Линклар

Тожик қариялари қашшоқликда умр кечирмоқда


Тожикистонда қарияларга берилаётган нафақа бир ҳафталик камтарона нонушатага етмайди, дейди қарияларнинг ўзлари.

Тожикистонда қарияларга берилаётган нафақа бир ҳафталик камтарона нонушатага етмайди, дейди қарияларнинг ўзлари.

Тожикистон президенти фармони билан сентябр ойидан бошлаб мамлакатдаги энг кам пенсия миқдори 15 доллар қилиб белгиланди. Бироқ нафақахўрлар 15 доллар бир ҳафталик тирикчиликка ҳам етмайди, демоқда. 1 октябр Қариялар халқаро куни сафатида нишонланиши боис тожикистонлик қариялар қнадай кун кечирмоқда, деган савол билан қизиқдик.


Сентябр ойида Тожикистон президенти фармони билан пенсиялар миқдори оширилди. Фармонга мувофиқ энди энг кам нафақа миқдори 70 сомони, яъни 15 АҚШ долларини ташкил қилади. Пенсиянинг энг юқори миқдори эса 400 сомоний, яъни 90 доллар атрофидадир. Лекин 70 сомонийдан 400 сомонийгача бўлган пенсия фақат кейинги ўн йилда нафақага чиққан қарияларгагина насиб қилади, холос.

Сўғдлик пенсионерларнинг айтишларича, бир кунлик арзонроқ овқатланиш учун 10 сомоний кетиши ҳисобга олинса, етмиш сомоний бир ҳафталик тирикчиликка ҳам етмайди.

- Шўролар даврида “Хурмат белгиси “, “Қизил байроқ” орденлари, кўплаб медаллар билан тақдирланган эдим. Таниш - билишларим ўша пайтда, “Хошимжон, пенсияга чиқсанг союзний значание бўласан, қарилик гаштини сурасан – да”, дейишарди. Пенсияга чиқдим, икки сўм эллик тийин тайинлашди. Кейин пул алмашди. Пенсиялар ҳам икки марта оширилди. Ҳозир етмиш икки сомони оламан. Союзнинг орденлари кор қилмас экан,- дейди бундан 15 йил олдин нафақага чиққан Хошимжон Мамажонов.

Тожикистонда аксарият кексаларни урф-одатга кўра фарзандлари боқишади. Лекин фарзандлари ҳам ишсиз бўлсачи? Боз устига тожикистонлик йигитларнинг кўпи бугунги кунда оила боқиш илинжида Россияга кетишган. Мана шундай шароитда ота-оналар кекса бўлишларига қарамай, ўзлари ишлаб пул топишга мажбурлар.

- Пенсияга чиққанимга ўн саккиз йил бўлди. Пенсия пулим 35 сомони (8 доллар атрофида). Хотинимники бундан ҳам кам. Нима учун пенсиямизни оширмайди, билмайман. Мажбур ишлаяпман. Қўшнимизнинг шахсий жувозхонаси бор. Ўша ерда қоровуллик килаяпман. Мен ўзим ногиронман, хотинимнинг ҳам саломатлиги ёмон,- дейди пенсионер Мунир Шоқосимов.

Александр Корякин фарзандлари хабар олмайдиган қариялардан бири. У 12 ешида ота-онаси билан Тожикистонга сургун қилинган. Қарийиб эллик йил меҳнат килди, лекин олаётган нафақаси жуда оз.

- Ота-онамни 1947 йили Новосибирскдан Ленинобод, ҳозирги Сўғд вилоятига қатағон қилишган эди. Мен шу ерда ўрта мактабда, олий ўқув юртида ўқидим. Саксондан ошдим. Олаётган нафақам 70 сомонга (15 АҚШ доллар) ҳаёт кечириш жуда қийин бўляпти. Шунинг учун ҳозир ким иш берса, хурсанд бўлиб, бориб ишлайман,- дейди Александр Корякин.

Вилоят ҳокимияти аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш бошқармаси раҳбари Нуринисо Комилова вилоят аҳолисининг ҳар ўн нафаридан бири пенсионердир ва улардан ўн икки мингга яқини халқ хўжалигининг турли соҳаларида меҳнат қилишмоқда, дейди.

Хўжанддаги "Прогрессив тараққиёт маркази" жамоатчилик ташкилоти ўтказган тадқиқотга кўра, қаровсиз қолаётган қариялар сони йил сайин ортмоқда. Шу билан бирга, давлат томонидан белгиланган пенсия қарияларга ўз вақтида берилмаяпти. "Нафақа пулидан ўн миллион сомонийдан ортиқ қарз бор”, дейилади тадқиқотда.

Тожикистонда олдин пенсияга чиқиш ёши аёллар учун 55дан, эркаклар учун 60дан эди. Мустақиллик йилларида қабул қилинган қонун бўйича Тожикистонда аёллар 58 ёшда, эркаклар эса 63 ёшда нафақага чикиши белгиланди. Бироқ уларнинг бир қисми пенсия ёшигача етиб бормайди, бошқа қисми эса нафақа ёшига етиб, фаровон турмуш кечира олмайди, кексалик гаштини суролмайди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG