Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:45

Ўзбек судланувчилари суд залида калтакланди


Ўш ва Жалолободдаги хунрезликларга алоқадорликда айбланаётганларнинг аксарияти ўзбеклардир.
Ўш ва Жалолободдаги хунрезликларга алоқадорликда айбланаётганларнинг аксарияти ўзбеклардир.

Ўш қирғини пайтида Қорасув тумани Милиция бошқармаси бошлиғи Адилбек Султонов ва унинг ҳайдовчиси Уран Шамурзаевни ўлдирганликда айбланиб судланаётган 11 нафар ўзбек 29 сентябр куни маҳбусларни қўриқловчилар томонидан суд залида аёвсиз калтакланган.


Ўш вилояти Қорасув туман судининг 29 сентябр куни Ўш шаҳрида жойлашган харбий қисимлардан бирида ўтказган маҳкамасида 11 нафар судланувчининг конвой томонидан калтакланганини ўз исми сир тутилишини истаган воқеа гувоҳи айтиб берди:

- Ҳеч ким йўғида буларни урдиришибди. Бошларига дубинкалар билан уришган, уларнинг ҳамма жойи қон бўлиб кетган. Уларни фақат жабрланувчилар урмабди. Уларни ўша ерда охранада, конвойликда турган солдатлар уришибди. Ўлган одам билан бирга ишлаганларнинг ҳаммаси милиция ходимлари-да. Ўшалар, формадаги одамлар уришибди,- деди исми сир қолишини истаган суҳбатдошимиз.

Унинг айтишича, судланувчилар маҳкамага тушлик учун танафус эълон қилинган пайитда, хеч ким йўқлигида, суд залидаги темир панжара ичида калтакланган.

Эслатиб ўтамиз, Қорасув туман Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Одил Султонов ва унинг ҳайдовчиси Уран Шомурзаевнинг шу йил 13 июн Қорасув тумани Наримон қишлоғида номаълум шахслар томонидан ўлдирилган эди. Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Одил Султонов ёндириб юборилган, унинг ҳайдовчиси Уран Шомурзаевнинг калласи танасидан жудо қилинган эди. Бу воқеа юзасидан суд маҳкамаси 29 сентябр куни Ўш шаҳрида жойлашган ҳарбий қисимлардан бирида бошланди. Маҳкама 30 сентябр куни ҳам давом этди.

Судланувчиларнинг адвокатлари 29 сентябр куни ўз ҳимоясидагиларни калтаклаган конвой ва бунга йўл қўйган конвой бошлиғини жиноий жавобгарликка тортиш, судланувчиларни суд тиббий текширувидан ўтказиш тўғрисида оғзаки илтимоснома билан мурожаат қилган.

Бундан маҳкамада иштирок этаётган жабрланувчи томон ғазабланган ва айрим адвокатларни калтаклаган:

- Биз суд маҳкамасида илтимоснома беришимизни эълон қилдик. Таир Асанов деган адвокат бор. У илтимосномани бераётганида суд залидаги оломон унга ташланди ва суд залида уни калтаклаш бошланди. Таир Асанов калтакланди. Биз адвокатлар фақат уни ногирон қилиб қўймасликлари ёки ўлдириб қўймасликлари учун оломонга тўсқинлик қила олдик,- деди судланувчиларнинг адвокатларидан бири Рашид Музаффаров.

Исмини ошкор қилишмизни ва овозини ёзиб олишимизни истамаган яна бир адвокатнинг айтишича, суд залидаги ҳуқуқ - тартибот ходимлари адвокат Таир Асановнинг жабрланувчилар томонидан калтакланишини ҳам томоша қилиб тураверган. Фақат орадан бир қанча вақт ўтгач, улар ўзларини жанжаллашаётганларни ажратаётган қилиб кўрсатишган.

Адвокатлар ҳуқуқ-тартибот ходимларининг бу ҳаракатларига норозилик билдирганида, ҳуқуқ-тартибот ходимлари адвокатларга “Айб ўзларингда, сартнинг (ўзбек - тахр.) пулини олиб уни ҳимоя қилаяпсан. Энди чидашасан, ўзларинг шу касбни билиб танлашгансан”, деб жавоб қайтаришган.

Исми сир қолишини истаган суҳбатдошимиз оломон Тоир Асанов билан бирга яна бир адвокатни ҳам калтаклаганини ва улар суд залидан қувиб чиқарилганини қўшимча қилди.

Адвокатларга кўра, шундан сўнг маҳкамага раислик қилувчи Қорасув туман суди судяси Бақит Усупбеков маҳкама 19 октябрга қолдирилишини эълон қилган.

Айтиб ўтиш жоизки, Наримон қишлоғида ўлдирилган Қорасув туман Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Одил Султонов ва унинг ҳайдовчиси Уран Шомурзаевнинг қариндошлари 29 сентябр кунги маҳкамада яқинлари ўлими юзасидан тергов якунига етказилмаганини иддао қилиб, суд раисидан жиноий ишни қайта терговга юборишини талаб қилишган.

Марҳум Одил Султоновнинг рафиқаси Гулзада Султанованинг айтишича, у маҳкамадан аввал ҳам терговчиларга тергов ўта суст олиб борилаётгани ҳақида мурожаат қилган:

- Куёвим 13 июнда оламдан ўтди. Беш кундан кейин кечки пайт унинг телефонидан менга “мен тирикман”, деб собшения келди. Кейин мен ўша куни ички ишлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Нуриддиновга телефон қилдим. Мен унга “куёвимни телефонидан мен тирикман деган собшения келяпти”, десам у “куёвингиз ўлган, нимага бундай қиласиз, жавобгарлар қўлга олинди, у собшения аҳамиятга эга эмас”, деди. Нимага аҳамиятга эга эмас, ким мени устимдан кулиб буларни ёзди. Куёвимни бир телефонида иккита сим карта бўлган, симкалардаги ўшанча номердан мени қандай топди? Номерлар орасида аёлим, деб ёзилгани йўқ. Гулзада, деб ёзилган. Мени, синглим ва қайни опамнинг номери бўлган. Уч аёл киши ичидан мени қандай топди?- дейди Одил Султоновнинг рафиқаси Озодлик билан суҳбатида.

Қирғизистон жанубидаги қирғин ташкилотчилари сифатида айбланиб судга тортилаётганларнинг аксарияти ўзбеклар эканини айтиш жоиз.

Шу йилнинг август ойида Қирғизистон Бош прокуратураси расмийси Сумар Насиза Жалолободдаги қонли воқеаларга алоқадорликда айбланиб бир умрлик қамоқ жазосига ҳукум қилинган ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаров тўғрисида гапираётиб: “Тартибсизликларда айбланиб 262 одам қўлга олинди. Улардан 243 нафари ҳибс қилинди. Улардан 29 нафари қирғиз миллати, қолган 213 нафари ўзбек миллати, 1 нафари эса бошқа миллатга мансуб шахслардир”, деган эди.

Интерфакс ахборот агентлигининг Қирғизистон Бош прокуратурасига таяниб хабар қилишича, ҳозирда Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот тузилмалари томонидан Ўш ва Жалолобод вилоятларида содир бўлган оммавий тартибсизликлар бўйича 4,5 мингдан ортиқ жиноий иш тергов қилинмоқда. Жиноий ишлар бўйича 291 одам қўлга олинган.
XS
SM
MD
LG