Линклар

logo-print

Ўқитувчи байрамни далада нишонлаяпти

  • Садриддин Ашур

"Сиз азизларнинг кундалик олижаноб меҳнатингиз олдида таъзим этсак арзийди", деган президент ўқитувчиларнинг ўз касбий байрами куни ҳам далада қилаётган меҳнатини назарда тутган бўлса ажабмас.

"Сиз азизларнинг кундалик олижаноб меҳнатингиз олдида таъзим этсак арзийди", деган президент ўқитувчиларнинг ўз касбий байрами куни ҳам далада қилаётган меҳнатини назарда тутган бўлса ажабмас.

1 октябр Ўзбекистонда ўқитувчилар куни. Ўзбекистон президенти байрам муносабати билан ўқитувчиларга табрик йўллади. Бироқ умумхалқ байрами деб аталган кунда ана шу байрам сабабчилари ўқитувчилардан бошқа ҳамма дам олади. Қишлоқ ўқитувчилари бу кунни пахта далаларида “байрам” қилишади.


Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов, одатдагидек, бу йил ҳам ўқитувчиларни байрам билан табриклар экан, улардан энг ширин сўзларини аямади:

“Ҳақиқатан ҳам, кўз нури ва қалб қўрини, бутун онгли ҳаётини ёш авлодга билим ва тарбия беришга, уларни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида камол топтиришга бағишлаган, бир сўз билан айтганда Ватанимизнинг эртанги кунининг пойдеворини яратаётган сиз азизларнинг кундалик олижаноб меҳнатингиз олдида таъзим этсак арзийди, албатта”, дейилади президент табригида.

Ўқитувчиларнинг кундалик олижаноб меҳнати учун "таъзим бажо этажагини” айтган президент, ўқитувчиларнинг меҳнатини рағбатлантиришни, иш ҳақини оширишни “ўз бурчи” деб, ҳисоблашини таъкидлади.

Бу табрик, одатдагидек, шахсан президентнинг оғзидан эмас, Ўзбекистон телевидениеси орқали ўқиб эшиттирилди.

Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида ўқитувчилик қилаётган Фахриддин Алиев (исми ўзгартирилган) ўзи ва ҳамкасблари президент табригини эшитиб жуда хурсанд бўлгани, бироқ бу хурсандчилик орадан ярим соат ўтмай тумандай тарқалиб кетганини айтади.

- Бу гапларни эшитиб, ўзимиз жуда қувониб, президентимизга раҳматлар айтдик. Ҳаммамиз йиғилишиб мактабда шундай муҳокама бўлди. Лекин орадан ярим соат ўтгандан кейин, даланинг ичига чиққанингиздан кейин бошқача ҳолатга тушиб қоласизда. Ўзи бир йилда бир марта нишонланса, дам олиш куни деб эълон қилинган бўлса, ўшани ҳам пахта териш, ўқувчиларнинг бошида туриб пахта тердириш ëки чўлда сув йўқ, озиқ-овқат муаммо бўлиб ëтган, ëтиш-туришга шароит йўқ жойда оғир аҳволда пахта тераëтган ўқитувчиларни кўз олдингизга келтиринг. Бу байрам гўëки биз учун йўқ ҳисобида, -дейди Фахриддин Алиев.

Самарқанд вилоятининг Иштихон туманидаги мактабларнинг бирида ўқитувчилик қилаётган Сайфулла Қосимов(исми ўзгартирилган) ҳам бундай табрикларни эшитавериб, ўрганиб кетганлиги, аслида ўқитувчи маҳаллий ҳокимиятнинг дастёрига айланиб қолганлигини айтади.

- Энди улар айтаверади. Радиода жуда чиройли гаплар бўлади. Лекин ҳаммаси қоғозда-да. Ҳаëтда бутунлай бошқа нарсаку. Ўқитувчи қишлоқда озроқ обрўга эга бўлиши мумкиндир, аммо жамиятда ҳеч қандай обрўга эга эмас. Ўқитувчи асосан тайëр кучда. Эрталаб кўчани супуриш керакми мактабга келади. “Давай болаларни олиб чиқинглар” дейди. Ҳашар бўладими ўқитувчилар, бошқа нарса бўладими ўқитувчилар. Пахтаку энди 100 фоиз бизга юклатилган. Ҳокимиятнинг дастëрида, -дейди Сайфулла Қосимов.

У президентнинг “ўқитувчиларнинг меҳнатини рағбатлантириш, иш ҳақини ошириш бурчимиздир” деб айтган гапларига умид билдиради. Ваҳоланки, мен ҳозир оддий милиция ходимидан ҳам оз маош оламан, дейди ўқитувчи,

- Пахтага коллежнинг болалари келган. Милицияларни ҳам қўйган уларга қоровул сифатида. Бир йигит билан у кун гаплашиб қолдим. Оддий милиционер экан. 450 минг қўлига оларкан. Оддий рядовойда энди у. Мен олий маълумотли, олий категорияли ўқитувчи 400 минг оламанми йўқми Худо билади. Милицияларнинг ойлиги биздан икки-уч баробар кўпайиб кетган,-дейди иштихонлик ўқитувчи Сайфулла Қосимов.

Сурхондарёлик ўқитувчи Фахриддин Алиев эса, фақат баландпарвоз гаплар айтиладиган, лекин амалда байрам қилинмайдиган ўқитувчилар кунини умуман календардан ўчириб ташлашни таклиф қилади. Чунки, дейди ўқитувчи, бу кунда ўқитувчидан бошқа ҳамма дам олади.

