Линклар

Текебаевни Москва "шарманда" қилди


Ўмурбек Текебаев 20 йилдан бери ўз позициясида собит қолаётган бармоқ билан санарли қирғиз сиёсатчиларидан бири.

Ўмурбек Текебаев 20 йилдан бери ўз позициясида собит қолаётган бармоқ билан санарли қирғиз сиёсатчиларидан бири.

Қирғизистондаги йирик партиялар 10 октябрда ўтадиган парламент сайлови арафасида Кремлдан мадад изламоқдалар. Қирғиз сиёсатчилари Россияда президент Медведев даражасида қабул қилиндилар. Москвага боришни истамаган сиёсатчилар эса Россия телеканаллари орқали "шарманда" қилинмоқда.


Сайловолди рейтингида қайд этилишича, Ўмурбек Текебаев раҳбарлигидаги “Ота макон” партияси янги қирғиз парламентидаги асосий ўринни эгаллаши мумкин. Бу ҳолатда Қирғизистонни парламент республикасига айлантирилишининг ғоявий раҳбари, биринчи ва энг сўнгги қирғиз Конституцияларининг муаллифи Ўмурбек Текебаев парламент спикери ёки Бош вазир лавозимига сайланади.

Кузатувчилар фикрича, Москва бунга йўл қўймасликка ва “Ота макон” партияси лидери обрўсини туширишга ҳаракат қилмоқда. Маҳаллий матбуот эса “Москва Текебаевга сайлов олдида қаттиқ зарба берди” қабилидаги мақолаларни чоп этмоқда.

Гап шундаки, Россиянинг НТВ телеканалида 28 сентябр куни Ўмурбек Текебаевнинг бир аёл билан “дон олишиб тургани” ҳақидаги лавҳа намойиш этилди.

Бу видеолавҳа бундан бир йил олдин интернетда пайдо бўлган ва Қирғизистонда бир оз шов-шувга сабаб бўлгач унитилган эди. Мазкур лавҳанинг иккинчи бор Москва телеканалида намойиш этилишига Ўмурбек Текебаевнинг ўзи муносабат билдиргани йўқ. Бироқ “Ота макон” партияси лидерларидан бири Равшан Жээнбеков бу ҳолатни Кремлнинг қирғиз сайловчиларига таъсир ўтказишга ҳаракати сифатида баҳолайди:

- Кремл сайлов арафасида ўз манфаатига жавоб бермайдиган сиёсатчиларни ўйиндан чиқаришга ҳаракат қилмоқда. Кремл мустақил сиёсат юритиш тарафдори бўлган одамларга қарши ишлаяпти. НТВ телеканалида кўрсатилган лавҳа орқали сайловчиларга таъсир ўтказишга ҳаракат қилинмоқда,- деди Равшан Жээнбеков.

Конфликтолог Жирғалбек Қасабўлўтов ҳам бу фикрга қўшилади. Унинг айтишича, Россия телеканалларини Кремл назорат қилади. Шундан келиб чиққан ҳолда, конфликтолог НТВ телеканалида намойиш этилган лавҳа Москва расмийлари ихтиёрсиз намойиш этилмаган бўларди, деб ҳисоблайди.

Жирғалбек Қасабўлўтов шу ўринда Қирғизистондаги йирик партиялар раҳбарларининг Кремлга серқатнов бўлиб қолганига ҳам алоҳида диққат қаратиш лоизмлигини айтади.

Масалан, бир ой ичида Социал демократик партиясининг раҳбари Алмазбек Атамбаев Москвада Бош вазир Владимир Путин билан, “Республика” партияси лидери Ўмурбек Бабанов Россия президенти маъмурияти раҳбари Сергей Наришкин билан учрашиб қайтди. “Ор-номус” партияси раҳбари Феликс Қуловни эса Кремлда Россия президенти Дмитрий Медведев қабул қилди.

Айтиб ўтиш керакки, Феликс Қулов раҳбарлигидаги партия парламент бошқарувига қарши чиқиб, Қирғизистонда кучли президентлик ҳокимияти ўрнатиш тарафдоридир.

- Бундан келиб чиқадики, бизнинг сиёсатчилар ҳалигача эски стереотиплар асосида фикрлайдилар. Биринчи навбатда Москванинг эмас, қирғизистонликларнинг мададига таяниш керак. Бугунги кунда қирғизистонликлар учун Москва кимни қўллаб-қувватлаётгани ҳеч нарсани англатмайди,-деди конфликтолог Жирғалбек Қасабўлўтов.

Сиёсатшунос Бекбўсин Бўрибошев эса қирғиз сайловчилари учун Кремлнинг қайси партияни қўллаб-қувватлаши муҳим эканини айтади:

- Халқнинг кенг қатлами ҳалигача Россияга умид боғлайди. Сайлов жараёнида сиёсий партиялар бундан унумли фойдаланишга ҳаракат қилишмоқда. Албатта, бу партиялар Кремл расмийлари билан учрашиб, нимларнидир ваъда қилишади. Аммо бу учрашувларда нималар ваъда қилингани ва қандай ваъдалар олингани бизга сирлигича қолаверади,-деди Бекбўсин Бўрибошев.

Маҳаллий кузатувчилар фикрича, сайлов куни яқинлашгани сари қирғиз сиёсатчиларининг Москва кўнглини олиш ҳаракатлари кўпаяди, Кремлнинг эса Россия матбуоти орқали Қирғизистондаги сайлов натижаларига таъсир кўрсатиш ҳаракати кучаяди. Қирғизистонда парламент сайлови 10 октябрда ўтказилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG