Линклар

АҚШ Хитой молларига бож тўловларини оширмоқчи


Расмий Пекин Хитой моллари импорти учун Америкада бож тўловларини кўтариш кўзда тутилган қонун лойиҳасини АҚШ Конгресси мақуллаганини қоралади.

Хитой расмийларига кўра, бунга валюта айирбошлаш механизмларининг сабаб қилиб келтирилиши Жаҳон савдо ташкилоти ишлаб чиққан меъёрларга зиддир.

АҚШ ва Европа Иттифоқи Хитойни юан курсини сунъий равишда паст ушлаб келаётганликда айблаб келади. Ғарблик иқтисодчиларга кўра, юаннинг паст курси Америка учун фойда келтирмайди, чунки АҚШ товарларининг рақобатбардошлигига путур етказади ва натижада АҚШнинг Хитойга экспорти ҳажмини ошириш имконини бермайди.

АҚШ Конгрессидаги муҳокамаларда конгрессмен Тимоти Райан янги қонун лойиҳасини ҳимоялаб, "Одамлар кўп ишлаб, кам маош олаётгани мени ҳам ташвишлантиради. Фикримча, ушбу қонун АҚШ иқтисодига кўпроқ сармоялар ётқизлиши учун янги имконлар, одамлар учун эса янги иш ўринлари яратади", деди.

Аммо республикачи конгрессмен Кевин Брэйд қонуннинг қабул қилинишига қарши эканини айтди.

- Менимча бу қонун Хитойни ўз валютаси курсини ўзгартириш ва савдо дефицитини камайтришига кўндира олмайди, янги иш ўринларини ҳам очмайди. Шунинг учун мен бу қонуннинг қабул қилинишига қаршиман,- деди Кевин Брэйд.
XS
SM
MD
LG