- Байрамни ҳозирча бугун нишонлаганимиз йўқ. Бугун даланинг ичидамиз. Эртага ҳам пахтанинг ичида бўларканмиз. Эртага ўзи аслида дам олиш. Ўқитувчилар куни энди. Ўқитувчиларнинг барчаси даланинг ичида. Чўлга кетадигани чўлга кетаяпти, қолгани ўқувчиларнинг бошида далада туриб пахта тердираяпмиз. Байрамни пахтанинг ичида кутамизда.

Озодлик: -Байрам пахтазорда бўладими?

-Бу аниқ. Гарантия бу!- дейди Фахриддин Алиев.

Президент табригида, кейинги 10-12 йил мобайнида 1394та касб ҳунар коллежи, 142та академик лицей, 9772та мактаблар бунёд этилгани айтилар экан, бу ишлар мамлакат тарихида илгари ҳеч кўрилмаган улкан ҳодиса сифатида талқин этилади. Ўқитувчи Фахриддин Алиев президентнинг бу айтганларига нисбатан ўз мулоҳазаларини билдираиди.

- Тўғри, озгина пул берилаëтган бўлса, коллежлар, академик лицейлар таъмирланаяпти. Бу ғамхўрликнинг 100 фоиз бўлмаса ҳам 40 фоиз насибасини кўраяпмизу, лекин қуриб берилган коллежларни битирган ўқувчиларнинг 85-90 фоизи бекор юрибди. Қаерга борсин у? Ўқишга кира олмаса. Чунки катта пулда.

Иккинчиси, қурилган мактаблар. Бир йилнинг ичида капитал реконструкцияга тушган мактаблар қилиб берилаяпти. Орадан бир йил ўтмасдан поллар қўпорилиб кетган. Ўша қўйилган АКФА деразалардан ҳаво ўтмайди. Ўшанинг ичида ўзи дарс ўтиш мумкин эмас. Бутун ўқувчилар орасида касаллик тарқатиб юборади. Янги қурилган мактабларда нафас олишнинг иложи йўқ.

Учинчиси, майли қурилган мактаб қурилди. Лекин ўшанинг ичида жиҳознинг ўзи бўлмаса, у мактабнинг кимга кераги бор? Ундан кўра эски мактаб яхши эмасми?

Тўртинчиси, қурилди, айрим жойларга ичи ҳам олиб келинди дейлик. Техник воситалар билан таъминланди. Электр токи бўлмаса, нимага керак у?

Бешинчиси, мана биринчи чоракнинг қисман ярми ўтди. Даланинг ичидамиз. Юқори синфларда бир соат ҳам дарс бўлгани йўқ. Бу нимага керак?

Олтинчиси, олдингизда ажойиб байрамингиз турсаю, ҳамма дам олсаю, сен бўлсанг пахта терсанг. Одамга жуда алам қиларкан. Узр, қўполроқ гапириб юборган бўлсам, дейди Фахриддин Алиев.

Президент табригида айтилишича, сўнгги йилларда педагогика йўналиши бўйича олий ўқув юртларига ҳужжат топшираётган абитуриентлар сони энг юқори кўрсаткични, яъни 22,6 фоизни ташкил этмоқда. Бироқ Наманган давлат унверситетининг собиқ ўқитувчиси Алижон Обидов педагогика олийгоҳларини битириб чиқаётганларнинг сонига эмас, балки сифатига эътибор қаратилса мақсадга мувофиқ бўларди, дейди.

- Ўқиëтган болаларнинг дарс даражасини, ўқитувчиларни ҳам, ўша ерда ишлаëтган лабораторияларни ҳам амалда кўрсатилган даражага келтирмасак, ҳеч қачон яхши кадр чиқмайди. Сабаби талаба амалий машғулотларни кўрмаса, қилиб кўрмаса, бориб болаларга қандай ўргатади? Айтайлик гапириб бериб, шуни амалда микроскопда кўрсатиб беришга имконият йўқ. Болаларни нормадан ортиқча қилиб, 20-25 керак жойда 200талаб олган бўлса. Буларнинг эвазига кимлардир семириб ëтибди. Шу нарса ҳисоботи юқорига тўғри бормайди. “Халқнинг талаби кучли бўлганлиги учун яна қўшимча ўрин беришингизни сўраймиз” деб документ тайëрлаб вазирликдан ўринни олиб келишади. Вазирликдагиларнинг ҳаммаси болаларнинг пул билан кираëтганини билади, фойдаланишади. Бу йил биологияда 185 бола битирди. 15тачаси ишга зўрға жойланади холос. Қолганлари қаëқда ишлайди? Қолган 170таси мактабларга бориб директорлардан ёлғон справка олиб келиб, кейин дипломини олади,-дейди биология фанлари номзоди Алижон Обидов.

Ўзбекистондаги ҳамма ўқитувчилар ҳам бугун пахта даласида эмас. Шаҳарлик ўқитувчилар пахтага ҳайдалиш қисматидан қутулиб қолган. Улар байрамларини бемалол мактабларида нишонлашади. Шаҳарлик ҳамксбларидан фарқли ўлароқ, қишлоқ мактаблари ўқитувчилари ўн йиллардан буён дам олиш куни ҳисобланган ўқитувчилар умумхалқ байрамини ўқувчилари билан пахта далаларида нишонлаб келмоқдалар.
XS
SM
MD
LG