Линклар

Мушарраф давлат тўнтариши эҳтимолидан огоҳлантирди


Покистон собиқ президнти Парвез Мушарраф мамлакат сиёсий саҳнасига қатймоқда.

Покистон собиқ президнти Парвез Мушарраф мамлакат сиёсий саҳнасига қатймоқда.

Покистонда яна бир ҳарбий тўнтариш амалга оширилиши мумкин. Бу собиқ президент Парвез Мушаррафнинг 30 сентябр кунги баёноти. Янги сиёсий партияга асос солаётган Мушарраф фикрича, Покистон Қуролли кучларининг мамлакат сиёсий ҳаётидаги роли ҳозиргидан кўра кучлироқ бўлиши лозим.


Покистон собиқ президенти Мушарраф мамлакат сиёсий ҳаётига қайтишга тайёргарлик кўрар экан, Қуролли кучларнинг сиёсатдаги ўрни каттароқ бўлиши керак деган фикрда.

Чоршанба куни Лондонда бўлиб ўтган бир издиҳомда сўзлар экан, Мушарраф ядровий қурол соҳиби бўлган Покистондай бир мамлакатдаги вазият чигаллиги Қуролли кучлар муайян бир мавқега эга бўлган тақдирдагина ҳал бўлиши мумкин, деган фикрни билдирди.

Покистоннинг ёши 67га чиққан собиқ раҳбари фикрича, кучлар баланси сақланиб, мувозанати бузилмайдиган давлат бошқарувига эришишнинг бир шакли топилиши керак.

Унинг айтишича, "ташвишларни билдиришга имкон бўладиган майдон бўлуви зарур".

1947 йили Буюк Британиядан мустақилликка эришганидан бери ўтган 63 йиллик муддатнинг қарийб ярмида Покистон ҳарбийлар бошқаруви остида бўлди, бу мамлакатда Қуролли кучларнинг роли ҳануз каттадир.

Мушарраф, Лондонда қилган чиқиши чоғида, исломчи жанггариларга қарши муносиб кураша олмаётган, иқтисодиётдаги таназзулни тўхтата олмаётган, ҳалокатли сув тошқини олдида ожиз қолган ҳукуматга қарши Қуролли кучлар ҳаракат қилиши эҳтимоли ҳақида ҳам гапириб ўтди.

Парвез Мушарраф, Покистон армияси штаби бошлиғи Ашфақ Парвез Қайёний, президент Осиф Али Зардорий ва Бош вазир Юсуф Ризо Ғилонийларнинг жорий ҳафтада ўтган учрашуви тўғрисида гапирар экан, "менимча, улар об-ҳавони муҳокама қилишмадиёв", деб кесатди.

Собиқ президент фикрича, учрашув давомида армия штаби бошлиғига босим ўтказилган бўлиши керак.

Мушаррафга кўра, худди шунга ўхшаш босимлар уни 1999 йили ҳукуматга қарши чиқишга мажбур қилган эди.

Покистоннинг собиқ раҳбари 2007 йили мамлакат Олий суди раисини ишдан олиши муносабати билан бошланган сиёсий инқироздан омон чиқа олмади. Ойлар давом этган норозиликлардан сўнг 2008 йилда бўлган парламент сайловида унинг тарафдорлари мағлубиятга учради.

Мушаррафнинг сўнгги баёнотлари Покистон давлат тузилмалари ўртасидаги зиддиятлар кучайган бир пайтга тўғри келди. Бу зиддиятларни эса, Қуролли кучлар жорий ҳукумат ўрнига муқобил бошқарув тайинлашга уринмоқда, деган миш-мишлар келтириб чиқарди.

Покистон ҳукумати бир томондан ҳарбийларнинг ташқи ва хавфсизлик сиёсатини назорат қилиши билан заифлашган бўлса, иккинчи томондан президент Зардорийнинг коррупционерлиги тўғрисида аввал билдирилган айбловларни судлов ҳокимияти яна кун тартибига чиқариши туфайли заифлашди.

Покистон Сенати аъзоси Афросиёб Хаттак Озодлик мухбири билан суҳбат чоғида зиддиятларни ҳукуматнинг давлат тузилмаларини етарли назорат қила олмаётгани билан изоҳлади.

Амалдан кетганидан буён Лондонда истиқомат қилаётган Мушарраф 2013 йили бўладиган сайловларда қатнашиш учун янги партия тузажаги тўғрисида баёнот берди.

Баъзи таҳлилчилар Мушаррафнинг бир пайтлар эга бўлган обрўсини тиклай олишига шубҳа билан қарамоқда, боз устига, мамлакатда унинг қудратли сиёсий рақиблари ҳам талайгина.

Мушарраф ўзи тузаётган "Покистон Мусулмон лигаси" партиясининг сиёсий платформасини жума куни Лондонда эълон қилмоқчи.

Лекин у ўзини юридик муаммолар кутаётган мамлакатига қачон қайтажаги тўғрисида бир нарса демади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG