама ўтган ҳафта БМТда айтганидек, биз бу ғояларни оёқ ости қилаётганларни аниқлаб оммага ошкор қиламиз. Биз овозга эга бўлмаганлар учун овоз бўламиз, инсон ҳуқуқларини бузаётган ҳукуматлар ва шахсларни ўз хатти-ҳаракатлари учун масъул қиламиз, - деди АҚШ Давлат котиби.

2009 йил июлида президент Маҳмуд Аҳмадийнажод қайта президент этиб сайланганига қарши минглаб эронлик кўчаларда намойишлар ўтказди. Бир неча ҳафта давом этган норозиликларга қарши ҳукумат томонидан кескин чоралар кўрилди.

Инсон ҳуқуқлари фаоллари ва мухолифат гуруҳлари Теҳрон ҳукуматини одамларни қийноққа солганлик, зўрлаганлик, ўлдирганлик ва минглаб фуқарони айбловсиз ҳибсга олганликда айблаган.

Инсон ҳуқуқларини оёқ ости қилганлик учун АҚШ томонидан санкциялар жорий қилинган юқори лавозимли Эрон расмийлари қуйидагилар: Исломий инқилоб посбонлари гвардияси қўмондони Муҳаммад Али Жафарий, Ижтимоий ҳимоя ва ижтимоий таъминот вазири Содиқ Маҳсулий, Собиқ Разведка хизмати вазири ва ҳозирги Бош прокурор Қолам-Ҳусайн Муҳсиний-Эжей, Собиқ Бош прокурор Сайид Муртазавий, Разведка хизмати вазири Ҳайдар Муслихий, Қуролли кучлар қўмондони ўринбосари Мустафо Муҳаммад Нажжар, Эрон Миллий полицияси бошлиғи ўринбосари Аҳмад-Риза Радан, Исломий инқилоб посбонлари гвардияси қўмондонининг разведка бўйича ўринбосари Ҳуссайин Тайиб.

Оқ Уйга кўра, Жафарий Эрондаги сайловдан кейин тинч намойишда қатнашган одамларни калтаклаган, ўлдирган ва ўзбошимчалик билан ҳибсга олган ҳукумат кучларига бошчилик қилган.

Матбуот анжуманида Клинтон билан бирга сўзлаган АҚШ Молия вазири Тимоти Гайтнер Қўшма Штатлар томонидан кўрилган чора мақсади ҳақида буларни айтди.

- Мақсадимиз Эрон раҳбариятини хатарли йўлдан воз кечишга мажбур қилиш учун кучли, самарали чоралар кўриб, босим ўтказишдан иборат. Биз барча соҳаларда ўз манфаатларимизга таҳдид солувчи ножўя хатти-ҳаракатларни аниқлаб, уларни нишонга олиш йўлларини топишда давом этамиз, деди АҚШ Молия вазири.

Эслатиш жоизки, жорий йил бошида Қўшма штатлар Эроннинг банк ва молия секторига қарши санкциялар жорий қилган.

Эрон ўз ядровий дастури борасида халқаро ҳамжамият билан етарлича ҳамкорлик қилмаётгани боис июн ойида БМТ Хавфсизлик кенгаши томонидан Теҳронга қарши тўртинчи марта санкциялар жорий қилинган эди.
XS
SM
MD
LG